Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳрида "Катта 20талик саммити" бўлиб ўтмоқда. Унда жаҳоннинг энг илғор иқтисодий қудратли давлатлари раҳбарлари ва халқаро молия ташкилотлари вакиллари иштирок этмоқда.Саммитнинг биринчи кунида глобал иқтисодиётдаги вазиятлар, молиявий ва солиқ ислоҳотлари ҳамда глобал молиявий архитектура масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, йигирматаликка кирувчи мамлакатлар раҳбарлари томонидан солиқ базаси чегарасининг йўқолиши ва даромадларнинг қулай юрисдикцияларга ўтказилишига қарши режа тузилди. Шу ўринда, Сурия муаммоси саммитда муҳокама қилинган асосий масалалардан бирига айланганини қайд этиш жоиз.
Форумнинг иккинчи кунида инвестициялар, иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ва янги иш ўринларини яратиш мавзулари муҳокама қилинди. Россия раҳбари Владимир Путин саммит якунларини бўлиб ўтадиган матбуот анжуманида тақдим этади.
Кеча оқшомда саммитнинг маданий дастуридан ўрин олган чироқ ва мусиқали шоу дастури намойиш этилди. Ушбу ғаройиб шоу учун Катта сарой ва Петергоф фавворалари танланди. Ушбу ажойиб манзарани томоша қилиш учун G20нинг аксарият етакчилари: Россия, АҚШ, президентлари, Германия канцлери, Буюк Британия бош вазири ва бошқалар ташриф буюрдилар. Аксинча, Франция президенти, Италия бош вазири, Бразилия ва Аргентина давлатлари раҳбари унда қатнашмадилар. 
Эслатиб ўтамиз, G20 га 19 та мамлакат – Аргентина, Австралия, Бразилия, Буюк Британия, Германия, Ҳиндистон, Индонезия, Италия, Канада, Хитой, Мексика, Туркия, Россия, Саудия Арабистони, АҚШ, Франция, ЖАР, Корея Республикаси, Япония ва Европа Иттифоқи киради. 2012 йил 1 декабрда G20 раислиги ваколатлари Мексикадан Россияга ўтган эди. Шу йил декабрь ойида эса раислик ваколатлари Австралияга топширилади.


|