Главная » 2013»May»25 » Рашид Холиқов нима учун бунчалик озиб кетди?
01:45
Рашид Холиқов нима учун бунчалик озиб кетди?
Кейинги вақтларда "Шаҳзод" гуруҳи солисти, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Рашид Холиқовнинг бедаво касалликка чалингани ва шу боис чет элга кетиб, даволанаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. SB сайти вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида хонанда билан суҳбатлашди.
- Сўнгги пайтларда Ўзбекистон бўйлаб сиз ҳақингизда турли миш-мишлар болалади. Мухлисларни тинчлантириш учун сизни безовта қилишимизга тўғри келмоқда. Шу сабабдан сизга бир қатор саволлар билан мурожаат этмоқчимиз.
Рашид Холиқов: Бемалол.
- Рашид ака, айни дамда қаердасиз?
- Рашид Холиқов: Мен ҳозир Германиянинг Визбаден деган шаҳридаги ҲСК шифохонасидаман. Ушбу шифохона жуда ҳам зўр экан, шифокорлари ҳам жуда малакали, ўз ишини усталаридан ташкил топган. Оёқларимда мушаклар ёрилиши кузатилганлиги боис шу ерга келдим. Жарроҳлик амалиёти билан ушбу касалликдан воқиф бўлдим. Ҳозир ҳаммаси яхши, ҳамма даволаниш жараёнларидан муваффақиятли ўтдик, худога шукур. Энди жарроҳлик амалиётдан сўнг кечадиган тикланиш жараёни кўпроқ вақтни олар экан. Ҳозир шифокор берган дори-дармонларни олиб, шу ерда дам олмоқдамиз. Мухлислар ва шаҳримни, оиламни жуда ҳам соғинганман.
- Биз ҳам сизни жуда соғинганмиз. Бу дард аслида қачон бошланган эди?
Рашид Холиқов: Адашмасам, март ойларида… Аввалига бунга аҳамият қилмасдан, шунчаки шамоллаш бўлса керак, ўтиб кетади, деб ўйлагандим.
- Феврал ойларида SB порталининг янги мадҳиясини ёзиш жараёнига ташриф буюрганингизда кўзингиз шамоллаганлиги ҳақида айтгандингиз ва мадҳия ёзиш жараёнидан кўзойнакни ечмаган ҳолда клипда суратга тушган эдингиз. Демак, ўша шамоллаш кўзиздан бошланган экан-да?
Рашид Холиқов: Ҳа, айтганингиздек, оддий шамоллаш деб ўйлаган эдим.
- Германияга қачон йўл олгандингиз? Жарроҳлик амалиёти қачон бўлиб ўтди?
Рашид Холиқов: 25 апрелда Германияга етиб келдим. 29 апрелда эса шифохонага жойлашдим. 10 май куни эса жарроҳлик амалиёти бўлиб ўтди.
- Ҳозир соғлигингиз яхшими?
Рашид Холиқов: Худога шукур, ҳозир ўзимни яхши ҳис қилмоқдаман. Саида умр йўлдошим ҳам мен билан бирга бир палатадамиз. Яхши ҳам шу инсон мени ёнимда. Эр-хотин қўш хўкиз, деганлари шу бўлса керак (кулади). Шифохона махсус кийимлари концерт костюмларидан анча фарқ қилар экан (кулади).
- Фотосуратларда кўринишингиз чакки эмас. Кўз тегмасин. Тикланиш даври жараёнида зерикиб қолмаяпсизми?
Рашид Холиқов: Йўқ, зерикмасликка ҳаракат қилмоқдамиз. «Маҳаллада дув-дув гап», «Ўтган кунлар» ва шу каби ўзбек киноси дурдоналарини қайта-қайта кўриб ўтирибмиз. Одам ўз юртидан узоқда бўлганда, мана шу каби филмларни жуда соғинар экан. Бекорчиликдан 2та янги қўшиқ ҳам ёзишга имкон топдим. Қўшиқлардан бири лирик йўналишда Шуҳрат зокиров билан ёзилди. Иккинчиси эса шўх услубда. Ўзимизни ўзбекча миллий таомларимизни жуда-жуда соғиндим.
- Раҳмат Рашид ака! Сизга ҳам шифо тилаб қоламиз! Тез орада она юртингиз Ўзбекистонга эсон-омон қайтиб келишингизни кутиб қоламиз.
Агар суратларни солиштирсангиз, хонанданинг феврал ойидаги кўриниши билан касалхонадаги ҳолатининг орасида анча фарқ бор. Рашид Холиқов касаллик туфайли ўзини бироз олдириб қўйгани кўриниб турибди. Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг март ойида халқ орасида Рашид Холиқов ҳақида бошқа бир миш-миш тарқалган эди. Кейинчалик хонанданинг Coca-Cola Uzbekistan қўшма корхонаси директори этиб тайинлангани ҳақидаги гап-сўзларни Рашид Холиқов расман инкор этган.