Телебошловчи Ойбек Рихсибеков туркиялик хонанда Мустафо Сандал иштирокидаги хайрия концертидаги хатолари учун томошабинлардан узр сўради. Бу ҳақда телебошловчи Kun интернет-нашрига берган интервьюсида берган маълум қилди.
«Йўл қўйилган бу хатолик учун томошабинлардан минг бор узр сўрайман. Мен бир тарихий романда, тарихий бир шахс номидан шу сўз ишлатилганини ўқиган эдим, унинг ҳозирги вақтда бундай салбий маънода ишлатилишидан, тўғриси, бехабар эдим. Агар ҳақиқатан ҳам унинг шундай маъноларда келишини билганимда, бу сўзни ишлатиш тугул, хаёлимга ҳам келтирмаган бўлардим. Бу менинг хатоим бўлди. Бунинг учун узр сўрайман», – деди Рихсибеков.
Рихсибековнинг қўшимча қилишича, «Туркия шаҳри» деган хато жумлани ишлатиб қўйганини ўзи билган ва концерт дастури давомида бу хатоси учун томошабинлардан узр сўраб, уни тўғрилаб, «Туркия давлати», «Туркиянинг» деган сўзларни ишлатган.
Ойбек Рихсибековнинг сўзларига кўра, у ҳам, бошқа кўплаб теле- ва радиобошловчилар сингари ўз чиқишлари ва дастурларида мумтоз адабиётда фойдаланилган кўплаб сўзлар ва иборалардан фойдаланишга ҳаракат қилишади, баъзи ҳолларда эса салбий бўёқдорликка эга бўлган бир қатор замонавий сўзларнинг тарихий муқобилларини ҳам тавсия қилишади. «Масалан, тўйларда бошловчилик қилувчиларни «ўртакаш» дейишади. Лекин адабиётда унинг «воиз», «канвойи» деган муқобиллари бор», – дея қўшимча қилди Рихсибеков.
4 май куни Тошкентдаги «Туркистон» санъат саройи ёзги майдонида, Туркия Бош вазир девони ҳузуридаги Танитиш Фонди, Туркия Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда «Фонд Форум» ҳамкорлигида, турк эстрада хонандаси Мустафо Сандалнинг концерт дастури бўлиб ўтган. Концертда телебошловчи Ойбек Рихсибеков бошловчилик қилган.
29 ёшли Ойбек Рихсибеков, Bazm.Uz сайти маълумотларига кўра, актёр (у бир неча сериаллар ва, KinoPoisk.Ru маълумоти бўйича, «Зумрад ва Қиммат» фильмида суратга тушган) ва бошловчи бўлиб, ҳозирги вақтда TVM телеканалидаги бир қатор дастурларда, жумладан, «Dog’da qoldirdim» кўнгилочар кўрсатувида бошловчилик қилади. 2012 йилги MTV&A тақдимотида Ойбек Рихсибеков йилнинг энг яхши телебошловчиси дея эълон қилинган эди.