Ўзимиз севган бирор хонанда концерт бераётгани ҳақидаги хабарни эшитсак дарҳол чипта излашга тушамиз. Истаган вақтимиз кассадан, жуда бўлмаганда "қора бозордан” чипта харид қилиш имкониятига эгамиз. Лекин пойтахтда яшамайдиганлар-чи?
"Масаланинг муаммоли томони” Маълумки, битта концертнинг чипта нархи камида 5 минг сўмдан 30-40 минг сўмгача бўлади. Хўш, чиптани ўртача ҳисобда 40 минг сўм деб белгилайдиган бўлсак, уни харид қилиш учун пойтахтга ташриф буюрадиган вилоятлик мухлиснинг энг камида яна шунча сарф-харажат қилишига тўғри келади. Биз бу нархни масофаси энг яқин бўлган ҳудудларни назарда тутган ҳолда белгиладик. Аслида-чи?..
Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида поездлар қатнамайди. Водий – Тошкент йўналишида қатнайдиган енгил автомашиналарнинг битта йўловчи учун кира хақи эса ўртача 15 минг сўмдан 40 сўмгачани ташкил этади.
Асатилла Султонов, талаба: — Шу йил пойтахтдаги янги "Бунёдкор” стадионида бўлиб ўтган "Ўзбекистон-Ливан” футбол ўйинини томоша қилиш учун Тошкентга чипта харид қилгани бордим. Бироқ кассадан чипта топа олмай ортимга қайтдим. Дунёда бундай катта тадбирларга интернет орқали чипталар сотувини амалга ошириш йўлга қўйилгани ҳақида кўп эшитамиз. Балки бизда ҳам интернет орқали савдо ёки чипталарни етказиб бериш хизмати йўлга қўйиш керакдир.
Биз ушбу масала юзасидан "Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ҳамда концерт ташкил этиш фаолияти билан шуғулланувчи етакчи продюсерлик марказларига мурожаат қилдик.
Қобилжон Йўлдошев, "Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Концерт томоша фаолиятини ташкил этиш бошқармаси бошлиғи: — Концерт ташкил этиш масаласи билан "Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси "Концерт томоша фаолиятини ташкил этиш” бошқармасига мурожаат қилган ташкилотчиларга концерт чипталари нархини томошабинларнинг даромадидан келиб чиққан ҳолда белгилаш кераклиги ҳақида тавсиялар берамиз. Концерт чипталарининг вилоятларда сотилиши масаласига келсак, концерт-томоша фаолияти билан шуғулланувчи кўпгина ташкилотларимиз вилоятларда ҳам савдо-сотиқни йўлга қўйишган.
Даврон Муқимов, "Tarona records” компанияси арт директори: — "Tarona records” компанияси томонидан ташкиллаштириб келинаётган барча концертларда мазкур масала атрофлича кўриб чиқилиб, вилоятдаги мухлисларга қулайлик яратиш, концерт чипталарини харид қилишда муаммоларга дуч келмасликларига кўмаклашишга ҳаракат қиламиз. Мана икки йилдирки, биз ташкиллаштираётган концертларнинг чипталари сотуви вилоятларда ҳам йўлга қўйиляпти. Шу сабабли ҳам концерт рекламалари ҳар бир вилоятга мослаб алоҳида тайёрланади.
Қулоққа чалинган гаплар: "Истиқлол” санъат саройи атрофидаги "қора бозор сотувчилари: "Вилоятларда чипта йўқ, деб ўйламанг. У ерда ҳам ўзимизга ўхшаган тадбиркорлар ҳар икки куннинг бирида Тошкентга келиб 10-15 кишилик чиптани харид қилиб улгуржи нархга сотиб келишади”. Қизиқ, шунинг ўрнига "Истиқлол” концерт саройи томонидан вилоятларда чипталар билан савдо қилувчи махсус дилерларнинг фаолияти йўлга қўйилса бўлмасмикан?