Главная » 2013»May»19 » Отабек Муталхўжаев: "Футбол ҳақида қўшиқ куйламоқчиман
00:25
Отабек Муталхўжаев: "Футбол ҳақида қўшиқ куйламоқчиман
Косонсойда бир қатор санъаткорлар иштирокидаги концерт дастурида хонанда Отабек Муталхўжаев ҳам иштирок этди. Унинг ашаддий футбол ишқибози эканлигини ҳисобга олган uff.uz сайти қўшиқчидан интервью олди.
- Отабек, билишимизча, сизда футболга қизиқиш кучли... - Ҳа, болалигимдан мухлислик касалига чалинганман. Қолаверса, ўша вақт мактаб ва кўча-кўйда кўп ўйнардик. Негадир ҳимоячи ролини маъқул кўрардим. Ҳозир ҳам ўйнаш учун йиғилсак, дарров орқа чизиққа туриб оламан. Қисқаси, футболда яхши маънодаги бузғунчиман. Мухлисликка келсак, уйқудан воз кечган ҳолда «Эл-класико», Европа Чемпионлар Лигаси баҳсларини сира қолдирмайман, гарчи хизмат сафарларида қаттиқ чарчаган бўлсам ҳам. Ахир бу учрашувлар ҳақиқий санъат асари-ку! Уларни ўтказиб юбориш мумкинми? Ҳозир ҳам ҳафтада бир марта ҳамкасблар даврасида тўп ортидан югурамиз.
- Футболдан ташқари, яна қайси спорт турларига қизиқасиз? - Санъаткор учун биринчи навбатда, ташқи кўриниш муҳим. Шундан келиб чиқиб, қадди-қоматимни яхши ушлаб туриш мақсадида оғир атлетика билан шуғулланаман.
- 25 апрель куни «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтган «Ҳаёт учун» футбол хайрия-шоусида иштирок этдингиз. Таассуротларингиз қандай? - «Ҳаёт учун» хайрия-шоусида қатнашиш учун 4 ой давомида мунтазам машғулот олиб боргандик. Албатта, бундай тадбирларнинг ўтказилиши яхши. Шу шоу орқали барча санъаткорлар янада жипслашдик. Бундан ташқари, мухлислар учун қайси хонанданинг майдонда нималарга қодирлигини кўриш ҳам қизиқарли бўлса керак, менимча. Хуллас, кўкрак бези саратонига чалинган аёлларни ҳимоялашга камтарона ҳисса қўшганимдан бағоят хурсандман.
- Юртимизда футболга эътибор жуда кучли. Миллионлар ўйинини ривожлантириш борасида ҳукуматимизнинг бир қатор қарорлари чиққанидан хабарингиз бор... - Албатта. Бунинг самараси ўлароқ, клубларимиз ва терма жамоаларимиз халқаро мусобақаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишмоқда. Мана, бу йил ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаларимиз жаҳон чемпионатида иштирок этишади, катталар ҳам мундиал йўлланмасини қўлга киритишга яқин туришибди. Миллий жамоамизни келаси йилги ЖЧда кўриш юртимиздаги барча мухлисларнинг орзулари. Бунинг амалга ошишини тилаб, барча дуо қилмоқда. Илоҳим, дуолар ижобат бўлсин ва йигитларимизни келаси йили Бразилия майдонларида кўрайлик. Ҳа, бош жамоамиз учун Жанубий Корея термасига қарши сафарда кечадиган учрашув қи-йинчилик туғдириши мумкин. Аммо унда ҳамюртларимиз дуранг натижага эришишса ҳам, Тошкентда Қатарни мағлубиятга учратиб, бемалол мундиал йўлланмасини қўлга киритиш имконияти туғилади. Шахсан мен термамизга ишоняпман. Ўз ўрнида шуни таъкидлашни хоҳлардим, ўсмир ва ёшлар термаларимиз таркибида иқтидорли футболчилар кўпчиликни ташкил этишади. Уларнинг маҳоратларини янада оширишга эътиборга қаратилса, шу йигитлар кейинчалик миллий жамоамизга ўтиб, унинг кўплаб ютуқларига асос солишлари мумкин. Бунга ҳозирдан замин тайёрлаб бориш керак. Юртимизнинг ҳар бир гўшасида замонавий сунъий қопламали майдонлар бунёд этиляпти, болалар футболига эътибор кучаймоқда. Умид қиламанки, футболимиз ҳали янада ривожланади.
- Қайси клубларга меҳрингиз баланд? - Ўзимиздан «Пахтакор» ва «Бунёдкор»га қизиқаман, чет элдан «Реал»га.
- Футболчилардан-чи? - Миллий терма жамоамиз сардори Сервер Жепаровнинг ўйинлари таҳсинга лойиқ. Бундан ташқари, Игнатий Нестеров, Жасур Ҳасанов («Бунёдкор»), Санжар Турсунов, Александр Гейнрихга ҳам гап йўқ. Хорижликлардан Криштиану Роналду ва Херард Пикени эътироф этаман. Роналдунинг тезкорлиги, дриблинглари ёқади, Пикени эса жаҳондаги энг яхши ҳимоячилардан бири, деб биламан.
- Футболга қаттиққизиқар экансиз, балки у ҳақда қўшиқҳам яратарсиз....? - Энди шу ҳақда сўз очмоқчи бўлиб тургандим. Ҳозирда шундай қўшиқ матни тайёр. Унга куй басталаб, яқинда томошабинларга тақдим этиш ниятидаман. Қўшиқ тайёр бўлгунча миллий терма жамоамиз ЖЧ-2014 йўлланмасини қўлга киритса, футболчилар учун ажойиб совға бўларди.
- Кўрдикки, халқимиз санъаткорлар иштирокидаги турли спорт шоуларига илҳақ... - Шундай. Ўйлайманки, «Ҳаёт учун» шоуси анъанавий тус олади. Қолаверса, ўз гуруҳимиз йигитларидан тузилган жамоамиз ҳам бор. Қисқаси, биз доимо футболга яқинмиз. Айтганча, шоуда қатнашган санъаткорлар жамоаси - «Бирровчилар» тарқатиб юборилмайди. Мисол учун, яқинда «Пахтакор» стадионида икки таркибга бўлиниб ўйнадик. Ахир навбатдаги шоуларга тайёр туришимиз керак.
- Мухлисларга тилакларингиз... - Бахтимизга ҳамиша соғ-саломат бўлишсин, спорт ва футболдан ҳеч узоқлашмасин. Миллий жамоамизни мундиалда кўриш барчамизга насиб этсин.