Главная » 2014 » Fevral » 9 » Қозоғистон автобозорида Ўзбекистон автомобиллари иккинчи ўринни эгаллади
23:38
Қозоғистон автобозорида Ўзбекистон автомобиллари иккинчи ўринни эгаллади
Қозоғистон автомобиль бозори сотилаётган машиналар сони бўйича жаҳонда кучли ўнликка кириб, МДҲ давлатлари орасида фақат Украина ва Россиядан кейинги ўринда туради. Экспертлар мамлакат автомобиль бозорининг ўсишини кузатиб, 2014 йилда Қозоғистонда 200—220 минг автоулов сотилишини айтишмоқда. Бу ҳақда Daryo.Uz хабар бермоқда.
2013 йилда бу мамлакат автобозорнинг катта қисмини (37,4 фоиз) аввалгидек Россиянинг «Лада» автомобиллари эгаллади. Шу тариқа, ўтган йили 57 минг автомобиль сотиб олган Қозоғистон Тольяттида ишлаб чиқарилган машиналар учун биринчи рақамли экспорт бозорига айланди.
Мазкур мамлакат автобозорида иккинчи ўринни Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган Daewoo бренди остидаги автомобиллар банд этди; 2013 йилда улардан 13 минг 371 таси Қозоғистонда сотилган. Hyundai эса 12 минг 250 та автомобиль сотиб, учинчи ўриндан Toyota автомобилларини (12 минг 132 та) сиқиб чиқарди.
Қозоғистон автобозорида «премиум» тоифасидаги автомобиллардан Lexus (1 минг 237 та сотилган) етакчилик қилмоқда. Шунингдек, BMW ва Mercedes-Benz автомобиллари сотилиши ҳам тегишлича 11,5 ҳамда 87 фоизга ошган.
Айтиш керакки, сотилган автомобиллар миқдори бўйича «Лада» етакчилик қилаётган бўлса-да, харидларнинг умумий қиймати бўйича 17 фоиз кўрсаткич билан Toyota олдинда.