SHERLAR.BIZ Yakshanba, 22.12.2024, 14:39
Приветствую Вас Mehmon | RSS
Меню сайта
Категории раздела
Latifalar [11]
Primyeralar [12]
Mobil telfonlar [197]
Sevgi dunyosi [826]
Qo'shiq matni [94]
Texnogoliyalar [98]
Kino yangiliklari [71]
Jahon yulduzlari [58]
Dunyo xabarlari [706]
Salomatlik sirlari [13]
Sport yangiliklari [589]
O'zbek yulduzlari [130]
Shou biznes olami [575]
Foydali maslahatlar [253]
Taomlar retseptlari [6]
Yulduzlar biografiya [59]
Qiziqarli malumotlar [697]
O`zbekiston Yangiliklari [641]
Munajjimlar bashorati 2017, 2018, 2019 / Мунажжимлар башорати 2017, 2018, 2019 [0]
Yangi qo'shiqlar 2017, 2018 [0]
Yangi mp3lar 2017, 2018 [0]
25-May bitiruvchilar kuni uchun she'rlar [1]
Ramazon tabriklari / Ro'za haqida she'rlar tilaklar [1]
Onalar haqida juda tasirli she'rlar / Manoli / Mazmunli [1]
Do'stlik haqida sherlar / Yaxshi va yomon do'stlar haqida she'rlar to'plami [1]
Наш опрос
Sayt haqida fikringiz
Всего ответов: 285
Мини-чат
Статистика


Hozirda saytda: 1
Mexmonlar: 1
Foydalanuvchilar: 0
Главная » 2013 » Fevral » 22 » Рустам Акрамов: Фақат бугунни ўйлаш ярамайди
14:01
Рустам Акрамов: Фақат бугунни ўйлаш ярамайди
Рустам Акрамов Ўзбекистондаги ҳар бир мухлисга жуда яхши таниш. Футбол профессори мураббийлигида Ўзбекистон миллий жамоаси 1994 йили Хиросимада бўлиб ўтган Осиё ўйинларида шоҳсупага кўтарилган эди.

Мураббийларни тайёрлаш ва лицензиялаш ишлари бў­йича ном қозонган мутахассиснинг бу соҳада қўлга киритган ютуқлари ҳам талайгина. Бир неча йиллардан бери ФИФА ҳамда ОФК инструктори сифатида фаолият кўрсатиб келаётган Акрамов 2010 йили қитъа конфедерацияси томонидан Осиё футболи ривожига қўшган ҳиссаси учун «Олтин юлдуз» мукофоти билан тақдирланди. Республикамиздаги кўплаб мураббийларнинг устози ҳисобланадиган Рустам Акрамовнинг яқинда янги — «Самимий футболга ишонч билан» («С верой в искреннўй футбол») номли китоби дунё юзини кўрди. Унда муаллиф ҳозирги кун футболининг энг долзарб мавзуларига мурожаат қилган. Шу билан бирга мутасаддилар, мураббийлар, футболчилар, мухлислар ва умуман, футболга бефарқ бўлмаган инсонларни келишилган ўйинлар, тотализатор каби иллатларга қарши биргаликда курашишга чақирган. Бу Рустам Акрамовичнинг илк китоби эмас. Янги қўлланманинг дунёга келишига нима туртки бўлди? Биз айни мавзу юзасидан муаллиф билан бафуржа суҳбатлашдик.

- Бу галги китобимдан тўпланиб қолган илмий ва амалий ишларим, жаҳон, Европа ва Осиё чемпионатлари якунларига бағишланган таҳлилий мақолаларим ўрин олган,-дея сўз бошлади муаллиф. — Шунингдек, профессионал клублар мураббийлари учун жисмоний тайёргарлик бўйича қўлланма ва тавсия­лар берилган. Ўзбек ва Осиё футболи ҳақидаги энг долзарб интервьюлар, терма жамоалар тайёргарлиги ва иштирокига бағишланган мақолалардан парчалар ҳам келтирилган. Китоб кенг ўқувчилар оммасига мўлжалланган ва ўйлайманки, талабалар, мураббийлар ва мутахассислар учун фойдали қўлланма вазифасини ўтайди. Ҳозир 65 ёшдаман. Ўйлаб кўрсам, фаолиятим давомида орттирган билим ва кўникмаларим, таҳлилий мавзудаги қўлланмаларимнинг энг сараларини жамлаб, китоб шаклига келтиришнинг айни пайти экан.

Бунгача 12та китоб чоп эттиргандим. «Самимий футболга ишонч билан» китоби Ўзбекистон Давлат Жисмоний тарбия институтининг футбол кафедраси ўқитувчилари, талабаларига айни муддао бўлди, дейиш мумкин. Унинг биринчи бобида сўнгги икки жаҳон чемпио­нати, шунингдек, Европа ва Осиё биринчиликлари мисолида дунё футболининг минтақалар бўйича ривожланиш тенденциялари батафсил, фактлар ёрдамида ёритилган. Иккинчи бўлимда машғулотларнинг ўқув методикаси, айниқса, футболчиларнинг жисмоний тайёргарлигига йўналтирилган машқларда амал қилиниши шарт бўлган 10та омил тилга олинган. Сир эмас, ҳозирда клубларимизда футболчиларнинг индивидуал тайёргарлигига деярли эътибор қаратилмайди. Мураббийлар бутун таркиб билан умумий машғулот ўтказишади. Ваҳоланки, баъзи футболчилар билан алоҳида шуғулланиш талаб этилади. Европа ва Осиёнинг футболи тараққий этган мамлакатларида шундай.

Китобдан яна терма жамоалар ўқув-машғулотларини ташкил этиш концепцияси ҳам ўрин олган. Яъни муносиб номзодларни қандай излаб топиш, машғулотларни қай йўсинда ташкил этиш, назорат ўйинлари ва оралиқ турнирлар орқали асосий мусобақага тайёргарлик кўриб бориш жараёни босқичма-бос­қич таҳлил қилинган. Учинчи бўлимда Осиё ва хусусан, Ўзбекистон футболидаги муаммоларга эътибор қаратилган. Бу борада олиб борган тадқиқотларим, туркум таҳлилий мақолаларим, газета ва журналларда шу мавзуда чоп этилган интервьюларим орқали мавзуни кенг ёритиб беришга ҳаракат қилганман. Бундан 15-20 йил аввал ўзим терма жамоада ишлаган пайтдаги муаммолар билан бугунги кундаги камчиликларни бир-бирига таққослаб, тегишли хулосаларни ёзганман. Бунда ташкилий, молиявий масалаларга урғу қаратилган. Биринчи галда, футболчининг тайёргарлиги, Ватанга садоқати, давлатимиз байроғи ва мадҳияси, халққа ҳурмати ҳамда ўзини тутишига катта эътибор берганман.

Минг афсуски, терма жамоа йиғини ва ўйинларига шунчаки, келадиганлар ҳам бўларди. Ҳар бир йиғиндан сўнг 2-3 нафар номзодга худди шу сабаб туфайли жавоб бериб юборардим. Футболчининг исм-шарафига умуман қарамаганман. Бу ёндашув ўз самарасини берган, албатта. 5та мусобақадан 4тасида бош совринни қўлга киритганмиз. Осиё ўйинлари-94даги ғалабадан ташқари, икки марта Марказий Осиё ва бир марта Мустақиллик кубоги турнирида ғолиб чиққанмиз. Ниҳоят, китобнинг сўнгги бўлимида икки давр футболида ҳукумат томонидан яратиб берилган шароитлар ва эътибор бир-бирига қиёсланган. Эътибор беринг, қисқа фурсат ичида давлатимизнинг биргина футбол тараққиётига йўналтирилган қанча Қарор ва Фармонлари эълон қилинди. Болалар футболига муносабат тубдан ўзгарди. Бунинг натижасида болалар футболи бўйича Осиёда Япония билан биринчи ўринда боряпмиз. Ўйлашимча, китоб барча учун бирдек тушунарли чиқди. Бу борада менга ўз касбининг усталари, тажрибали журналист Темур Низаев ва мусаҳҳиҳ Анфиса Бўкова катта ёрдам беришди.

- Футбол аҳли китобни қандай қабул қилди?
- Декабрь ойида дастлаб 1000та нусхада чоп этдик. Улар икки ҳафта ичида ўқувчилар қўлига етиб борди. Россиялик мутахассислар ҳам олиб кетишди. Қизиқиш жуда юқори. Меҳнатимиз бесамар кетмаганидан хурсандман. Ҳозир танишлар ҳар куни телефон орқали сўрашяпти. Балки яқин кунларда қўшимча миқдорда чоп эттирармиз.

- Бундан 20-30 йил аввал ҳам кўплаб мураббийлар ўз йўналишларидаги таҳлилий мақолаларни жамлаб, китоб чоп этишарди. Бу жуда фойдали бўларди. Бугунги кун мураббийларига шу нарса етишмаётгандек. Шундай эмасми?
- Афсуски, сўнгги 20 йил ичида бирор мураббий Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон футболи тенденцияларини ўзаро таҳлил қилиб, ҳатто қўлланма ҳам чоп этгани йўқ. Собиқ иттифоқ даврида Валерий Лобановский, Эдуард Малафеев, Константин Бесков, Борис Аркадьев каби машҳур мураббийлар доимий равишда таҳлилий ўқув-қўлланмалар ёзишарди. МДҲ давлатлари орасида биргина ЎФФда мураббийлар учун таҳлилий ўқув-қўлланмалар чиқарилса керак. Ҳар бир қитъа ва жаҳон чемпионатидан сўнг футболдаги ўзгаришлар, янгиликлар, тенденциялар бир-бирига қиёсий тарзда илмий жиҳатдан таҳлил қилиб борилади. Бу ёш мураббий ва талабалар учун тайёр ўқув-қўлланма вазифасини ўтаяпти.

- Бугунги кунда ўзбек футболи Осиё ва жаҳонда қандай мавқега эга?
- Жаҳон футболи даражасига анча яқинлашиб олдик. Энди ЖЧ финал босқичига чиқсак, бу олдинга ташланган катта қадам бўларди. Чунки жаҳон чемпионати — улкан бозор ва кўргазма. Осиёда эса кучли бешликдамиз. Тўғри, миллий жамоамизнинг мазмунли, Европа футболига хос ўйин намо­йиш этиши ички чемпионатимизнинг кучли эканлигидан далолат бермайди. Терма жамоадаги асосий об-ҳавони легионерлар юзага келтиришяпти. Олий лигада ҳеч қандай ўзгариш бўлмаяпти, деёлмайман. Мана, чемпионлик пойгасига «Локомотив» ва «Насаф» жамоалари ҳам қўшилишди. Ишончим комил, янги мавсумда «Локомотив» ҳамшаҳарларига жиддий қаршилик кўрсатади. «Нефтчи» ҳам аввалги мавқеини тиклаб боряпти. Бу йилги чемпионат анча қизиқарли кечишини тахмин қилиш қийин эмас.

Турнир жадвалининг юқори қисмидаги клублар пастдаги жамоалар билан ўйин­ларда очко йўқотсалар, бу футболимизнинг янги ютуғи бўларди. Яна бир муҳим жиҳат: олий ва 1-лига ўртасидаги тафовут билинар-билинмас даражада бўлиши шарт. Айтайлик, 1-лиганинг лоақал кучли бешлигида бораётган жамоалар олий лига клубларидан очко тортиб оладиган даражага етишса, ўшанда ички биринчилигимизда тараққиёт кўзга ташланади. Айни пайтда бундай манзарани кўрмаяпман. Европа мамлакатларининг ички кубок баҳсларида ҳатто 4-лига клублари ҳам финалга қадар етиб боришяпти. Мана шундай ҳолат бизда ҳам тезроқ юзага келишини истардим. Ҳозирда 1-лига клублари чорак финалга ҳам чиқолмаяптилар. Бу ачинарли ҳолат.

- 1-лиганинг кучайиши фақат молиявий таъминотга боғлиқми ёки бош­қа омиллари ҳам бор…?
- Бизда маркетинг ва менежмент деган тушунчалар деярли йўқ. Ҳатто олий лигада ҳам бу йўналишлар жуда суст. Айрим клубларда умуман йўқ. Олий лига жамоаларига йирик корхоналар ҳомий сифатида бириктирилган. Клубларнинг йиллик бюджети ҳавас қиладиган даражада эмас. Одил Аҳмедов каби ўзига ва клубига фойда келтираётган футболчиларни кўрмаяпман. Жаҳон футболида «Аякс», «Боруссия» Д. каби клублар футболчиларнинг бошқа жамоаларга сотишдан катта фойда кўришяпти. Бизда бу йўлдан фақат «Пахтакор» боряпти, холос. Бош­қа жамоаларимиз нега истеъдодларни юзага чиқаришмаяпти? Аслида клубнинг ўзини-ўзи таъминлашида энг асосий ва катта йўналиш ҳам шу. Энди яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратмоқчиман. Аксарият клубларимизнинг машғулотларини кузата туриб, унинг тўғри йўлга қўйилмаганлигига гувоҳ бўл­япман.

Тошкентда мавсумолди йиғинларини ўтказаётган жамоалар асосан бир-бирлари билан назорат ўйинлари ўтказишяпти. Ахир бунинг учун чемпио­нат ўйинлари борку! Ўз олдига жиддий мақсадларни қўяётган жамоаларимиз Туркия ва БААда йиғин ташкил этишяпти ва унинг доирасида Россия, Украина, Шарқий Европа клублари билан ўртоқлик ўйинларида майдонга тушишяпти. Мана, «Локомотив» «Гамбург» ва «Шахтёр» каби кучли клублар билан куч синашди. Бундай ўйинларнинг фойдаси чемпионат баҳсларида кўзга ташланади. Кейин жисмоний тайёргарлик ва тезликка йўналтирилган маш­ғулотларга камроқ эътибор қаратил­япти. Бунинг оқибати чемпионатнинг иккинчи давра ўйинларида яққол кўриниб қоляпти. Футболчилар жисмоний жиҳатдан чарчаб қолишяпти.

- Январь — февраль ойларидаги ўйинларда клубларимиз ҳам, терма жамоаларимиз ҳам амалиётнинг камлиги ва жисмоний тайёргарликнинг пастлиги сабаб ижобий натижа кўрсатолмаяптилар. Вазиятни томонга ўзгатириш учун нима қилиш керак?
- Нима учун қишки таътил пайтида залларимиз бўш? Қани акробатика бў­йича мураббийлар ва бу йўналишда ўтказилаётган машғулотлар? Жисмоний тайёргарликни маромига етказувчи турли кўринишдаги машқлар қани? Европа клубларида олиб борилаётган жисмоний машғулотларни нима учун ўзимизда қўлламаяпмиз? 70 метрлик масофага беш марта ёки 50 метрга етти марта тезликда югуриш каби замонавий кўринишдаги машғулотлар тури кўп. Буни мураббийлар йўлга қўйишлари керак.

- Бу нарсаларни мураббийларни PRO лицензиясига ўқитаётган пайтда уқтиряпсизларми?
- Бўлмасамчи? Нафақат PRO, балки ҳаваскор — «В» гувоҳномасига ўқитиш жараёнида ҳам змонавий усулларни мураббийлар онгига сингдиришга ҳаракат қиламан. PRO учун ўқиш чоғида Анг­лия ва Даниядан ФИФАнинг махсус инс­трукторлари Тошкентга келиб, мураббийларга жисмоний тайёргарлик методлари бўйича сабоқ беришди. Лекин негадир ҳозирча ўша сабоқлар амалиётга татбиқ этилмаяпти. Бу борада машҳур Валерий Лобановскийнинг айтган сўзлари ёдимга келади: «Натижанинг кўзга ташланишида жисмоний тайёргарлик муҳим омил саналади. Футболчилар жисмоний юкламаларни кўтара олиш-олмасликлари борасида қўрқишмайди. Аксинча, мураббийлар юкламага йўналтирилган машқларни буюришга чўчишади ёки билишмайди».

- Рустам Акрамович, ҳисоблаб чиқсак, ҳозирда PRO гувоҳномасига эга мураббийларимиз сони деярли 50 нафарга етибди. Лекин уларнинг кўплари бугунги кунда ишсиз юришибди. Бу ҳолатни қандай талқин қилиш керак: мураббийлар рақобатга дош беролмаяптиларми ёки ўз устиларида ишламай қўйишди?
- Ҳар икки омил ҳам тўғри. Қайси мураббий бугунги ўзбек клубларидаги муаммолар ҳақида таҳлилий мақола ёзди? Ким камчиликларни бирма-бир аниқ мисоллар билан санаб, унинг сабаб ва ечимларини таҳлил қилди? Ҳеч ким. Ваҳоланки, бизда Виктор Жалилов, Тачмурод Агамуродов, Юрий Саркисян, Эдгар Гесс, Рустам Мирсодиқов каби тажрибали мутахассислар бор. Хўш, улардан қай бири чуқур таҳлилий мақола ёзди? PRO гувоҳномасини қўлга киритиш шунчаки, мажбурият юзасидан эканлиги кўриниб қоляпти. Янги авлод мураббийлари — Шквирин, Абдураимов, Забиров… Бу рўйхатни яна давом эттириш мумкин. Афсуски, ёш мураббийлар ҳам аналитик мақолаларга қўл уришмаяпти. Ўзбекистон мураббийларни тайёрлаш бўйича Осиёда кучли учликдан жой олган. PROга ўқиш жараёнида ҳаммаси яхши кетаётгандек таассурот қолдиради. Кейин эса… Мен ўқишдан ке­йинги жараёнда уларни назорат қилолмайман. Содда қилиб айтганда, мураббийларимиз ўз устиларида ишлаш ва изланишдан тўхтаб қолишди. Улар фақат бугунги кун билан яшашяпти.

- Эътибор берсак, Сербия, Черногория, Хорватия каби давлатлардан кўплаб мураббийлар етишиб чиқяпти ва улар фаолият юритмаётган чемпионат деярли йўқ. Бу мамлакатларда мураббийларни тарбиялаш борасида ўзига хос тизим борми ёки..?
- Бизда PRO гувоҳномасини қўлга киритиш учун 4та босқичли ўқув-курслари йўлга қўйилган бўлса, Европада ўқув жараёни камида 6та босқичдан иборат. Ўз олдиларига юксак мақсадларни қўйган мутахассислар 6 босқичли ўқув жараёни билан ҳам чекланиб қолишмайди. Европанинг кўзга кўринган клубларида амалиётда бўлишади. Қолганлари тўлиқ ўқимасдан Бангладеш, Ҳиндистон ва араб давлатларининг ўртамиёна клубларида ишлаб юраверишади. Араб клублари мураббийларни нима учун қўлқопни алмаштиргандек тез ўзгартираверишади? Жавобни мен айтган мавзудан топиш қийин эмас.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Манба: «ИнтерФУТБОЛ» газетаси


Категория: O`zbekiston Yangiliklari | Просмотров: 750 | | Рейтинг: 5.0/6
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Fevral 2013  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Хостинг от uCoz