Главная » 2013»May»12 » Шаҳзода: “Концерт ўз йўлига, фарзандим биринчи ўринда” (концертдан фоторепортаж)
06:34
Шаҳзода: “Концерт ўз йўлига, фарзандим биринчи ўринда” (концертдан фоторепортаж)
Шаҳзоданинг бир ҳафта концерт бериши анъанага айланиб бормоқда. Икки-уч ой олдин реклама қилина бошланган концертга хонанда қаттиқ тайёргарлик кўрди десак адашмаймиз. Мен Шаҳзоданинг ашаддий мухлиси бўлмасам ҳам унинг ижодига бефарқ эмаслигим ва хизмат вазифам туфайли 1-7 май кунлари бўлиб ўтган концертнинг 2 май кунги дастурига отландим.
Соат 18-00. "Истиқлол” санъат саройи атрофида ҳозирча одам кўп бўлмаса-да, сарой ичида концерт ташкилотчилари тиним билишмаяпти. Бир ёқда Шаҳзоданинг қўшиғига бир неча раққослар машқ қилишаётган бўлса, бошқа томонда бир гуруҳ раққосалар пардоз ишлари билан банд. Кечанинг асосий сабабчиси Шаҳзода эса гримхонада соч турмагини тўғрилаш билан машғул. Сарой ходимлари эса саҳнани саранжомлаш билан овора. Хуллас, ҳамма ўзига юклатилган вазифани амалга оширяпти. Концерт бошланишига кам вақт қолган сайин санъат саройи хонанданинг мухлислари билан тўла бошлади. Ҳа, айтганча, хонанда бу йилги концертида бир ўзи куйламайди. Бугун унга вужудидаги жажжи зурриёди ҳамроҳ. Шунинг учун ҳам етти кунлик концертнинг ҳар бир кунида хонанданинг шифокори уни назорат қилиб турди. Ҳар бир рақс ҳаракатлари ҳам айнан шифокор маслаҳатига таянган ҳолда амалга оширилди.
Соат 19-10. Барча ташкилотчилар дуо ўқиб, концертни очиқ деб эълон қилишди ва саҳна пардалари кўтарилди. Концерт "Қўллар тепага” қўшиғи билан бошланди. Парда очилиши билан саҳнадаги тилла ранг жилоси томошабиннинг эътиборини тортди. Монитордаги хонанданинг исми битилган ёзув, раққосаларнинг либослари-ю, хонанда кўйлагидаги қора ва тилла ранглар мутаносиблиги жуда чиройли кўриниш намоён этди.
Концертдан олдинги интервьюсида таъкидлаганидек Шаҳзода турли тилларда қўшиқ куйлади. Уйғур, инглиз ва рус тилларидаги қўшиқлари мухлисларга манзур бўлди.
Концертни томоша қилиш давомида атрофни кузатар эканман, залда асосан 15-30 ёшдаги томошабинлар ўтиришганига аҳамият бердим. Шунда унинг ўтган йилги концерт дастури ёдимга тушди. 2012 йил хонанданинг концертини томоша қилишга 25 ёшдан юқори бўлган, хонандани ёшлигидан тинглаб у билан улғайганлар ташриф буюришган эди. Бир йил давомида хонанданинг тингловчилари анча яшарганига сабаб нима экан?
· Беш бўлимдан иборат салкам икки соатлик концерт давомида хонанда жами 22 та қўшиқ куйлади. Улар ичида хонанданинг янги альбоми "????????”дан 17 та янги қўшиғи ва Россияда тақдим этилган альбомидан 4 та рус тилидаги қўшиғи ўрин олган.
· Маълумот сифатида шуни айтиб ўтиш керакки, бу йил Шаҳзода яккахон фаолият юритаётганига 10 йил бўлди. Шу муносабат билан уни ўзбек ва россиялик ҳамкасблари табриклашди. Фаррух Зокиров, Нилуфар Усмонова, DJ Smash, DR Costi, "А-Studio” гуруҳи, Джиган, Нюша кабилар шулар жумласидан. Таниқли хонандаларнинг табрик сўзларидан сўнг концертнинг энг рақсбоп бўлимига навбат берилди. Тўртинчи бўлимда хонанда фақат шўх қўшиқлар куйлаб, барчани рақсга чорлади.
· "Ўзимга кўпроқ маъюс йўналишда куйлаган қўшиқларим ёқади. Айнан уларни куйлаганимда мен чин маънода мазза қиламан” дейди концерт якунида бизга берган интервьюсида Шаҳзода. Ҳақиқатдан ҳам концерт давомида куйланган барча сокин қўшиқларини у ўзгача жозиба ва завқ билан ижро этди. Аммо шундай бўлса ҳам хонанданинг шўх, рақсбоп қўшиқлари ҳам тингловчиларга манзур бўлди.
· Яна бир гап, хонанданинг волидаси қизининг ижросидаги "Тилайман” номли қўшиқни яхши кўраркан. Шунинг учун ҳам бу қўшиқни Шахзода ўз онасига бағишлаб куйлади.
· Хонанданинг яккахон концертига санъаткорлардан Улуғбек Раҳматуллаев, Манзура, Зиёда ва бошқалар меҳмон бўлишди. Хонанда Шоҳруххон билан янги "Шошма” дуэтини ижро этди.
· Хонанда қўшиқ куйлаш давомида рақс ҳаракатларини бажара олмаётганидан ва бунга унинг айни кундаги ҳолати сабаблигини айтиб томошабинлардан узр сўради. Шаҳзоданинг ўзи такидлаганидек, у кўп саҳна ҳаракатларини бажармаган бўлса ҳам унинг атрофидаги раққосалар томошабинларни зериктиришмади. Айниқса, "Люблю тебя” қўшиғининг янги, бироз сокин йўналишдаги оҳангига саҳналаштирилган йигит ва қиз рақси томошабинлар олқишига сазовор бўлди.
Декорация Тўртта катта монитор, саҳнанинг марказидаги узун зинапоя "Истиқлол” санъат саройини яна ҳам кенг кўринишига сабаб бўлди. Бир қарашда оддий кўринган декорация чироқлар ёруғида ўзгача жозиба касб этди. Саҳнанинг олд қисмига калта зиналар жойлаштирилгани ҳам декорациянинг жозибадорлигини оширди.
Мухлис фикри Ҳожиакбар Холмедов: — Концертни томоша қилиб мазза қилдим. Севимли хонандамнинг бу йилги концерти ҳам аъло даражада, биз мухлислар кутгандек ўтди. Бунинг учун унга ўз миннадорчилигимни билдираман. Айниқса, "Қўллар тепага” қўшиғининг инглиз тилида куйлангани жуда ёқди. Шунингдек уйғур тилида куйлаган қўшиғи ҳам ўзига хос чиққан. Бу Шаҳзоданинг ижодида янгилик бўлди.
Наргиза Ражабова: — Ўтган йили ҳам Шаҳзоданинг концертига келганман. Бу йилги концертда хонанда репертуарига алоҳида эътибор бергани ёқди. Аммо бу концертга танлаган либосларини кўриб бироз ҳайрон бўлдим. Ўтган йили у кўпроқ ёрқин ранглардан фойдаланган бўлса бу йил негадир қора рангларга урғу берган. Назаримда, Шаҳзодага кўпроқ кўзга ташланадиган ёрқин ранглар ярашади. Бундан ташқари, унинг либослари ҳам бир-бирига ўхшаш. Кейинги йилги концертда юқоридаги каби камчиликлар бартараф этилишига ишонаман.
Хулоса ўрнида Концерт давомида хонандани саҳнадаги ва саҳна ортидаги ҳаракатларини кузатиб, унинг сўзларини тинглаб у бугун ўз бахтидан сархуш эканлигини сездим. Унинг бахтиёрлигига шахсий ҳаётидаги кутилаётган кичик мўъжиза сабаб бўлса керак. Концерт, иш ва бошқа ташвишлар ҳозир у учун кейинги ўриндалиги билиниб турибди. Шаҳзода учун фарзанди биринчи ўринда. Назаримда шундай бўлиши ҳам керак, аёл киши учун она бўлишдан ортиқ бахт борми?