Главная » 2013 » Avgust » 18 » Қон босими, қўл терлаши ва уйқусизликка халқона даво усуллари
21:28
Қон босими, қўл терлаши ва уйқусизликка халқона даво усуллари
ҚОН БОСИМИ ОШСА... – Ёшим 54 да. Тез-тез қон босимим ошиб туради. Яқинда бир танишим қон босимида дўлананинг жуда катта фойдаси бор, мен унинг қайнатмасидан ичиб тураман, деганди. Илтимос, менга ва, умуман қон босими доимий равишда ошиб турадиган мухлисларга айнан дўлана қайнатмаси ҳақида маълумот берсангиз. Замира Ҳидоятова, Тошкент вилояти
Дарҳақиқат дўлана бир қанча касалликларга шифо бўлади. Масалан, юрак фаолиятининг бузилиши, гипертония, аритмия, стенокардия, пароксизиал тахикардия, умумий атеросклероз, климакс даври неврозлари, танглай муртакларининг яллиғланиши, қон босими ошган вақтдаги оғриқлар шулар жумласидандир. 20 грамм дўлана мевасини олиб, 200 мл. қайноқ сувга солинади (қопқоқли эмал кастрюлга) ва паст оловда 15 дақиқа қайнатиб, совугач, сузилади. Қаттиқ асабийлашганда, қон босими кўтарилганда ва юрак атрофида оғриқ пайдо бўлган ҳолатларда қайнатмадан 50-100 мл. ичилади. Шакарли дўлана қайнатмаси эса, иссиқдан бош оғриб турадиган инсонларни даволашда яхши фойда беради.
ҚЎЛ ТЕРЛАШИ – 36 ёшдаман. Йил ўн икки ой давомида қўлларим терлайди. Кўпчиликнинг айтган даволарини қилиб ҳам кўрдим, аммо фойда бермади. Қўл терлашига қарши воситалар ҳақида маълумот берсангиз. Жасур Толипов, Фарғона вилояти Агар қўл тез-тез терласа, ёнғоқнинг барги қайнатилган сувда ювиш лозим. 1 стакан сувга 1 чой қошиқ олма уксуси солиб аралаштирилади, сўнг бир кунда икки марта ювиб турилади. Бу суюқликни ҳар сафар янгидан тайёрлаш лозим. 4 ош қошиқ эман дарахтининг пўстлоғини бир литр қайноқ сувга солиб аралаштирилади, 10 дақиқага ўраб қўйилиб, сўнгра қўлларни 5 дақиқа давомида шу суюқлик ичида ушлаб туриш лозим.
УЙҚУСИЗЛИК – Олий ўқув юрти талабасиман. Кундуз кунлари жуда қаттиқ уйқум келади. Бунинг сабаби шундаки, кечаси дуруст ухлай олмаяпман. Назаримда, уйқусизлик билан боғлиқ бирор муаммога дуч келганга ўхшайман. Сизлардан илтимос, айнан уйқусизликда халқ табобатида қандай усулларни қўллаш мумкинлиги ҳақида маълумот берсангиз. Нигора Дадаева, Тошкент шаҳри Бундай ҳолатларда асал қўшилган қовоқ дамламаси тавсия этилади (уйқу олдидан 70-100 граммдан ичилади). Тунда ичиладиган бир пиёла қовоқнинг шарбати асаб тизимини тинчлантириб, тиниқиб ухлашга кўмаклашади. 1 стакан қайнаган сувга 1 ош қошиқ асал солиб аралаштирилади, уйқудан олдин бироз аввал ичилади. Эмалланган идишга 1-1,5 стакан сув солиб қайнатилади, сўнгра унга бир ош қошиқ мойчечакнинг гули солиниб, 5 дақиқа давомида қайнатилади. Дамлама уйқудан олдин ичилади.