Тошкентда шу йилнинг 22-27 октябрь кунлари "Турли маданият – ягона дунё” мавзуидаги VII Тошкент халқаро замонавий санъат биенналеси бўлиб ўтади.
Ўзбекистон Бадиий академияси, "Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” жамғармаси ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилувчи еттинчи халқаро замонавий санъат биенналесидан кўзланган асосий мақсад мамлакатимиз тасвирий санъати соҳасида эришилган ютуқларни кенг жамоатчиликка намойиш этиш, ёшларнинг бадиий дидини юксалтириш, мамлакатимиз ҳамда хорижлик мусаввирларнинг ўзаро мулоқоти учун имкон яратишдан иборатдир.
"Art Week.Style.Uz – 2013” санъат ҳафталиги доирасида бўлиб ўтадиган халқаро биеннале доирасида ранг-баранг кўргазмалар, маҳорат сабоқлари, ижодий учрашувлар, илмий-амалий конференциялар ўтказилади. Тадбир иштирокчилари Тошкент ҳамда Самарқанд шаҳридаги меъморий обидалар билан танишиш имконига эга бўладилар.
Ҳозирдан биенналеда иштирок этиш учун Буюк Британия, Бельгия, Германия, Норвегия, Польша, Греция, Жанубий Корея, Япония, Хитой, Озарбайжон каби давлатларнинг мусаввирларидан мурожаатлар туша бошлади. Биеннале доирасидаги кўргазмалар Ўзбекистон Бадиий акдемияси Марказий кўргазмалар зали, Тошкент Фотосуратлар уйи, Халқаро маданият карвон саройи, Ёшлар ижод саройи, Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси, Камолиддин Беҳзод номидаги мемориал боғ-музейи, Ўзбекистон Давлат санъат музейи каби маданият масканларида ўтказилиши кўзда тутилган.
|