ЁШЛИК — БЕБОШЛИК Одил ЁҚУБОВ: — Мен Қозоғистоннинг Чимкент вилояти, Туркистон туманидаги Қарноқ қишлоғида аслида 1927 йилда туғилганман. Шу қадар аҳмоқ йигит бўлганманки, туғилган йилимни 1926, яъни бир ёш катта қилиб, онамни зор қақшатиб ҳарбий хизматга — урушга кетганман. Хизматга боргандан сўнг 7-8 ой ўтиб уруш тугади. Сўнг бизни Россия томондан Узоқ Шарққа жўнатишди. У ердан пороходларга ўтқазиб, Россиянинг Квонтун оролидаги Порт-Артур шаҳрига олиб кетишди. Олти ой денгизда сузиб манзилга етиб бордик. Худо ҳам ёшингни катта қилиб хизматга шошдинг, мана сенга дедими, олти йил хизмат қилдим! Саводим борлиги учун хизматда унча қийналмаганман. Отам раҳматли то қамалиб кетгунича бизни рус мактабида ўқитганди, шу асқотди. Уруш йиллари армиядаги офицерлар саводсиз эди, шунинг учун мен штабда хизмат қила бошладим. Бу ерда ёзишга имкон бор эди. Бўш қолдим дегунча ҳарбий қисмнинг кутубхонасидан китоб олиб ўқирдим. Хуллас, олти йилдан сўнг яхши хизмат қилган, итоаткор аскар, деб, «отпуск» беришди. Ўшанда уйга борганимда бу киши (рафиқаси Марям Ёқубовага ишора қилиб) 16 яшар қиз югуриб мени излаб келган, қарасам, мендан чиройли эмас (кулади). Марям ЁҚУБОВА: — Армиядан «отпуска»га бир ой йўл юриб уйга етиб келган экан-да, уйда бор-йўғи бир ҳафта бўлган. «ДЎКОНЧИ СИФАТИДА СЕВГАНМАН» М.Ё: - Биз ҳам асли туркистонликмиз, лекин Тошкентда яшардик. Мен таътилда бир-икки ойга қариндошларимизникига , Туркистонга борардим. Бу кишининг дўкони бор эди. Опам чарчамасин, деб гоҳида ўзи савдо қиларди. Ўшанда ёзувчи сифатида эмас, сотувчи сифатида яхши кўриб қолганман (иккаласи баравар кулиб юборди). О.Ё: — Ёзувчини бир тийинга олмаган-да! М.Ё: — Тоза, топилмас моллар бу кишининг магазинида бўларди-да! Шаҳарда йўқ нарсаларни шу дўкондан топардик. Ипак матолар пилла боққанларга бериларди, аммо мана шу қишлоқ дўконида у ҳам бор эди. Бу кишидан ҳатто пальто сотиб олганман. Кейинчалик ёзувчи сифатида танилгач, ёзганларимни олиб бордим. «Ўқинг, кўп ўқишингиз керак», деб қайтариб юборди. О.Ё: — Марямхон дадасининг гапига кирмай, мен билан қочиб кетган. Дадаси катта бир бойнинг ўғлига бермоқчи бўлиб юрган экан. Дадасига «Мен унинг келажагини кўриб турибман, бой деганингиз узоққа бормайди, аммо бу кишига пул ҳали қоплаб келади» дея, мен билан қочиб кетган. Шартта битта машинани олиб, бир дўстим билан Туркистонга борганмиз. Ўша ёқда тўй қилдик. М.Ё: — «Осий банда»га шуларни кўшмадингиз- да! О.Ё: — «Осий банда» — сўнгги асарим. Унга ҳаётимизнинг учдан бири кирган. «Шарқ юлдузи» журналига бергандим. Яқинда чоп этишни режалаштиришган. ЎҚИШ, ИШ, ПУЛЛАР… О.Ё: — ТошДУнинг филология факультетида ўқирдим. Бутун факультет қизлари менга ошиқ эди. Ортимдан юрган қизлар бу кишидан юз чандон чиройли эди (кулиб Марям опа билан ҳазиллаша кетди). М.Ё: — У чиройлиларни боқолмасдингиз. О.Ё: — Улар мени боқарди жон-жон деб (мириқиб кулишдик.) Хуллас, ўша ўқиб юрган пайтларимда ҳикояларим кетма-кет чоп этилди. Уларга Абдулла Қаҳҳорнинг нигоҳи тушган экан, мени чақиртирди. «Нима қиласиз ўқиб? Келинг, биз билан ишланг», деди. «Диплом нима бўлади?» дедим мен ҳам соддалик қилиб. «Диплом сизни ёзувчи қилармиди ё ҳикоя ёзиб берармиди?» деди ўшанда. Шундай қилиб Ёзувчилар уюшмасига ярим ставка ишга кирдим. У ерда ишлаб юрганимда бир неча китобларим чиқди. Уюшма томонидан уй ҳам беришди. Ҳамза театрида кетма-кет пъесаларим қўйилди. Чўнтак пулдан қаппайди. Шунинг учун Марямхонга раҳмим келиб, ҳовли сотиб олдим. Чунки бу уйда Марям ухлолмасди. Мен мазза қилиб ухлардим. Бу киши кечаси билан… канамиди? (Марям Ёқубовга қараб кулди). М.Ё: — Сизлар билмассизлар, ўша уйимизда қандала бор эди. Битга ўхшаб кетадиган, аммо ундан каттароқ ҳашарот. Катталиги қандоқ десам… О.Ё: — Мана шу олмадекми? Балки чойнакдекдир? М.Ё: — Гапга уста бўлиб кетибсизми? Оддий қора пашшадан сал кичикроқ эди. Роса чақарди. Уч боламни талаб, чақиб ташларди. Уларнинг йиғлагани… О.Ё: — Шунинг учун бу кишига раҳмим келиб ҳовли сотиб олдим. Бу ҳовлига келгач осон бўлмади. Тўрт деворни қаққайтириб кўтариб қўйган экан. Пойдеворининг кўча томони пишиқ ғишт, қолган томонининг икки хил: ички қатори хом, ташқи қаторига пишиқ ғишт терилган экан. Ёш бўлганмиз, билмаганмиз. Текширмасдан олаверганмиз. Кейин уй ҳолига келтиргунимизча уч-тўрт йил ўтиб кетди. ИЖАРА УЙ, ЮТУҚЛАР М.Ё: — Ижарада турганингизни гапирмайсиз-а? Қийинчиликларни ҳам айтинг-да! Уйланган йиллари ижарада турганмиз. Ўшанда ярим ставка ишлаб, яна ўқирди. Стипендия ва ярим ставканинг маошини оларди. Ҳам ижара пули тўлайди, ҳам ижара эгасини боқади, келиб-кетувчи меҳмонлар, яна ўқишга келганларни ҳам олиб келиб меҳмон қиларди. О.Ё: — Одамлар урушдан чиққан, нонга зор давр эди-да! М.Ё: — Йўқ, унчаликмасди. О.Ё: — Бу киши палов дамлашдан, чучвара тугишдан безор бўлиб кетганди. Шунинг учун айтаяпти (кулади). Ёзувчилар уюшмасидан кейин русчани яхши билганим учун «Литературная газета»га мухбир қилиб тайинлашди. У пайтлар бу газетанинг адади — 1.500.000, Москвадаги энг обрўли газета эди. Кўпроқ Қаҳҳорнинг асарларини юборардим. Бу катталарга ёқмасди. Яна Қаҳҳор билан Ш.Рашидовнинг муносабати унча яхшимасди. Шундай бўлса-да, у киши бир оғиз «Нега фақат А.Қаҳҳорни берасан, бошқа ёзувчилар ҳам бор-ку», демаган. Ундан кейин «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида беш йил бош муҳаррир бўлдим. Ҳеч ким ўқимайдиган газетанинг адади ўша йиллар 800.000 га чиқди. Роса жон куйдириб ишлагандим. Ишлаган жойларимни айтсам саҳифангизга сиғмай қолади. Депутат ҳам бўлдим, 75 ёшимгача ишладим. УСТОЗНИНГ ҲИССАСИ КАТТА О.Ё: — Устоз — нисбий тушунча. Чунки устоз деганингиз сизга асар ёзиб бермайди, ёзишни ўргатмайди. Фақат унинг асарларини ўқиб илҳомланасиз, йўл-йўриқ оласиз. Шу маънода Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар»и, «Меҳробдан чаён»и, Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз»и… Чўлпон… У улкан ёзувчи бўлиш билан бирга буюк шоир ҳам. Муҳаббатнинг саройи кенг экан, йўлни йўқотдим-ку, Асрлик тош янглиғ бу хатарли йўлда қотдим- ку. Карашма денгизин кўрдим, на нозлик тўлқини бордир, Ҳалокат бўлғусин билмай, қулочни катта отдим-ку… Қаранг, генеал шеър, буюк шеър. Чўлпоннинг оқланишида, дунё юзини кўришида, ёруғликка чиқишида адабиётшунос олим Озод Шарафиддиновнинг ҳиссаси катта бўлган. ОҒИР ДАМЛАР… О.Ё: — Ҳаёт бир текис эмас. Оғир кунларим ҳам бўлган. Чунки адабиётда тарафкашликлар ҳам бўлади. Бу фақат менинг бошимдан ўтмаган. Ёзувчи бўлиш осон эмас, бунинг ўзи бўлмайди, курашларда чиниқиб, пишиб, курашиб ёзувчи бўласиз. Ўшандаям истеъдодингизга тан беришсагина тарихда қоласиз. Шунинг учун олдиндан башорат қилиб менинг ҳамма асарларим севиб ўқилади, ҳамма даврда машҳур бўлади, деб ҳеч ким айтолмайди. БИР-БИРИ ҲАҚИДА О.Ё: — Эллик йилдан ошди турмуш қурганимизга. Қўша қаримоқ фақат менинг қўлимда эмас. Аллоҳнинг инояти. Марямхон яхши аёл. Фақат журналистика факультетига кириб охирги курсларини ўқий олмади. Фарзандларимиз кўпайиб, ўқишнинг имкони бўлмади. Болалар тарбияси, рўзғор… ўзи бўлмайди- ку! Энди Марямхон гапирсин. Лекин танқид қилади-да. Майли, қанча танқид қилсангиз қилаверинг. Танқиддан қўрқмайман. Ноҳақ туҳмат ёмон. М.Ё: — Баъзилар ўзи тенгилар, баъзилар ўзидан бир-икки ёш катта билан турмуш қуриб ўртоқдек, дўстдек яшайди. Бизнинг орамизда ўн бир ёш фарқ бор. Шунинг учунми мен бу кишига шу даражада ишонганманки… Марям опанинг бироз тин олганидан ёзувчи яна фойдаланди: — Бўлдими, шу билан гапингиз тугадими? Қарсаклар… (яна кулгу). М.Ё: — (Зўрға кулгидан тўхтаб). Гапиришга қўймаяпсиз-ку! Бу кишига ишонганман, суянганман. Қўллаб- қувватлаганман ҳам. Ҳаётимдан миннатдорман. Тўртта ўғлимиз бор. Қизимиз бўлмаса-да, келинларимиз қизимиздек. Катта ўғлим Мурод — техника фанлари доктори, иккинчи ўғлим Рустам — транспорт инженери, кейингиси Искандар — иқтисод фанлари номзоди, кенжамиз Малик — техника фанлари номзоди. Шуларнинг келажаги учун куюнардик. Худога шукур, ёмон бўлмади. Фақат улар бозор қилишни билишмайди- да! Олдидан чиққан биринчи нарсани ҳарид қилаверади. Отасига тортган-да! Бу киши қайси бозор қаердалигини билмайди. Устарасигача ўзим олиб келаман. О.Ё: — Бошланди танқид. Бир икки-марта ўласи қилиб урганимни ҳам айтинг! Бир сафар шундай урибманки, бир ой шифохонада даволаниб чиқди. Сўнг энди бормайман у уйга деб туриб олди. Мен оёғига йиқилиб сиз фариштасиз, ягонасиз, сиздай сулув аёл бутун инсониятда бўлмаган, деб олиб келганман. М.Ё: — Нима қиласиз, шунақа ёлғонларни тўқиб-а? О.Ё: — Эркакларга ибрат бўладиган олий фазилатим — хотинни урадиган одатим йўқлигини айтмадингиз- да! Ярим асрдан кўпроқ бирга яшабмизки, чертмабман-а! Бу хонадонга озгина қўрқув ва ҳаяжон билан кириб келгандим. Севимли адибимизнинг оиласи ҳам асарлари каби дилтортар, ибрат олгулик ва ҳавас қилгулик. Улар ўртасидаги меҳр, самимийлик ва бахтдан беихтиёр руҳланасиз. ФАОЛИЯТИ ВА МУКОФОТЛАРИ · Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси. · ТошДУ (ҳозирга ЎзМУ) нинг филология факультетини 1956 йилда тугатган. · 1955-59-йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи бўлган. · 1959-63, 1967-70- йилларда «Литературная газета»нинг махсус мухбири бўлиб фаолият юритган. · 1963-67-йилларда «Ўзбекфильм» киностудияси ва Ўзбекистон давлат кинематография қўмитаси бош муҳаррири бўлган. · 1970-82-йилларда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида бош муҳаррир ўринбосари. · «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасига 1982-87-йилларда бош муҳаррири бўлган. · 1987-91-йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси бошқарувининг биринчи котиби. · Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамашунослик кўмитаси раиси (1991 йилдан) ва Марказий Осиё халқлари маданияти Ассамблеясининг биринчи вице- президенти (1995 йилдан). · Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1977), «Дўстлик» (1994), «Эл-юрт ҳурмати» (1998) орденлари билан мукофотланган.