— Шу кунларда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Саида Раметова театр раҳбариятини огоҳлантирмай "Андишали келинчак” спектакли намойишига келмагани сабабли ишдан бўшатишибди, деган хабарлар тарқалди.
— Ёмон хабарнинг шамол тезлигида тарқалиб кетишига яна бир бор гувоҳ бўляпман. Биласиз, биз актрисалар тўйларга ҳам чиқиб турамиз. "Андишали келинчак” спектакли қўйиладиган куни вилоятдан тўй хизмати олиб қўйган эдим. Шу сабаб, спектаклда қатнаша олмадим. Театр раҳбарияти эса шу қарорга келибди...
— Демак бугун театрда ишламаяпсиз?
— Бўлиб ўтган воқеадан сўнг театр маъмуриятига ариза билан мурожаат қилдим, аммо аризам ҳали кўриб чиқилгани йўқ. Бу масала тез орада ҳал бўлса керак. Мени бўшатишган тақдирда ҳам ижодим кинода давом этаверади. Устига-устак нафақадаман, балки ўрнимизни ёшларга бўшатиш вақти ҳам келгандир.
— Бугун театрда бор-йўғи битта спектаклда бандсиз холос. Аксарият актрисаларимиз бир нечта спектаклларда қатнашишади, тўйларга ҳам вақт топишади...
— Уларнинг йўриғи бошқа. Мен бор-йўғи битта спектаклда банд бўлганим билан "Андишали келинчак” ҳафтасига 2-3 марта қўйилади. Билмадим, агар театрдагилар етарлича шароит яратиб беришса, балки ишимни давом эттирарман.
Мазкур масала юзасидан театр маъмуриятига мурожаат қилганимизда Раметованинг аризаси ҳали кўриб чиқилмагани, масала бир ҳафта ичида узил-кесил ҳал бўлишини маълум қилишди. Қизиқ, бундан бир неча йил аввал Саида Раметованинг жияни Зуҳра Солиева театрдан четлаштирилган эди. Энди навбат Раметованинг ўзига келди чоғи.