Главная » 2013»May»29 » Ташландиқ чақалоқ канализация қувуридан қутқариб олинди (фото ва видео)
13:52
Ташландиқ чақалоқ канализация қувуридан қутқариб олинди (фото ва видео)
Шарқий Хитойда ўт ўчирувчилар чиқинди қувуридан янги туғилган чақалоқни топиб олдилар. Ўғилбола чақалоқ туалет остидаги трубага тиқилиб қолганди, деб хабар беради давлат телевидениеси.
Чақалоқ ўтган шанба куни кундузи Чжэцзян провинциясининг Цзиньхуа шаҳридаги турар жой биносининг қувуридан топилган. Давлат тедевидениесининг хабар беришича, одамлар чақалоқ йиғисини эшитиб қолишган ва қутқарув хизматини чақиришган.
Трубанинг диаметри 4 дюйм келади, деб ёзади China Daily нашри. Ўт ўчирувчилар трубани кесиб олиб, яқин орадаги касалхонага олиб бордилар. Шифокорлар эса унинг ичидаги чақалоққа зарар етказмаслик учун, уни эхтиёткорлик билан очиб чиқдилар.
Унинг қўллари икки ёнига ёпишиб турганди, трубадан озод бўлгач, чақалоқ ниҳоят эркин нафас олди, чинқириб йиғлади. Бу вақтда шифокорларнинг ҳурсандчилигини тасвирлаш қийин эди. Чақалоқнинг кўзлари, юзи ва бадани труба чиқиндиларидан ифлосланганди.
ТВнинг хабар беришича, чақалоқнинг аҳволи яхши, полиция унинг ота-онасини қидирмоқда. Ассошиэйтед Пресснинг ёзишича, чақалоққа ҳозирча 59 рақами билан номланган. Бу ташландиқ бола сақланаётган инкубаторнинг рақами.
Ушбу воқеадан хабар топгач, кўплаб хитойликлар қўлларида таглик, болалар кийими, сут кўтариб касалхонага келдилар ва чақалоққа ёрдам кўрсатдилар.