Статистика |
Hozirda saytda: 14 Mexmonlar: 14 Foydalanuvchilar: 0 |
|
Главная » 2013 » Aprel » 7 » «The keeper» - ўзбек режиссёрининг Голливуддаги биринчи филми
13:44 «The keeper» - ўзбек режиссёрининг Голливуддаги биринчи филми |
Бугунги суҳбатдошимиз Отабек Жўраев, режиссёр, оператор. Нью-Йорк фильм академияси битирувчиси. «OTASH-UZ» студияси раҳбари. Отабек суратга олган рекламалар Американинг NBC ва Чехиянинг бир неча ТВ каналлари орқали кўрсатилган. Россиялик режиссёр Константин Фамнинг «Туфельки» деб номланган фильмига кинооператорлик қилган ва бу фильм Франциянинг Канн фестивалида иштирок этган. Орзуси ўзбек киноиндустриясини оламга танитиш бўлган Отабек билан суҳбатимизни эътиборингизга ҳавола этамиз. —Ёшлигимдан режиссёр бўлишни хоҳлаганман десангиз, ишонмаган бўлардим.. — (кулиб) Йўқ-йўқ, у вақтлар режиссёр бўлишни мақсад қилмаган эдим. Мактабни тугатаётган йилларим компьютер графикасига жудаям қизиқиб қолганман. Нималардир яратишга қизиқардим. Шу сабаб ўша пайтда вэб-дизайнер бўлишни хоҳлагандим.
— Ундай бўлса, режиссёрликка қачон иштиёқ туғилган? — Ота-онамнинг айтишига қараганда, кичкиналигимда кўча-куйда ҳамма ўртоқларимни йиғиб, ҳар бирига нима қилишини айтиб, ўзим қўлимда камерани тасаввур қилиб, уларни суратга олар эканман. Мактаб залида синфдошларимни йиғиб, ҳар хил қўшиқларга кичкина клиплар саҳналаштирардик. Камерада суратга олиш асосий хоббим эди. Вақт ўтиб уни қўлга олиш ва у билан ўз ҳаётимни боғлашга тўғри келди.
— Нью-Йорк Фильм Академияси билан ҳамкорликда суратга олинган қисқа метражли фильм ҳақида гапириб беринг. — Россиялик режиссёр Константин Фамнинг «Туфельки» фильмини суратга олаётганимда у билан дўстлашиб қолдик. Костя менга, Нью-Йорк Фильм Академиясини битирганини айтди ва менга ҳам ўқишни давом эттиришни тавсия қилди. 2012 йилнинг охирида Нью-Йоркка кетдим. Бу йўналишда таҳсил олаётган талаба, ўқиши якунида ўзининг қисқа метражли фильмини суратга олиши керак. Мен ҳам шундай қилдим. Кино устида ишлашни бошлаб то уни катта экранда кўрсатгунча бўлган жараёнда кўп қийналдим. Суратга олиш жараёнида 30 га яқин америкалик кино ижодкорлар яқиндан кўмак беришди. «The keeper» яъни «Ҳимоячи» номли қисқа метражли фильмимиз Голливуд услубида бўлгани билан, мен унга бироз ўзбек колоритини қўшдим. Бунда эса менга Jakhongir.uz ёрдам берди. Бежиз фильм саундтреки чилдирма садолари билан бошланмайди. Бу билан фильмга Ўзбекистоннинг бир парчасини қўшдик гўё. Биз кўчада қурол, полиция формаси, машиналардан фойдаланишимиз учун Нью-Йорк мэриясидан рухсат олдик. Бизни ҳақиқий полиция ходимлари қўриқлашди. Бош қаҳрамон учун болакайни танладим. Воқеа болакай ва уни қўриқлаб юрувчи фаришта ўртасидаги мулоқотга асосланган. Фильм Академиянинг режиссёр ва сценарист профессорлари томонидан жуда яхши баҳоланди ва энг яхши диплом иши деб тан олинди.
— Бўш вақтингиз бўладими? Уни нималарга сарфлайсиз? — Саёҳат қилишни жуда яхши кўраман. Турли халқларнинг урф-одатларини, яшаш тарзини ўрганишни, таққослашни ёқтираман. Шунингдек, китоб ўқишга, ўзимнинг устимда кўпроқ ишлашга, кино янгиликларидан ва технологияларидан бохабар бўлиб туришга ҳаракат қиламан.
— Ижодкор учун оилавий муносабатлар ва соҳа ютуқларини бирлаштириш катта санъат. Шахсий ҳаётингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз. Оилангиз сиздан узоқда, ютуқларни қандай баҳам кўрасиз? — Оилада энг кенжасиман. Ота-онам, опам ва акам ҳар доим мени қўллаб-қувватлаб туришади. Фильмларимни эрталабдан кечгача қайта-қайтадан кўраверади. Оилам мендан узоқда бўлса-да, уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат киламан. Ўзим ҳали уйланмаганман. Соҳамни тушунадиган ва янгиликларга очиқ чеҳра билан қабул қиладиган кизни учратишимга ишонаман.
— Режалар доимо бизни янги мақсадлар сари ундайди... — Режаларим бисёр. Дунё бўйича турли хил кино фестивалларида қатнашиш, энг каттаси — ўзбек киносини жаҳон миқёсига олиб чиқиш. Ҳозирда Ўзбекистонда ёш режиссёрларга жуда катта эътибор берилмоқда. Уни янада ривожлантириш биз ёшларнинг қўлида. Американинг IMDB кино базасига кириб кўрсангиз, суратга олган қисқа метражли фильмим бошқа давлатлар ичида биринчи бўлиб турибди. Келажакда ўзбек киноиндустрияси катта чўққиларга эришишига ишонаман.
The Keeper (2013) | short film from Otabek Djuraev on Vimeo.
Америкалик режиссёр Стивен Спилберг айтганидек: «Ҳар бир янги фильм бу — янги тажриба, янги одамлар, қийинчиликлар, техник муаммолар дегани. Асосийси, ҳеч қачон зерикмайсан ва ҳар доим янги билимларни қўлга киритасан». Отабек ҳали ёш бўлса-да, олдига қўйган мақсадлари улкан. Кино ҳеч кимни кутиб турмайди. Отабекнинг эса куттириб қўйгиси йўқ.
Камола ИКРОМОВА суҳбатлашди darakchi.uz
|
Категория: Shou biznes olami |
Просмотров: 687 |
| Рейтинг: 5.0/4 |
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
|
|
|