Главная » 2013 » Avgust » 6 » Roshen шоколадлари хавфсизми? - Ўзбекистон хулосаси
21:17
Roshen шоколадлари хавфсизми? - Ўзбекистон хулосаси
Аввал хабар бериб ўтганимиздек Украинанинг “Roshen” ширинликлар ишлаб чиқарувчи компанияси маҳсулотлари билан боғлиқ можаро келиб чиққан ва бунинг оқибатида биринчи бўлиб Россия ушбу компания ширинликларини мамлакатга олиб келинишини тақиқлаганди.
Кейинчалик МДҲдаги яна бошқа давлатлар ҳам “Roshen” шоколадларидан “воз кечишди”. Бунга компания маҳсулотлари таркиби уларнинг ёрлиғида кўрсатилган моддаларга мос келмагани ва ҳатто инсон саломатлиги учун хавфли бўлган моддаларнинг мавжудлиги сабаб қилиб кўрсатилган.
“Roshen” маҳсулотлари кўплаб мамлакатлар қатори Ўзбекистонга ҳам етказиб берилади ва улар қандолат маҳсулотлари бозорида анча талабгир ҳисобланади. Шуни эътиборга олган ҳолда Даракчи.Uz Ўзбекистон Республикаси Давлат Санитария эпидимиология назорати марказига мурожаат қилди.
Марказ жамоатчилик билан ишлаш бўлими мутахассисларининг бизга берган маълумотларига қараганда, “Roshen” компаниясининг Ўзбекистонга келтирилаётган қандолат маҳсулотларида ҳеч қандай сифат бузилиши ҳолатлари аниқланмаган.
"Мамлакатимизга кириб келаётган ҳар бир озиқ-овқат маҳсулотлари Ўзстандарт агентлиги ҳамда Республика Давлат Санитария эпидимиология назорати маркази мутахассислари томонидан синчковлик билан текширилади. Текшириш давомида ҳар бир маҳсулотнинг қадоғида кўрсатилган таркиби, унинг сифати ва истеъмолга яроқлилиги текширилади. “Roshen” билан боғлиқ мазкур ҳолатда ҳам мутахассилар томонидан унинг меъёрий талабларга жавоб бермаслик ҳолати аниқланмаган ва шу сабабли ушбу конфетларни бозорда сотилишига таъқиқ қўйилмаган", дейди суҳбатдош.