Главная » 2013»Aprel»5 » "Odnoklassniki" o'z faoliyatini davom ettiradimi?
19:54
"Odnoklassniki" o'z faoliyatini davom ettiradimi?
Ўзбекистонлик фойдаланувчиларнинг виртуал оламдаги энг оммабоп ижтимоий тармоғи саналган “Одноклассники” сайти 4 апрел куни оқшом ишдан чиқди. Mail.Ru Group ширкати матбуот вакили Мария Лупакнинг айтишига, бунга техник муаммо сабаб бўлган. “Одноклассники” сайтининг дунё бўйлаб миллионлаб фойдаланувчиси 4 апрел оқшомидан севимли ижтимоий тармоғига кира олмай қолди. Фойдаланувчилар сайтга кирмоқчи бўлишганида, экранда "бу сайтга вақтинча кириб бўлмайди", деган ёзув пайдо бўлди. - SOS. Сайтга 4 апрел 21:00дан буён кириб бўлмаяпти, сайт ишламаяпти, деб билдирди “Одноклассники”нинг ўзбекистонлик фойдаланувчиларидан бири. Қарийб ўн соат давомида “offline” турган тармоқ айни дамда қисман қайта ишга тушган. Лекин, ҳали ҳам сайтнинг кўплаб функциялари ёпиқлигича қолмоқда. - Ҳали ҳам чала ишлапяти, кўп функциялари очилмаяпти, ҳозирча сайт тўлиқ тиклангани йўқ, деди “Одноклассники.ру” сайтининг ўзбекистонлик яна бир мижози. "Однокласники" тегишли бўлган Mail.Ru Group ширкати матбуот вакили Мария Лупак сайтнинг ишдан чиқишига техник муаммолар сабаб бўлганини айтди. Айни пайтда, “Одноклассники” сайти ҳаккерлар ҳужумига учрагани ҳақида Интернетда хабарлар тарқалган. Twitter саҳифаси орқали ёзиб қолдирган хатида Лупак ижтимоий тармоқ ҳаккерлар ҳужумига учраганлиги ҳақидаги миш- мишларни асоссиз, деб атади. Ҳозирда “Одноклассники” сайтидан қарийб 3 миллион ўзбекистонлик фаол фойдаланиши айтилади. Тармоқ қачон тўлиқ ишга тушиши ҳақида Mail.Ru Group ширкати вакили ҳеч гап айтмади. 2006 йилда очилган “Одноклассники” Россиядаги энг йирик интернет ижтимоий тармоғи ҳисобланади. Тармоқнинг бир кунлик аудиторияси 40 миллион кишини ташкил қилади. Хориждаги ўзбек мухолифати ўзига хайрихоҳ йиғишда “Одноклассники” тармоғидан фойдаланиб келган. Ўзбекистондан бўлган ўз хайрихоҳлари билан муносабат ўрнатишида “асосий восита” ҳисобланган.