Туғилганлик ҳақидаги гувоҳномамда отамнинг исми нотўғри ёзилиб қолганлиги боис паспортимда ҳам бу ҳол такрорланган. Отамнинг исми пенсия гувоҳномаси ва ўлими ҳақидаги ҳужжатда ҳам шундай ёзилган. Мен ўз паспортимдаги хатони тўғрилаш учун кимга мурожаат қилишим керак ва бу қай тартибда амалга оширилади? (Ш. Каттабеков, Тошкент) Бунинг учун ўзингиз яшаб турган жойдаги ФҲДЁ органига шу ҳақдаги аризага зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда мурожаат қилишингиз лозим. Зарур ҳужжатлар йиғилгач,ФҲДЁ органи уларни ўрганиб чиқиш ва тегишли хулоса бериш мақсадида ички ишлар органига тақдим қилади. Ички ишлар бўлими тақдим қилинган ҳужжатларни 30 кун мобайнида ўрганиб чиқиб, асосланган хулоса тузади ва ФҲДЁ органига юборади. Ички ишлар бўлимининг хулосасини олгандан кейин ФҲДЁ органи тақдим этилган ҳужжатлар асосида фамилия, исм, ота исмини ўзгартириш ёки рад этиш тўғрисида асосланган хулоса тузади. Хулоса асосида туғилганлик тўғрисидаги, никоҳни қайд этиш ёкиникоҳдан ажратиш тўғрисидаги, болаларининг туғилганлиги тўғрисидаги далолатнома ёзувларига тегишли ўзгартиришлар киритилади ва янги гувоҳнома берилади. Отанинг исми ўзгарса, вояга етмаган болаларнинг ҳам ота исми албатта ўзгаради. Вояга етган болаларнинг ота исми эса фақат уларнинг аризаларига кўра ўзгартирилади. Агар ФҲДЁ органи ота исмини ўзгартириш тўғрисидаги мурожаатни қаноатлантиришни рад этса, бунинг устидан судга шикоят қилиш мумкин. Саволга Миробод тумани ФҲДЁ бўлими мудираси Гулбаҳор ҚУЛМАТОВА жавоб берди