Главная » 2013»Mart»18 » Паризод Россия киноакадемияси мукофотига даъвогарлар рўйхатига кирди
20:01
Паризод Россия киноакадемияси мукофотига даъвогарлар рўйхатига кирди
Аюб Шаҳобиддиновнинг «Паризод» фильми Россия кинематография санъати академиясининг «Ника» мукофотига даъвогарлар қаторига кирди. Бу ҳақда мукофот расмий сайти хабар бермоқда.
«Паризод» ёҳуд янги ўзбек киноси ҳақида «Паризод» фильми «Ника» мукофотининг «МДҲ ва Болтиқбўйи мамлакатларининг энг яхши фильми» йўналишида ғолибликка даъвогар бўлиб турибди. Ўзбекистонлик режиссёрнинг фильмига мукофот йўлида Георгий Параджановнинг «Ҳамма кетди» («Все ушли», Грузия-Чехия-Россия), Наталия Беляускененинг «Агар ҳаммаси…» («Если всё…», Арманистон), Пеэтер Симмнинг «Якка орол» («Одинокий остров», Эстония-Беларусь-Латвия) картиналари рақиблик қилади.
Аюб Шаҳобиддиновнинг «Паризод» фильми бунгача 2012 йилги МДҲ ва Болтиқбўйи мамлакатлир кинофестивали – «Киношок»да бош мукофотни қўлга киритган, бундан ташқари, Олма-Отадаги «Евроосиё» кинофестивали асосий танловида қатнашган эди. Фильмнинг халқаро миқёсдаги премьераси айнан Олма-Ота кинофестивалида ўтган.
«Паризод» фильми сценарийси таниқли адиб Эркин Аъзам томонидан ёзилган бўлиб, фильмда бош ролни актриса Зарина Низомитдинова ижро этган.
«Ника» мукофоти 1987 йилда таъсис этилган. «Лента.Ру»нинг ёзишича, мукофотнинг 25-тақдимоти 2013 йилнинг 8 апрель куни Москвадаги «Крокус Сити Холл»да бўлиб ўтади.