Озодбек Назарбековнинг Самарқанддаги концерти катта шов-шувларга сабаб бўлмоқда. Бироқ, бугун ҳаммасига равшанлик билан ёндашиб, хулоса қилмоқчимиз. Сайтимизнинг 3-январ саҳифасида ранжиган мухлисалар фикрини баён этгандик. Уларга жавобан сайтимиз ўқувчилари мунозара ва танқидга бой мулоҳазалар бирдирди. Бари билан обдон танишган халқ артисти ҳеч қандай ёлғонларсиз, қандай бўлган бўлса шундай воқеани гапириб беришга қарор қилди. -Концертга катта орзу билан кириб борсам-у, мендан кичик нарса, суратга тушиш сўраляпти. Маънавий озуқа улашиш-ку асл мақсадим. Тирноқ остидан кир қидириб, пашшадан фил ясашганидан очиғи хўрлигим келди. Ресторан ичидаги совуқдан дир-дир титрашганига шикоят қолиб, гапларимни хатога йўйишганини тушуна олмаяпман. Келинг. Яхшиси бошидан бўлган воқеани гапириб берсам. Ўзимдан қўшмасдан, ҳеч қандай ёлғонларсиз. Агар, ишонсангизлар. Авваламбор, ўша куни ТВда мени суратга олишлариларидан умуман бехабар эдим. Розилик-ку майли, яна совуқ ҳавода енгил кийимда сипо бўлиб қўшиқ куйлаш шарти қўйилди. Саломатлик олдида костюм-шимнинг қиймати қанча? Ахир, бугун соғлиққа бепарво бўлсам, эрта-индин концертимни илҳақ кутаётган мухлисларимга нима деб жавоб бераман? Саломатлигим кўтармади деб ҳақиқатни айтсам, барибир баҳонага йўйишмайдими? Хуллас, амаллаб, совуқни енгиб, костюмда чиқиб, битта қўшиқ айтдим. Чидаш керак. Навбатда яна тўртта концерт бор. Таваккалчилик қилиб бўлмайди. Халқдан узр сўраб, пальто кийдим. ТВ ходимлари норозилик қилаверди. Бундан тушунмовчиликни қандай тўғри тушуниш мумкин? Инжиқлиқ қилганимда қанча танқид бўлса ҳам майли эди. Бундан ўтиб, навбатдаги тушунмовчилик. Ҳар концерт ва тўйларда пайдо бўладиган 20-30 та одам. На қўшиқ куйлашга қўяди, на суратга тушиб бўлгач, ўз жойини эгаллайди. Чипта харид қилган яна 480 одамни ким ўйлайди? Улар санъаткор давранинг қаерига борса, ўшаёғидан айрилмайдиган сураткашларни кўргани келган эмас-ку? Концертнинг танаффуси чоғида одамларнинг ўзлари бир- биридан суратга тушишни бас қилишларини илтимос қилишди. Мен ҳам вазиятни юмшатишга киришдим: “Ҳақиқатан хам шундай ҳолатларга аллергиям бор. Илтимос, бир-биримизга ҳалақит бермайлик”. Ўйлаб қарасангиз, ари уясига ўхшаб, ўраб олишади. Атрофингда айланиб юрганлар асл томошабиннинг ғашига тегади. Яна концерт давомида қуйидагиларни қўшимча қилдим: “Сизлар қўшиқ эшитгани, мен қўшиқ айтгани келганман. Вазифам сизларга маданий ҳордиқ улашиш, 500 та одам билан суратга тушиш эса менинг мажбуриятим эмас”. Қўйиб берсангиз, бўйнимга осилиб, қийшайтириб ташлашмоқчи, айрим оғир вазнли аёллар. Ҳаммасини ичимга ютдим. Тез куйлаб, жуфтакни ростлаб қолганим йўқ, арз қилишгани каби. 40 дақиқадан икки маротаба қўшиқ куйладим. Ўртада яна 20 дақиқалик ўйин ўйнашди. Бир шоира онахон микрофонни олиб, томошабинлар маданиятидаги нуқсонларни танқид қилиб, роса койиди. Самарқанд тўғрисида шеър ўқигач, ишқим жўшиб, “Табаррук” қўшиғимни куйладим. Мириқиб тингланадиган қўшиқ. Йўқ, яна бири фотоаппарат кўтариб келяпти. Куйлаётган қўшиғим ҳақида шунчаки сўрадим. Овқатланаётган одамнинг олдига бориб, ҳеч кимни изза қилганим йўқ лекин. -Шундай воқеаларга муносабатингиз? Тушунмовчиликлар ортидан туғилажак бундай шикоятларнинг олдини олишнинг қандай чораси бор? -Агар бунақа воқеаларни санасам, деярли ҳар бир хизматдаги кунимни инобатга олишим керак. Битта маст одам аҳмоқлигини барчага йўйишнинг ўзи катта аҳмоқлик бўлса керак. Тўйда маст ҳолатдаги одамларнинг қўполлигини санаб ўтирсам, бу ҳам кулгули. Аслида воқеани тўғри баҳолай билиш расо иш тутишдир. Ачинадиганим, бундай ишлардан кўплаб ҳамкасбларим, таъбир жоиз бўлса, омманинг ўзи ҳам безор бўлган. Фақат суратга тушиш бу концерт кўрдим дегани эмас-ку! Барака топгурлар, майли куйчига ҳалақит бериб, жаҳлининг торини чертишгача боринг, фақат, минглаб қоракўзларни ҳам ўйланг. Маънан ҳордиқ оламан деб келган одамнинг аслида суратга тушиш режасида ҳам бўлмайди. Тасаввур қилинг, рафиқангиз меҳр билан бирон салат тайёрлади. Сиз бирров мақтаб қўйиш тугул, музлатгичдан қатиқ олиб ичяпсиз. Шоир шеър ёзган, бастакор мусиқа, студияда туну кун ёзилган қўшиқни тақдим қиламиз. Шунча ҳаракатга яраша жавоб бўлмаса, санъаткор дардини кимга айтсин? Маданият ҳақида қайғурадиган одам ҳам борми? Сиз гапирмасангиз, мен гапирмасам, жонини куйдирадиган бошқа одам топилмаса, томошабин ва санъаткор ўртасидаги маданий ҳудуд дарвозаси қуламайдими?! Ишонсангиз, концертдан сўнг, балким гапим қаттиқ ботгандур дея ўша опадан узр ҳам сўрадим. Яна суратга тушишни сўради. Албатта рози бўлдим. Кейин кўнгли жойига тушди деб ҳам ўйладим. >-Оғриқли мавзуни кўтардингиз. Ҳозир “ур-сур”, “шовқин-суронли” қўшиқларга давралар чўмилган. Қўшиқ тинглаб, ҳордиқ чиқарадиганлар камёблар сафини ташкил этмоқда. Сизнинча, омма қўшиқ эшитмаслигига нима сабаб бўляпти? -Мухлислар адабиётдан узоқлашяпти, шеъриятдан бехабар. “Менга жонли куйлаб беринг, бир мазза қилай” деган мурожаатдан кўра, “Қани бу жонли айтоладими ё йўқ?” деган синовли саволлар кўпайган. Энг аламлиси, бундай саволлар фонограмма ва жонли ижро фарқига етмайдигандан чиқяпти. Энди буни қандай изоҳлайсиз? Менда шунақа давралар бор, қўшиқларимни ёддан билишади ва мағзини англаб, изоҳлашади. Бачкана қўшиқчилар кўпайиб кетяпти деган гаплар сўнгги пайтда кўп қулоққа чалинади. Тозалайдиган “Бадиий кенгаш” йўқми деб ҳам сўраб қўйишади. Кечирасиз-у, мухлис қўшиқ эшитмай қўйгандан сўнг, бачкана тароналар кўпаяверади-да! Назаримда энг катта ва одил “бадиий кенгаш” бу халқнинг ўзи! Одамларнинг ўзи қўшиқларни қалб ва тинглаш сезгисидан яралган элакдан ўтказиб, пучагини пучакка, бўладиганини юрак майдонига олиб қўйиши керак. Халқ анализ қилиб, ўзи сараламас экан, бачкана қўшиқлар ёмғирдан кейинги қўзиқориндек болалайверади. Хонанданинг тушунчаси шунга бориб тақалганки, тингловчилар олқишлаб кутяптими, демак шундай қўшиқлар куйлаш керак. Яна аламлиси, сўзини ва мусиқасини хонанданинг ўзи тушунмай куйлайвериши! Бу жараёнга эса сиёсий қонун билан девор қўйиб бўлмайди. Ёзилмаган бошқа бир қонун ишлай бошласа, яъни омма жонли ижродаги қўшиқларни тинглашни моҳиятан ўрганса, қалбан ҳис қилса, ундан сўнг, жонли куйлаш истаги ва талабини тўхтатиб ҳам бўлмайди. Қарабсизки, мини-диск айтаётган жонсиз қўшиқларга барҳам берилиб, микрофон олдида ёлғон оғиз қимирлатишлар йўқолади. Бачкана қўшиқлар даврини шундай тугатиш мумкин. -2013- йилни қандай кутиб олдингиз? -Мана шу шум хабар билан... (кулади). Оила даврасида кутолмадим, афсуски. Меҳмондорчиликда эдим. Хизматда бўлдим. -Сайтимиз ўқувчилари билдираётган мулоҳазаларга муносабатингиз қандай? -Ҳар қандай фикрни ҳурмат қиламан. Бироқ, бир нарсани тушуна олмаяпман. Улар ёзишларидан олдин мавзуни таҳлил қилишдимикан?! Шунча фикр билдиришдан олдин, вазиятни тўлиқ англашганида, кўнглим ранжимас эди. Мулоҳаза билдираётганлар орасида таҳлил қилаётганлари кам. СЎНГГИ ХУЛОСА -Қўшиқ куйлаётган хонандага ёпишиб, ҳарёққа тортқилаб, беҳурматлик билан суратга тушишларини шучаки оқлашса, тўғри деб қабул қилишса, маданиятимиз япроқларини кесаётган золимга айланмаймизми? Бу ёввойиликка охир-оқибат ақлан тушуниб, чек қўйиш керак. Мен “Ўйнаб гапирсанг ҳам, ўйлаб гапир” нақлига жуда амал қилганим боисми, тилимдан нима чиқаётганини жуда яхши биламан. Концертда айтган гапларим ҳаммаси юрагимдан эди. Бу кўп хонандаларнинг ва шахсан ўзимнинг томошабин маданияти ҳақидаги қайғуришнинг кичик бир нидосидир. Ҳеч кимнинг дилини оғритмаганман ва бу менинг қўлимдан келмайди. Агар, юрак гапларимни қўполлик деб тушунишган бўлса, бу яна айримларнинг ўз шахсий қарашига бориб тақалади. Назаримда, қарашларимиз кези келиб албатта бир нуқтада учрашади. Бу шундай нуқтаки, гапирилган гаплар ҳақиқатлиги учун ташаккурлар билдирилади. Истеъдодларнинг маҳоратига зор бўлиш нарида турсин, фақат унинг машҳурлиги қизиқтириб қўйган шу кунларда концертми ё тўй, фақат суратга тушишса бўлгани. Қани олдинги, ижро маҳорати зўрлигидан "дод" деб қичқиришлар, жонни берар даражадаги олқишлар? Назаримда, бу ҳақда санъаткорлардан кўра тингловчиларнинг ҳам жиддий ўйлайдиган пайти келди. Яна одам ғийбатга чидайди, туҳмат эса юракка тегаркан! Ахир, қўполлик қилиб, суратга олганлар шахсиятига тегмадим, жеркиб бермадим-ку! Чин дилдан деганим: “Илтимос, қўшиқ эшитинглар!”. Илтимосим қўполликка йўйилган бўлса, ё одамлар қараши ўзгарган, ё мен ҳақиқатан ҳам қўполман! Бир файласуф айтганди, асл ҳақиқат баҳсда туғилади деб. Имкон қадар бир воқеа атрофида фикр сурдик. Яхши дедик, танқид қилдик ё шунчаки кузатдик. Муҳими, якуний хулосага ета олдик. Шикоятчи таъсирланганларини, хонанда реалликни, томошабин туғилган янги фикрларини, журналист виждон тарозуси ўлчаганларини ёзди. Асл ҳақиқат билсангиз, биз лоқайд бўлмаганимиз. Асл ғалаба эса, муаммони ўзимиз еча олишимиз! Шу ўринда бир нарсани тан олиш керак. Агар, айби бўлганида Озодбек албатта бекитар эди. Вазиятдан қочмасдан, ўзини кўр- кўрона оқламасдан барча билан фикран ҳисоблашишга қарор қилгани у ҳақда "мард" деган дангал сифатни мустаҳкамлайди!
|