Статистика |
Hozirda saytda: 35 Mexmonlar: 35 Foydalanuvchilar: 0 |
|
Главная » 2013 » Fevral » 14 » Seni bugun ko'rmasam bo'lmas!
16:21 Seni bugun ko'rmasam bo'lmas! |
Беҳзод не кўз билан кўрсинки, бу ўша – уни шу кўйларга солган Санам эди. Ахир у шу Санамни деб ўзи билиб-билмай қўлини қонга ботириб, гулдай йигитлигини қамоқхона панжараларига алмаштирганди... Шу воқеага ҳам ўн йил бўлди. Беҳзод шуларни эсларкан, юраги уришдан тўхтаб қолай деди. Боиси, агар ўша қора кунда Санамни учратиб қолмаганда, балки муштипар онажониси ҳам ҳозир тирик бўлармиди?.. Кўз ёшлари билан ювилган соф, гўзал ва абадий муҳаббати аро йўлда қолмаган бўлармиди?..
Ўшанда баҳорнинг сўнгги кунлари эди. Битирувчилар анжуманидан бир олам таассуротлар билан қайтаётган Беҳзоднинг қувончи оламга сиғмасди. Ахир севган қизи Шаҳло билан бирга ҳуқуқшунос бўлишга аҳд қилишди. Ўқишни битириб, турмуш қурмоқчи бўлишди. Шаҳлонинг ота-онаси уларнинг ўртасидаги муносабатга монелик қилишмасди. Шаҳло ўрта мактабнинг 11-синфини Америкада тугатганлиги учун танловда ғолиб чиқиб, АҚШнинг энг нуфузли университети талабаси бўлиш ҳуқуқини қўлга киритганди. Бир ҳафтадан сўнг Шаҳло Америкадан қайтиши керак. Беҳзод учун масрур онлар бошланишига саноқли кунлар қолганди. Бироқ кутилмаганда ҳамма нарса остин-устун бўлиб кетди.
Беҳзод Санамни учратган ўша битирувчилар кунига лаънатлар ўқийди. Дастлаб Санам шунчаки Беҳзод келаётган йўлакдан келаётиб қоқилиб йиқилиб тушди. Йигит югуриб бориб, қизни қўлидан тутиб ўрнидан турғазди ва яқин орадаги ўриндиққа ўтқазди. Сўнг қизнинг очилиб кетган сумкасига ҳар томонда сочилиб ётган нарсаларини солиб, қизнинг ёнига келди.
– Қаттиқ йиқилмадингизми? – деди Беҳзод нима дейишни билмай.
– Сиз ҳам йиқилганингизда билардингиз. Вой-вой, им... оёғим... – деди қиз инграб.
Беҳзод шошиб қолди. У нима қилишини, нима дейишини билмасди.
– Ҳой...
– Исмим Санам. Сизники-чи? Вой... жоним-ей... Им...
– Исмим Беҳзод.
Йигит шундай дедию қизга юзланди.
– Доктор чақирайми?
– Йўқ, ойим ўзи шифокор. Агар малол келмаса, такси чақириб, кузатиб қўйсангиз. Им...
Беҳзод тараддудланиб туриб қолди. Чунки тезроқ уйга бориши керак. Онаси "Овқат қилиб тураман. Тезроқ келсанг, бувингни кўриб, уйга олиб келамиз”, деганди. Иккинчи томондан вой-войлаб турган манави қизни кузатиб қўймаса бўлмайди. Беҳзод хиёбон ёнидаги катта кўчадан такси ушлаб, Санамни суяб таксига чиқишига кўмаклашди. Қиз яна инграй бошлади. Беҳзод қизнинг ёнига ўтиришга мажбур бўлди. Санам шаҳарнинг энг катта даҳасидаги манзилни айтди. Беҳзод қўлидаги бугун онаси тақиб қўйган соатига қараб-қараб қўярди. Айтилган манзилга етишгач, Беҳзод Санамни машинадан тушишига кўмаклашди. Санам эшик қўнғироғини босишга имо қилди. Ҳашаматли дарвоза очилиб, башанг кийинган, ялангбош, қўш-қўш тилла тақинчоқлар тақиб олган ўрта ёшлардаги аёл кўринди.
– Вой, Санам... Нима бўлди? – деди қизининг шилинган оёқларига ва Беҳзодга ҳайратомуз қараб.
– Ҳеч нима, йиқилиб тушдим. Яхшиям, Беҳзод ака бор экан. Ёрдамлашиб юборди. Вой, оёғим-ей...
Аёл шошиб қолди. У Беҳзоднинг ёрдамида суяб олиб кирган қизини айвондаги диванга ўтқазди. Сўнг Беҳзодга мулозамат кўрсатди.
– Вой, кечирасиз. Санам билан бўлиб, узр. Келинг, ўтиринг.
– Йўқ, шошиб турган эдим, – деди Беҳзод.
– Унда яна келасиз. Бемалол гаплашамиз. Мана, менинг визиткам, – дея Санамнинг онаси катта думалоқ стол четида турган сумкасидан олтин суви югуртирилган ташрифнома олиб тутқазди. Беҳзод Санам ва онаси билан хайрлашиб, уйига шошди. Бироқ кечиккан экан. Онаси "Овқат эзилиб кетмасин, дедим. Мен бувингни кўргани кетдим. Тез қайтаман. Овқат ошхонада” деб хат қолдириб кетган экан.
Орадан уч кун ўтди. Беҳзод севгилиси Шаҳло билан телефонда сўзлашиб, уни интиқлик билан кутаётганлигини айтди. Йигит Шаҳлонинг келишига у севган ўйинчоқни олиб келиш учун бозорга отланаётганди. Кўча муюлишида хорижий русумдаги машина унинг ёнига келиб тўхтади. Сал бўлмаса машина Беҳзодни босиб кетай деди. Машинанинг орқа эшиги очилиб, қўлида уяли телефон ушлаган, қора кўзойнак тақиб олган бир қиз тушди.
– Салом! Сиз шунақа экансиз-да. Беморим бор эди, ҳоли нима бўлди экан, деб йўқламадингиз ҳам. Ўзим келавердим. Коллежда бирга ўқийдиган дугонам Саида сизни танир экан. Уйи ҳу анави кўчада. Саидадан манзилингизни билиб олдим. Қаерга кетяпсиз? Мен сизнинг ёнингизга келаётган эдим. Бугун биз билан бирга овқатланаркансиз. Ойим айтдилар. "Яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтаролмасак ҳам бир оғиз миннатдорчилик билдириб қўяйлик”, дедилар.
Беҳзод ҳайратланиб туриб қолди. У Санамнинг саломига алик ҳам олмаганди.
– Б...бозорга кетаётгандим, – деди дудуқланиб.
Санам Беҳзодни қўярда-қўймай "Ойим жуда қаттиқ хафа бўладилар” дея машинага ўтқазди. Рулда ўтирган ҳайдовчига қараб "Бозорга” деди. Беҳзоднинг юмшоқ ўйинчоқ олишини эшитган Санам ўйинчоқнинг кимга аталганлиги билан қизиқди.
– Мен учун энг азиз инсонга, – деди Беҳзод.
– Унда мана бу ўйинчоқни оламиз, – Санам кўрсатган айиқ жуда қиммат бўлиб, уни сотиб олишга Беҳзоднинг пули етмасди. Шунинг учун Беҳзод ўйланиб турган вақтда Санам ўйинчоқнинг пулини тўлаб, уни Беҳзоднинг қўлига тутқазди.
– Э... нима қиляпсиз? Ўзим... – деди йигит қизариб-бўзариб.
– Хижолат бўлманг. Бу ойимнинг топшириғи. Менга ёрдам берганингиз учун қандай миннатдорчилик билдиришгаям ҳайрон бўлаётган эдилар.
Бозордан қайтишгач, Санам Беҳзоднинг қаршилигига қарамай, уни шаҳарнинг қоқ марказида жойлашган ҳашаматли ресторанга етаклади. Беҳзод бу ресторанга кириб овқатланишни ҳатто хаёлига ҳам келтирмаганди. Боиси, бу ресторанга киришдан олдин посбонларнинг ўзига бериладиган арзимас чой-чақага Беҳзодга ўхшаган йигитларнинг уч-тўрттасининг қорни тўйиши мумкин эди.
Минг хижолат билан тараддудланиб турган Беҳзод ресторандаги чарақлаб турган қандиллар, махсус қоплама билан қопланган юмшоқ ўриндиқларга аланглаб қараб қолди.
– Юринг, ойимлар кутиб қолдилар, – деди Санам унинг қўлидан тутиб.
Йигит беихтиёр қизнинг ортидан эргашди. Улар рестораннинг алоҳида хонасига киришди. Беҳзод хорижий услубда безатилган хона безакларига, деворларига худди жонлидай табиат манзаралари қўйнида солланиб турган жононларнинг суратларига қараб ҳайратланарди. Беҳзод ва Санамни илиқ кутиб олган онаси шоҳона безатилган столнинг тўрига ўтқазди. Бу ерда яна бир неча нотаниш йигит ва қизлар ҳам бор эди. Санам улар билан ўпишиб кўришди. Айниқса, йигитлар билан бундай кўришиш Беҳзодга эриш туюлди. Беҳзод даврага ҳадеганда қўшилиб кетавермади. Йигитлар таклиф қилган ичимликларга қўл урмади. Буни кўрган нотаниш йигитлардан бири шеригига имо қилиб "Меҳмонга шарбат келтиринглар”, деди. У Беҳзодга билдирмай шарбатга аллақандай оқ кукун қўшиб аралаштириб олиб келди. Беҳзод чанқаб тургани учун муздай шарбатни бир кўтаришда ичиб юборди. Шарбатдан аллақандай қўланса таъм келарди. Тезроқ бу даврани тарк этиш ниятида рухсат сўрашга оғиз жуфтлаб турган Беҳзод кўп ўтмай ўзини сархуш сеза бошлади. Кимдир қўлига тутқазган иккинчи идишдаги шарбатни ҳам ичиб юборди. Бу орада Санамнинг онаси ёшлар билан хайрлашиб чиқиб кетди. Ёшлар ўзи ёлғиз қолишди. Беҳзод ўзига яқин келиб суйкала бошлаган Санам билан рақс туша кетди...
Бир пайт ўзига келган Беҳзод қоронғи хонада онадан туғилгандай ётганини кўриб, юраги шувиллаб кетди. Ёнида кимдир ётарди. Йигит чўчиб ўрнидан турди. Унинг кийимлари ҳар томонга сочилиб ётарди. Ёнидаги қиз... Санам ҳам шундай ҳолатда эди. Беҳзод гангиб ўтириб қолди.
Шу пайт эшик очилиб, ресторандаги зиёфатда бирга бўлган иккита барзанги йигит кириб келишди.
– Хўш, куёвтўра? Тўй қачон энди?
– Куёвтўра?! Қан-нақа тўй? – дея ҳали ўзига келмаган Беҳзод талмовсиради.
Бу пайтда Беҳзод билан бир ўринда ётган Санам ҳам ўрнидан туриб, чойшабга ўралиб ўтирарди.
– Қанақа тўй бўларди. Санам билан сенинг тўйинг-да, галварс. Қилғилиқни қилиб қўйиб...
Беҳзод чидаб туролмади. Шарт ўрнидан туриб, ерда сочилиб ётган кийимларини кийди.
– Бу қандай томоша? – деди Беҳзод ҳеч нарсага тушунмай.
– Сен ўзи ғирт аҳмоқсан. Санамнинг номусини сен ўғирламай, мен ўғирладимми?
Шундагина Беҳзод қалқиб кетди. Ўрнидан туриб, барзангига ҳезланди.
– Нима дединг? Яна бир қайтар!
– Бунинг эсини киритиб қўймасам бўлмайди, шекилли, – деди барзанги шеригига.
Ҳали нима бўлганлигини англамаган Беҳзод тепкилар остида қолди. Қараса, аҳволи чатоқ. Шунинг учун жанг санъатида ўрганган усулини қўллаб, ҳар иккисини ҳам тинчитди. Фақат уларнинг бири ерда тўнтарилиб ётган биллур гулдоннинг устига боши билан тушиб, идишни чил-чил қилиб юборди. Унинг бошидан шариллаб қон отилди. Бу орада "Тез ёрдам” ва милиция етиб келди. Барзангини шифохонага, Беҳзодни эса милиция бўлимига олиб кетишди. Беҳзод ҳамон ҳеч нарсага тушуна олмасди. Уни одам ўлдирганликда ва номусга тажовуз қилганликда айблашарди. Беҳзод ўзини ҳимоя қилиш ниятида барзангига қаршилик кўрсатганлигини, қизнинг номусига тажовуз қилмаганлигини қайта-қайта такрорласа-да, унинг сўзини ҳеч ким инобатга олмади. Беҳзод номусга тажовуз қилганликда ва қотилликда айбланиб, ўн беш йилга озодликдан маҳрум этилди. Ишлар тескарисига айланиб кетганлиги учун Беҳзод севгилиси Шаҳлони кутиб ололмади. Аксинча, Шаҳлонинг ўзи суд бўладиган кундан бир кун олдин Беҳзод билан учрашишга келиб рухсат ололмади.
Қамоқхона панжаралари ортида ўтирган Беҳзод емаган сомсага пул тўлаб, бир гуруҳ фирибгарлар қўлида ўйинчоқ бўлиб, уларнинг қурбонига айланганидан бехабар эди. Ўша битирувчилар куни катта бир корхона бошлиғининг ўғли Беҳзодни қўлга тушириш учун тузилган сценарийда Беҳзодни бойвачча йигит деб ўйлаган эдилар. Боиси, бойваччанинг ўғли Беҳзод ҳам шу кўчада яшаганлиги учун фирибгарлар уларнинг иккаласини алмаштириб қўйишган. Хиёбонда Санамни учратиш, унинг йиқилиб тушиши ва ресторандаги зиёфат атай уюштирилганди. Улар Беҳзодни кучли гиёҳванд модда бериб маст қилиб қўйишиб, номус ўғирлаш томошасини ўйлаб чиқишган эди. Беҳзоднинг бошқа Беҳзод эканлигини билишганда эса ғишт қолипдан кўчган эди. Қолаверса, барча воқеалар Беҳзоднинг зарарига ишлай бошлаган эди. Шунинг учун Санам ва унинг ҳамтовоқлари ёпиғлик қозон ёпиқлигича қолишини афзал кўрдилар.
Беҳзод тақдир ўйинининг бегуноҳ қурбонига айланди. Бу кўргиликларга онасининг юраги дош беролмади. Беҳзод онасининг вафотини қамоқхонада эшитди. У онаизорини сўнгги йўлга кузата олмаганлиги учун ўзига лаънатлар ўқиди. Бошини қамоқхона деворларига уриб-уриб йиғлади...
Ўтган ўн йил Шаҳло билан Беҳзодни синовдан ўтказди. Улар мунтазам равишда хат ёзишиб турди. Шаҳло ўқишни битиргач, қамоқхонага Беҳзодни йўқлаб келди. Учрашувда Беҳзод Шаҳлодан қайта-қайта кечирим сўради ва унинг йўлига тўғаноқ бўлмаслигини айтди.
– Энди мен сизнинг тенгингиз эмасман. Сиз жуда юксакдасиз. Мен эса шунчаки 77-рақамли маҳбусман, холос. Шунинг учун мени хотиржам бўлсин, десангиз турмушга чиқинг, – деди Беҳзод минг изтироб билан.
– Сиз мени ким деб ўйлаяпсиз? Ёки ўзингиз бошқасини топдингизми? Агар шундай бўлса, қаршимасман. Ҳар ким суйган ошини ичади. Хайр, бахтли бўлинг, – деди кўзларида ёш билан Шаҳло ва Беҳзоднинг гапини ҳам эшитмай жўнаб қолди.
Беҳзод ўзини койиганча қолди. У ҳозир жуда қийин кунларни бошидан кечираётган эди. Фараз қилайлик, у Шаҳлога уйлансин ҳам дейлик. Қандай қилиб ҳаёт кечиришади? Беҳзод шунчаки бир енгил саноат коллежини битириб, темирчиликни ўрганган, ҳозир заводда ишлаётган бўлса. Ахир бола-чақа дегандай. Бундан ташқари, Шаҳло Америкадаги нуфузли университетни битиргач, ўша ерда беш йил ишлади. Номзодлик диссертациясини ёқлади. Эрта-индин фан доктори бўлади. Мана шундай келажаги порлоқ бир олима қиз Беҳзодни бошига урадими? Яна бир томондан Шаҳлони бошқа одамга турмушга чиқишини ўйласа, Беҳзоднинг кўзига олам қоронғи бўлиб кетади...
Ўша учрашувдан сўнг Шаҳлонинг роппа-роса бир ой дараги бўлмади. Беҳзод ўз ёғига ўзи қовурилиб юрган кунларида Шаҳлодан хат келди. Унда Шаҳло илмий ишини давом эттириш учун жўнаб кетганини ва прокуратурада ишлаётган дадасидан Беҳзоднинг ишини қайта кўриб чиқишга ёрдам беришини илтимос қилганини ёзган эди. Ундан кейин ҳам Шаҳлодан мактублар келди. Лекин уларда Шаҳло турмуш масаласини доимо четлаб ўтарди. Шаҳло охирги хатида таътил олиб, қишлоққа қайтаётганлигини ёзган эди. Бу орада Беҳзоднинг иши қайта кўрилди ва ҳақиқат юзага чиқди. Қамоқхона маъмурияти ўтган давр мобайнида ўз билимини оширган, ҳунар ўрганиб заводда ҳалол меҳнат қилаётган Беҳзодга ижобий тавсифнома беришди.
Мана, бугун Беҳзод Шаҳло олиб келган янги костюм-шим ва оқ кўйлакни кийиб олганди. Беҳзодни кўрган одам уни ҳозиргина озодликдан чиққан маҳбус деб ўйламасди. Тасодифан у қамоқхона дарвозаси олдида панжарали машинадан тушаётган бир гуруҳ аёлларни кўриб қолди. Улар орасида қўллари кишанланган Санам ҳам бор эди. Афтидан у қилмишларига яраша жазо олган эди. У Беҳзодни танимади. Беҳзод эса уни кўриб, сесканиб кетди. Сўнг тез-тез одимлаб ташқарига отилди.
*** Беҳзод иложи бўлса, қишлоққа учиб боргиси келарди. Унинг назарида машина жуда имиллаб юраётгандай. Беҳзод тезроқ ва тезроқ, Шаҳлодан олдинроқ қишлоққа етиб бориш истагида ёнарди. Ахир унинг Шаҳлога айтадиган гаплари жуда кўп. Машинадаги радио орқали эса машҳур хонанданинг қўшиғи янграмоқда:
Мен эртага яшашим учун Сени бугун кўрмасам бўлмас...
|
Категория: Sevgi dunyosi |
Просмотров: 866 |
| Рейтинг: 0.0/0 |
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
|
|
|