Ўтган дам олиш кунлари Тошкентда бўлиб ўтган теннис бўйича «Dream Cup» очиқ турнири доирасида UZTE миллий брендининг тақдимоти ўтказилди.
Ўзбекистондаги UZTE компанияси вакили Камила Турсунованинг айтишича, компания май ойидан бошлаб Сирдарё вилоятида смартфонлар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи.
Смартфонларнинг илк партияси и ўн мингта аппаратдан ташкил топган бўлиб, тўлиқ ишлаб чиқариш йўлга қўйилгач йилига 500 минг дона смартфон бозорга чиқарилади.
UZTE бренди остида чиқариладиган смартфонлар тизими GRAND-Х, GRAND-V ва GRAND-М моделларидан иборат бўлиб, DualCore асосига қурилади, процессорининг частотаси 1 GHz ташкил қилиб, SIM-карта учун иккита сиғимга эга бўлади. Телефонлар HD-video форматини, автоматик чеҳрани аниқлаш, панорамали суратга олиш функциялари ҳамда DolbyPro акустик тизимини қўллаб қувватлайди.
Экспертларнинг баҳолашларича, Ўзбекистонда мобил телефонлар бозорининг ҳажми йиллига 3 миллион янги аппаратни ташкил қилади. Уларнинг асосий қисми ҳориждан келтирилган бўлиб, Nokia, Samsung, LG, HTC, Apple ва Sony компаниялари маҳсулотларини ташкил қилади. Ўтган йили Ўзбекистон бозорига Хитойнинг Huawei компанияси ҳам ўз смартфонлари билан кириб келди.