Ёр юзини бир кўрмоққа зор Фарёд қилиб ўтди устозлар. Замон ўзга энди, ўзга ёр, На парда бор, на ишва-нозлар. Мумтоз шоир қайтса тирилиб, Ўзга байтлар айтиб кетарди. Қўлни юзга пардалар қилиб, Замонига қайтиб кетарди. Эркин Воҳидов. Яқинда дугонам билан ишдан чиқиб, хиёбондан юриб борарканмиз, майсалар устида бир-бирига бемалол суяниб ўтириб олган йигит-қизни кўриб, энсамиз қотди. Кўринишидан шаҳарлик эмас, афтидан, ўқишга келган бўлса керак. Қилиқларини хушламаганимизни сезишдими, билмадим, бизни кўриб, дарровгина туриб кетишди. Мен бўлсам, яна шу мавзу — бугунги ёшларнинг "севги” дея аталган енгил-елпи муносабатлари ҳақида ўйланиб қолдим. Аслида, муҳаббат, севги енгил-елпи қарайдиган, бемалол эрмак қилса бўладиган туйғу эмас. Унинг кучи, қудрати ҳақида узоқ гапириш мумкин. Лекин мақсад муҳаббатнинг таърифини келтириш эмас, балки, ҳозирги ёшларнинг бу туйғунинг қадрини ерга уриб, эрмак қилаётгани, қанча-қанча буюк шоирлар улуғлаб, дурдона асарларига мавзу қилиб олган севги бугун севги бўлмай қолгани ҳақида бир мулоҳаза юритишдир. Юқорида тилга олинган ҳолат, йигит-қизларнинг кўча-кўйда ҳеч тортинмай, қўлтиқлашиб, қучоқлашиб юриши, ачомлашиб суратга тушиши, хиёбону боғларни учрашув (ҳиссиётларни намойиш қилиш!) жойига айлантиргани ҳеч биримиз учун янгилик эмас. Биз уларни кўрмай, тўғрироғи, эътибор бермай, ёки нари борса, "Ўл-а суйкалишмай!” деб ўтишни ҳам ўрганиб олдик. Яъни бундай ҳолатлар одатий, кўникиш мумкин бўлган бир жараёнга айланиб қоляпти. Аммо чуқурроқ ўйлаб қараганда, бунга асло кўникиб бўлмаслигига иқрор бўламиз. Масалан, хиёбонда йигит билан қучоқлашиб ўтирган қиз ўрнида ўз қизингиз ёки синглингизни тасаввур қилиб кўринг. Бунга қанчалик кўника оласиз? Бу ҳолатни табиий деб қабул қиласизми? Ёки ўша қиз ўрнида қўшни қиз, бирорта танишингиз бўлса ҳам, "Ўл-а суйкалишмай!” деб ўтиб кета оласизми? Йўқ, албатта. Атрофимизни тўлдириб юрган шундай йигит-қизларнинг тасаввурида севги деган туйғу нима ўзи? Улар бу туйғуни китобларда ўқиб (агар ўқиган бўлса!), фильмлару сериалларда кўриб, ўзлари учун бир қолип ясаб олишганмикин? Йигит ва қизни боғлаб турган ҳар қандай ҳиссиётни муҳаббат деб аташ мумкин деб ўйлашармикин? Аслида, бугун бир-бирига севги изҳор қилиб, "сенсиз ўламан”, "у бўламан, бу бўламан” деб юрганларнинг қанча-қанчасининг юракларини муҳаббат тугул, ҳеч қандай туйғу, ҳеч қандай ҳиссиёт боғлаб тургани йўқ. Бугун бир инсонга нисбатан туғилган севги эртага сўниб, бошқага нисбатан туғилиши ҳам оддий ҳолга айланиб қоляпти. Биттаси тўғри келмагач, "Э, қуриб кет, сен бўлмасанг, бошқаси! Дунёда йигит (ёки қиз) қуриб қоптими?!” дея бошқасини топиб олиш ҳам бугунги ошиқ-маъшуқлар учун чўт эмас. Ришталарнинг боғланиши ёки узилиши шу қадар осонки, кўнгил қурғурнинг беқарорлигидан беихтиёр ҳайратга тушасиз. Замонавий ошиқ-маъшуқларнинг бир-бирига муомаласи, муносабати янада кўпроқ таажжубга солади. Уларнинг муомаласида на тортиниш, на ўзаро ҳурмат сезилади. Баъзан бир-бирларига шундай хунук ва қўпол сўзлар билан мурожаат қилишадики, уларнинг кўнглида севги тугул, ҳурмат ҳам, ҳавас ҳам йўқлигига иқрор бўласиз. Энг ёмони, улар бундай муносабатни ҳеч ранжимай, одатий ҳолдек қабул қилишади ва ўз қадрларини ер билан битта қилаётганлари тўғрисида мулоҳаза ҳам юритиб кўришмайди. Бир гал ана шундай ошиқ-маъшуқларнинг суҳбати қулоғимга чалинди. Йигит қизга "қовун” деб мурожаат қиляпти, қиз эса пинагини ҳам бузмайди, ҳиринглайди. Демак, у бундай мурожаатларга, полиз экинига тенг, балки, ундан-да пастроқ кўришларига аллақачон кўникиб кетган. Қиз ўз қадрини билганидами, йигитнинг нафақат мурожаати, балки, муносабати ҳам полиз экинига нисбатан қандай бўлса, худди шундай бўлишини, севган одам ҳеч қачон бундай пастга урмаслигини бир ўйлаб кўрган бўларди. Ёки чиройли мурожаат сўзлари архаизмга айланиб, замонавий ошиқ-маъшуқларнинг луғатида шундай лақаблар пайдо бўлганми? На қарашларда ҳаё бор, на сўзлашларда. Айниқса, қизларнинг юзида парда қолмаётганини кўриб, беихтиёр одамнинг ўзи уялиб кетади. Қизиғи, замонавий ошиқ-маъшуқларнинг кўнглида теран ҳиссиётлар бўлмаса-да, севги изҳорларини қойил қилишади. Уларнинг бир-бирига ёзаётган SMSлари, хатларини ўқиб, бу гапларни сўзга уста биронта шоир ёзган бўлса керак деган хаёлга борасиз. Сиз ҳиссиётсиз деб атаётган ёшларнинг туйғулари шу қадар кучли эканлигидан беихтиёр хижолат ҳам тортасиз. Лекин улар бундай чиройли гапларни, гўзал шеърий сатрларни интернет сайтларидан ва уяли телефонларга хизмат кўрсатувчи турли порталлардан кўчириб олишаётганини билгач, тилингизни тишлайсиз... Аслида, мавжуд бўлмаган ҳиссиётнинг изҳори бировнинг тилидан айтилаётганидан ажабланмаса ҳам бўлади. фақат бир нарсадан — биз ардоқлаган, кўнгилнинг энг тубида сақлашни муносиб билган, Кумуш ва Отабекни боғлаган, шарқона ҳаё ва ибога йўғрилган муҳаббат туйғуси бугунги йигит-қизлар наздида шу қадар пастлашиб, хорланаётганидан хафа бўлиб кетади одам. Ўзбегимнинг йигит-қизларига бундай хатти-ҳаракатлар, туйғуларни калака қилишлар сира-сира ярашмайди, назаримда. Аммо инсонга севишни ўргатиб бўлмаганидек, қандай севишни ҳам ўргатиб бўлмайди. Фақат бир истиҳола мавжуд: ҳамма нарса, инсоннинг дунёқараши, олий туйғулар, қадриятлар, жумладан, муҳаббат ҳақидаги тасаввур-тушунчаси энг аввало тарбияга, жамиятга, яқинларига боғлиқ. Менимча, шарқона муҳаббатни, туйғуларга ҳурматни кўриш истагида эканмиз, бу борада ҳам тарбияга суянишимиз кераклигини унутмасак, яхши бўларди. Эҳтимол, шунда ўзбек йигитлари орасида қуйида Музаффарнинг шеърида айтилганидек ўзбек қизлари шаънига севишни корейс қизларидан ўрганиши кераклиги ҳақида таънаю маломатлар ёмғири ёғилмас: Доғ тушди муҳаббат деган бўстонга, Йўқдир Ширинларнинг ҳатто излари. Бирровгина келиб бизнинг томонга, Севишни ўргатинг, корейс қизлари! Гўзалликда ўзбек қизлари гўзал, Нозланишда бири биридан ўзар, Лекин севолмайди — ҳаммаси ўжар, Севишни ўргатинг, корейс кизлари. Бўёқдан кўзи-ю қошлари фаранг, Ўн саккизга чиқмай тортилган таранг. Ўзи-ку, Кумушмас, сочи кумуш ранг — Севишни ўргатинг, корейс кизлари. Оврупача занжир тушмас билакдан, Сузилиб, қош қокар ортиқ керакдан. Уларга ўзингиз каби юракдан — Севишни ўргатинг, корейс қизлари. Чин бахтни тиллою бойликда билар, Севаман деб айтсанг, устингдан кулар, Сиздек чин севгига етмаган улар, Севишни ўргатинг, корейс қизлари. Чеҳрангиз ҳаёдан гул очмиш наргиз, Шарқона солланиб юришларингиз, Бунча ширин кулиб туришларингиз- Севишни ўргатинг, корейс қизлари. Тошкандан Сеулга бир йўл очаман, Келинг, пойингизга гуллар сочаман. Йўқса, бирингизни олиб қочаман. Севишни ўргатинг, корейс қизлари!. Суйишни ўргатинг, корейс қизлари... Алишер Иргашев, менеджер: — Замон ва макон ўзгармайди, лекин тарбия ва дунёқараш тез ўзгаради. Ҳозирги вақтда муҳаббатга бўлган талаб даражаси аввалги вақтларга нисбатан юқорироқ. Негаки, аввалги тақиқлар, эркак ва аёллар ўртасидаги муносабатлар йигит ва қизларга кўп талаб қўйишни тақозо этмасди. Ҳозирги ёшлар эса нафақат йигит ва қизнинг жамиятдаги ўрни (!), балки унинг ташқи кўриниши, касби, юриш-туриши, кийиниши, қолаверса, унинг жисмоний томонларига ҳам талаб қўйишади. Илгари одамлар бирор қизнинг таърифини эшитиб ёки ўзлари гувоҳ бўлиб, муҳаббат туйғусини ҳис қилганлар. Ҳозирда эса "кўр” муҳаббатни учратиш қийин, кўпроқ аниқ ҳисобларга ва талабларга кўра муҳаббатга интиладилар. Шу сабабли ҳам айни вақтда Фарҳод ва Ширинларни топиш қийин. Уларнинг муҳаббати соф ва пок бўлган. Айни вақтларда эса кўпинча боғланиб қолиш, ўрганиб қолиш, бир-бирини тушуна олиш эвазига муҳаббат тушунчаси шаклланиб бормоқда. Мен соф муҳаббат деганда инсоннинг жавобсиз муҳаббат ҳолатида ҳам севишда давом этишини тушунаман. Ҳозирда эса жавобсиз севги албатта йўқотиш билан чегараланади. Фарҳод Ширинни ойнаи жаҳонда кўриб севиб қолган ва муҳаббати учун интилган. Ҳозиргилар эса севиб қолишдан аввал ўйлаб кўришади Дилдора Исроилова, уй бекаси: — Бугунги кунда муҳаббат бормикан ўзи? Йўқ! Ҳозирги вақтда, йўқ, сўнгги 25 йил ичида муҳаббат деган туйғу йўқ бўлиб кетяпти деб ўйлайман. Нафақат йигит-қизлар, балки, қариндош-уруғлар, дўстлар ўртасидаги меҳр-оқибат ҳам йўқолиб кетяпти. Бу ҳолатни кўриб, гоҳида ДОД деб юборгинг келади. Холида Йўлчиева, ҳамшира: — Болалигимда муҳаббатнинг борлигига ишонардим, аммо энди... Тўғриси, бугун атрофимдагиларга қараб, бу туйғунинг борлигидан шубҳаланиб қолдим. Ахир севги бир-бирига ҳар икки соатда қўнғироқ қилиб, нималар билан машғуллигини суриштиришдан ёки соатлаб гап сотишдан, боғларда айланиб юришдан иборат эмас. Қолаверса, бугун биттасини севган йигит-қизларнинг эртага бошқасини ўзига "ёр” қилиб олиши ҳам янгилик бўлмай қолди. Шундайларни кўриб, севгининг мавжудлигига ишонмай қўясан... Комила НОСИРОВА
|