2016 йилда илк сафарни амалга оширадиган "Титаник II"нинг чизмалари намойиш этилди.
Хабарларга қараганда, австралиялик миллиардер Клайв Палмер "Титаник II" янги суперлайнерида сафарга отланиш истагини билдирган биринчи талабгор йўловчи маълум эканлигини айтган. Афсонавий кеманинг "эгизаг”ида сафар қилишни ният қилган, лекин исми ошкор қилинмаган сайёҳ бунинг учун бир миллион АҚШ долларидан воз кечишга тайёр.
Маълумотларга қараганда, Буюк Британия-АҚШ йўналиши бўйлаб ҳаракатланадиган "Титаник II"нинг узунлиги 270 метр, вазни эса 40 минг тоннага тенг. Ундаги тўққизта палуба 850 та каютага эга бўлади. "Титаник II" ўз бағрига 2,6 минг йўловчини ва 900 нафар экипаж аъзосини сиғдиради. Кемада 18 та қутқарув қайиқлари бўлиб, улар кема бортида жойлашган барча йўловчиларга етади. Бир сўз билан айтганда, қурилажак мазкур янги ва баҳайбат кемада йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида барча зарур шароитлар яратилади.
Палмернинг айтишича, янги кеманинг ташқи кўриниши 100 йил муқаддам чўкиб кетган афсонавий лайнерга икки томчидек ўхшайди. Шунга қарамай, "Титаник II" "Титаник"нинг айнан нусхаси эмас. "Титаникларнинг дизайни бир-бирига ўхшаса ҳам, аммо янги кема замонавий қулайликлар билан мужассамлаштирилган бўлади”, - деди у.
Маълум бўлишича, сафарнинг ўзига хослигини таъминлаш мақсадида "Титаник II"нинг барча йўловчиларини XX аср бошларидаги кийимлар билан кийинтириш режалаштирилмоқда.
Янги "Титаник II"да ҳам биринчи, иккинчи ва учинчи даражали каюталар мавжуд бўлиб, уларнинг йўловчилари бир-бирлари билан сухбатлаша олмайдилар.
Ушбу лойиҳага кетадиган сарф-ҳаражат қиймати ошкор қилинмаган. Кема лойиҳасини ишлаб чиққан мутахассис мазкур кема дунёдаги энг бехатар лайнер бўлишига ваъда бермоқда.
Manba: Darakchi.uz