"Skype” IP-телефония сервисинингтоп-менежери компания 3D форматидаги видеоқўнғироқлар технологияси устида ишлаётганини тасдиқлади, бироқ улар бозорга чиққунга қадар бир неча йил ўтиши мумкинлиги ҳақида ҳам огоҳлантирди, деб ёзади Би-би-си.
Айтиш жоизки, 3D-видеоқўнғироқлар функцияси устида ишлар олиб борилаётгани ҳақидаги миш-мишлар шу йилнинг апрелидан буён юрганди. "Skype” вице-президенти Майк Жилеттнинг сўзларига кўра, ҳозир компания 3D-қўнғироқлар лойиҳаси доирасида бир нечта камераларни ўрнатиб, аниқ калибровкани ўтказмоқда ва уни объектга муайян бурчаклар остида йўналтиряпти.
Агар "Skype” 3D-видеоқўнғироқлар лойиҳаси устида жиддий ишлаётган бўлса, бу 3D-қурилмалар ишлаб чиқарувчилари ва контент етказиб берувчиларини яна жонлантиради. Айтиш жоизки, охирги пайтларда 3D-қурилмалар бозорида турғунлик кузатилмоқда. Хусусан, яқинда "ESPN” медиакомпанияси 3D-канални қўллаб-қувватлашни тўхтатишини маълум қилди, Би-би-си ҳам ноябрь ойида "Доктор Кто” сериалининг юбилей эпизоди намойиш этилганидан сўнг 3D билан боғлиқ икки йиллик тажрибани тўхтатмоқчи.