Главная » 2012»Noyabr»2 » "Сэнди" тўфони: АҚШда ўлганлар сони юзтага яқинлашди
13:52
"Сэнди" тўфони: АҚШда ўлганлар сони юзтага яқинлашди
АҚШ шарқий қирғоқларига келган "Сэнди" тўфони оқибатида ўлганлар сони 90 нафарда ошган. Тўфондан энг кўп Ню-Йорк ва Ню-Жерси зарар кўрган, ёқилғи тақчиллиги охирги муаммолардан бирига айланган. Шу ҳафта бошида тўхтатилган президент сайловолди кампанияси яна қайта бошланган. АҚШ президентлик сайлови келгуси сешанба куни бўлиб ўтади. Ню-Йорк ҳокими Майкл Блумберг Президент Барак Обамани қўллаб- қувватлашини эълон қилган. Майкл Блумберг АҚШ жорий прeзидентининг иқлим ўзгаришини олдини олиш юзасидан олиб бораётган ишларини алоҳида тилга олган. Унинг айтишича, "Сэнди" тўфони иқлим ўзгаришига бир мисол бўлиши мумкин. Унга кўра, икки номзоддан "бири иқлим ўзгаришига сайёрамизга таҳдид солаётган катта муаммо деб қарайди, иккинчиси эса йўқ". "Мен президентимиздан талафотларни бартараф этишга сайлов кампаниясидан кўра кўпроқ эътибор қаратишини истайман," - деб айтган Ню- Йорк ҳокими. Зарар кўлами "Сэнди" тўфони АҚШнинг Атлантика океанидаги соҳилларига душанба тунида кучли шамол билан урилди. АҚШнинг 12 штатида 4,5 миллион одам ҳамон чироқсиз қолмоқда. Eqecat ширкатига кўра, Бўрон етказган талафот Қўшма Штатларга 50 миллиард долларга тушиши мумкин. Талафот миқдори айни ширкатнинг аввалги тахминларидан икки баравар кўпдир. АҚШ Миллий Гвардияси Ню- Йоркнинг тўфондан зарар кўрган аҳолисига бир миллион озиқ-овқат ва ичимлик суви тарқата бошлаган. Ню-Йорк жануби-ғарбидаги Стэйтн Айланд туманида камида 15 нафар инсон ўлиги топилган. Охирги ўн йилларда АҚШга келган ушбу энг кучли тўфон қирғоққа яқин туманларни ювиб кетган, кўплаб уйлар таг-туги билан вайрон бўлган. Ёрдам кечикаётгани сабаб аҳоли ғазаби орта бошлаган. Ню-Йорк яшовчиси Тереза Коннорнинг Рейтер ахборот агентлигига айтишича, у яшайдиган мавзе "таг-туги билан вайрон" бўлган. "Улар бизни унутишди... Шаҳар ҳокими Ню-Йорк жойида, деди. Сайлов марафони яна бошланиб кетди," - деб айтган Тереза Коннор.