— Оилада етти нафар қизмиз. Онам рашкчилиги туфайли биринчи турмушидан ажрашиб кетган экан. Мен иккинчи турмушиданман. Онам ҳар доим отамни рашк қилиб, жанжал чиқаради. 2 опамнинг ҳам рашку алам сабаб биттадан боласи бўлишига қарамай, оиласи бузилган. Мен ҳам жуда рашкчи бўлганим учунми, бир йил олдин эрим бизни ташлаб кетди. Фарзандларидан хабар олиб туради. Ярашмоқчи ҳам бўлди, лекин менга ташлаб кетгани алам қилиб, низо чиқардим. Ҳозир ёши ўзидан катта, 4 болали аёл билан яшаяпти. «Ўз болаларингизни хор қилиб, бировнинг фарзандларига оталик қилаяпсизми?» десам, «у мени тушунади. Сен эса икки дунёда ҳам тушунмайсан», дейди. Эримни яхши кўраман. Рашкчилик бизга онамиздан мерос касалликми, билмадим. Бу дарднинг давоси борми? Ойгул, Самарқанд шаҳри — Ҳадисларимизда «рашк имондандир» дейилган. Рашк — муҳаббатдан пайдо бўлган аламли дард. Рашкли инсоннинг орияти бўлади. Аммо сабабсиз рашк жуда ёмон нарса. «Онамдан меросми» деган ажойиб иборани ишлатдингиз. Ким билади дейсиз, ахир бу ҳам бир туйғу. Аммо унутманг, бахт — ишончда! Оила тинчлиги, кўнгил хотиржамлиги ўзаро муҳаббат ва садоқатда! Инсон гўзал ахлоқий мезонни бузса, ҳалокатга учрайди. Шу боис ҳар бир ишда, қарашда меъёр бўлиши лозим. Ҳаддан ошган ҳар қандай сўз ёки ҳаракат, жумладан, ўринсиз рашк ҳам инсоннинг кўнглига оғир ботади. Турмуш ўртоғингиз фарзандларини яхши кўраркан. Болаларингизни ота дийдори, меҳридан жудо қилманг. Рашкингизни жиловланг. Шайтонга ҳай беринг, қизим. Кўнглингизни кенг қилиб, оилангизни сақлаб қолишга урининг. Опаларингиз тақдиридан хулоса чиқаринг. Бу дарднинг давоси ўз қўлингизда! «Қайнонамнинг иримлари…» — 26 ёшдаман. Икки нафар фарзандим бор. Қайнонам билан бирга яшайман. У киши жуда иримчи, мен эса аксинча. Супрада бир сиқим ун қолса ҳам, «боланг кал бўлиб туғилади», деб ирим қилади. Ваҳоланки ўғлимнинг сочи бор. «Бундай қилсангиз, ундай бўлади», деб кўп нарсани тақиқлайди. Динимизда бу борада нима дейилган? Замира, Тошкент шаҳри — Халқимиз азалдан ҳар ишдан маъно-мазмун топишга ўч. Бу албатта тафаккур, ақл эгасининг иши бўлиб, фаросатлилик, доноликдан дарак беради. Яхшилик истаган кўнгли пок инсонлар ёмон ишдан ҳам тўғри хулоса чиқариб, яхшиликка йўяди. Бироқ ҳар бир ишдан, ҳар бир гап- сўздан ёмонлик қидириш яхши эмас. «Иллат излагангга иллатдир дунё, ҳикмат излаганга ҳикматдир дунё» деганларидек, Яратгувчи ҳар доим ниятимизга яраша беради. Пайғамбаримиз с.а.в.нинг «Иримнинг зиддини қилинг» деган ҳадислари бор. Яъни «ирим қилгувчи бўлманг, унинг тескарисини қилинг», дейишдан мақсад ўзингизни ишонтирган ҳолда яхшиликни ният қилиб, ўша ишни амалга оширинг. Қизим, ирим-сиримларга ишонманг. Қайнонангиз ҳам қайсидир бемаъни гаплар, иримларни гапириб, миясига жойлаштирган бирор дугонасининг таъсирида шунақа бўлиб қолгандир. Қолаверса, одам ёши ўтгани сайин эҳтиёткор бўлиб қолади. Шунинг учун қайнонангиз билан муроса қилиб иш тутинг. Эҳтиёткорлик билан иримлар аслида йўқ нарса эканини тушунтиринг. Ҳаётда майда-чуйда нарсалардан катта муаммо ясасак, яшаш қийин кечади. Фаросат ва ширинсуханлик билан иш тутсангиз, кам бўлмайсиз.
|