Тошкент "Бунёдкор" футбол жамоаси яқинда қитъанинг энг нуфузли мусобқасидан бири бўлмиш ОЧЛдаги иштирокини бошлайди. Хабарингиз бор, "қалдирғочлар" янги мавсум учрашувларини ўтган йили фойдаланишга топширилган янги стадионда ўтказишади. Белгиланган тартибга мувофиқ, ОФК мусобақалар ўтказиш департаменти ходими Павел Лузанов "Бунёдкор” стадионини текшириш учун пойтахтимизга ташриф буюрди. Осиё Чемпионлар лигаси мусобақаси олдидан ОФК вакили аренанинг барча бўлимлари ва хизматларини синчиковлик билан кўздан кечирди. Шунингдек, "Бунёдкор” стадионида яратилган шароитларга баҳо берди. "Бунёдкор” аренасида яратилган шарт-шароитлар замонавий талабларнинг барчасига жавоб бериши аниқланди. Павел Лузанов стадионда кўздан кечириш чоғида регламентда кўзда тутилган баъзи бир жиҳатлар борасида ўз маслаҳатларини берди деб ёзади клуб матбуот хизмати. Эслатиб ўтамиз, "Бунёдкор" янги стадиондаги илк расмий учрашувини шу йилнинг 13 март куни Ж.Кореянинг "Поханг Стилерз" жамоасига қарши ўтказади. Шунингдек Ўзбекистон миллий терма жамоасининг 26 март куни бўлиб ўтадиган ЖЧ-2014 саралаш доирасидаги Ливанга қарши ўйини ҳам айнан мана шу янги ўйингоҳда бўлиб ўтади.