Главная » 2013 » Avgust » 4 » Таниқли актёрлар Фарҳод ва Ширин клипини рад этишган
01:25
Таниқли актёрлар Фарҳод ва Ширин клипини рад этишган
Сўнгги пайтларда кетма-кет янги қўшиқ ва клиплари билан томошабинларга манзур бўлаётган Фарҳод ва Ширин дуэти қизғин ижод палласида...
Айни кунларда улар "Ота уйнинг остонаси” номли навбатдаги янги қўшиқни тайёрлашди. Бобур Бобомурод сўзи, Бахтиёр Собиров мусиқаси билан куйланган қўшиққа "9999” студияси сюжет йўналишида клип суратга олди. Қизиғи, қўшиқ тўлиқ ёзиб бўлинмасдан, унинг хомаки вариантига клип суратга олинган. Гап шундаки, мазкур тарона ёзиладиган кунда Фарҳоднинг томоғи оғриб, режалар ўзгариб кетган. Вақтни бекор ўтказишни истамаган ижодкорлар эса қўшиққа клип суратга олишни бошлаб юборишибди.
Дуэтдошларнинг продюсери Бобур Бобомуроднинг айтишича, клипга яхшигина маблағ сарфланган. Клипнинг оммавий саҳналарида 50 дан зиёд актёр иштирок этган бўлиб, бош роль ижрочилари билан баъзи муаммолар ҳам юзага келган.
Бобур Бобомурод, шоир, гуруҳ продюсери: — Аксарият одамлар ёшларнинг ижодига танқидий кўз билан қарашга одатланиб қолишган. Ёшларни қўллаб-қувватлашни исташмайди. Фарҳод ва Шириннинг янги клипида роль ўйнаш учун таниқли актёрларга мурожаат этдик. Ота-она ва узатиладиган қиз ролини ижро этиб беришни илтимос қилганимизда улардан рад жавобини олдик. Агар таклифимиз шунчаки, илтимос бўлганда ҳам алам қилмасди. Гонорар беришни ҳам режалаштиргандик. Аммо бу хонандаларнинг клипида суратга тушиш биз таклиф қилган санъаткорлар рейтингига тўғри келмасмиш. Очиғи, бундай муносабатдан ранжидик.
"Ота уйнинг остонаси” клипида суратга тушишга рози бўлмаган таниқли кишиларнинг исмини ошкор этишни истамаган Бобур Бобомурод профессионал бўлмаган актёрлар берилган ролларни улардан кўра маҳоратлироқ қилиб ижро этишганини алоҳида таъкидлади. Дарвоқе, ушбу клипда ота ролини Бобураканинг ўзи ижро этди.