TLZ ишлаб чиқариш ҳажмини 10 минг тоннага етказмоқчи
"Toshkent lok-bo'yoq zavodi” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси 2012 йилда 9,2 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарди. Жорий йилда бу борадаги кўрсаткични 10 минг тоннага етказиш режалаштирилган. Корхона маҳсулотлари экспорт ҳам қилинмоқда.
– Маҳсулотларимиз бино фасадлари, интерьерлари, ғишт, ёғоч, металл, бетон, девор, пол ва томларни бўяш учун ишлатилади, – дейди "Toshkent lok-bo'yoq zavodi” қўшма корхонаси бош директорининг ўринбосари Надежда Попова ЎзА мухбирига. – Маҳсулотларнинг сифати халқаро стандартларга ҳам, Ўзбекистон иқлим шароитига ҳам тўлиқ мос келади. Асосий мақсадимиз мамлакатимизда яратилган қулай имкониятлардан унумли фойдаланиб, ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш ва маҳсулот турини кўпайтиришдир.
Маҳаллий хомашё асосида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифат кўрсаткичлари махсус лабораторияда жаҳон стандартлари бўйича текшириб борилади.
"Toshkent lok-bo'yoq zavodi”да беш юздан зиёд малакали мутахассис меҳнат қилади. Улар учун барча зарур меҳнат ва дам олиш шароити яратилган.