Тошкентдаги «Пахтакор» стадионида 10 май, жума куни мамлакатнинг амалдаги чемпиони «Пахтакор» ва Қаршининг «Насаф» жамоалари ўртасида Олий Лига 8-тур учрашуви бўлиб ўтди.
«Пахтакор» ва «Насаф» ўртасидаги 8-турнинг маркаизй учрашуви майдон эгаларининг 1:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунига етди. «Пахтакор»нинг ёш ярим ҳимоячиларидан бири Владимир Козак учрашувнинг 30-дақиқасида белгиланган жарима зарбасини чиройли ва аниқ амалга ошириб, жамоасига уч очко келтирган гол муаллифига айланди. Шу куни "Пахтакор" сафида жароҳатидан фориғ бўлган Боян Миладинович ҳам ҳаракат қилди. У жамоани сардор сифатида майдонга бошлаб тушди.
Ушбу ғалабадан сўнг «Пахтакор» очколари сони 13 тага етказиб, мусобақа жадвалида 4-ўринга кўтарилиб олди ва 3-ўриндаги «Насаф»дан бир очкога ортда қолмоқда. «Пахтакор» «Насаф»га нисбатан битта кам ўйин ўтказган. 11 май куни ўтказиладиган ўйинлар натижалари бўйича Бекободнинг «Металлург» ва Гулистоннинг «Гулистон» жамоалари «Пахтакор»дан ўзиб кетиши мумкин.
«Пахтакор» (Тошкент) – «Насаф» (Қарши) – 1:0. Томошабин - 5215 киши Гол: В. Козак (32 дақ.) Огоҳлантиришлар: А. Мерзляков (18), А. Махсталиев (иккиси ҳам - «Пахтакор», 77).
МАТБУОТ АНЖУМАНИ
Мурод Исмоилов, «Пахтакор» бош мураббийи: «Бугун жуда қийин учрашувни ўтказдик ва муҳим ғалабага эришдик. Шогирдларимни кучли рақиб устидан қўлга киритилган ютуқ билан табрикладим. Биринчи бўлимни унчалик яхши бошлай олмадик. Бундай ҳолатга аввалги учрашувларда ҳам дуч келгандик. 25-дақиқалардан кейин ўйинимиз яхшиланди. Иккинчи бўлимда эса ташаббус «Насаф» томонида бўлганини тан оламан. Уларда имкониятлар юзага келди, лекин Лобанов бугун бехато ҳаракат қилди. Биз эса қарши ҳужумларда вазият юзага келишини кутдик. Бироқ аниқ ўйнаш насиб қилмади. Танаффусдан кейин жисмоний ҳолат ва тўпни назорат қилишда меҳмонлар устунлик қилишди. Босимнинг катталиги ҳам футболчиларга эркин ўйнашга имконият бермади».
Рўзиқул Бердиев, «Насаф» бош мураббийи: «Бугун жуда аламли мағлубиятга учрадик. Чунки рақибдан яхшироқ ўйнаган ҳолда имкониятни бой бердик. «Пахтакор»га қараганда кўпроқ хавфли вазиятларни содир этдик. Бироқ улардан фойдалана олмадик. Мезбонлар эса стандартдан унумли фойдаланиб, уч очкони қўлга киритишди. Ўша ҳолатда Козакнинг маҳоратини алоҳида таъкидлаган бўлардим. У жуда ажойиб зарба йўллади. Дарвозабонни бу голда айблай олмайман».