Главная » 2013 » Aprel » 26 » Суд Берлусконини собиқ хотинига ойига 3 миллион евро тўлашга мажбурламоқда
17:51
Суд Берлусконини собиқ хотинига ойига 3 миллион евро тўлашга мажбурламоқда
Милан апелляция суди Италиянинг собиқ Бош вазири Сильвио Берлускони томонидан унинг собиқ хотини Вероника Лариога алимент тўловлари тўлашни иккинчи босқич суд қарорига қадар тўхтатишга рухсат олиш мақсадида берилган расмий талабни инкор этди. РИА Новости агентлигининг хабар беришича, апелляция суди Берлускони суднинг биринчи босқичи унинг собиқ иккинчи хотини билан ажрашиш жараёни якуни бўйича чиқарган қарорни бажариши зарурлигини қайд этган. Қарорга кўра, собиқ Бош вазир Вероника Лариога ҳар ой уч миллион евро тўлашга мажбур. Судья медиамагнатни алимент тўлашдан фақат 2010 йилнинг майидан сентябрь ойига қадар – Ларио Сильвиога тегишли Макериодаги виллада яшаётган даврда озод қилган. Эслатиб ўтамиз, Милан суди Берлусконини 2012 йилнинг декабрь ойидан бошлаб Лариога ойига 3 миллион евродан алимент тўлови тўлашга мажбур қилиб келмоқда. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Берлускони собиқ иккинчи хотини Ларио билан 1980 йилда танишган ва ўн йилдан сўнг улар турмуш қуришган. Собиқ жуфтликнинг уч нафар фарзанди бор. 76 ёшли Берлускони Ларио билан алоқани узгандан сўнг 27 ёшли Франческа Паскале билан ишқий муносабатлар ўрнатган.