Ким учун арзон бўлдик, ким учун қиммат? Ким учун юпунмиз, ким учун бой? Ким учун шайтонмиз, ким учун фаришта? Одамлар ҳақида одамлар гапираверади... Одамлар ҳақида одамлар хулоса қилаверади... Бир кафеда ўтирганимда ёнимда ўтирган отахон ҳамроҳларига шундай деди: "Икки хил фаришталар бўлади. Бири осмондан тушган, бир одам қиёфасида орамизда яшайди... Уларнинг фарқини биласизми? Осмондан тушгани инсонларни текин даволайди, орамизда оппоқ кийиниб юрганлари эса "бер-бер” дейишдан тўхтамайди...”Бер-бер” деганига беравериб, устимдаги шу кийимим қолди...Яқиним ҳам жонини бериб юборди!” Бир машҳур хонанда Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолободида кечган июн воқеалар- этник тўқнашувлар ҳақида ёниб гапирди. Интернет орқали видео- лавҳаларни кузатар экан, кўз ёш ҳам тўкди. Қўшиқ куйлади. Бир мақолани муҳокама қиларкан, қирғиз журналистлари ҳақида одамлар орасидаги ҳазил, бироқ аччиқ нақл- ".... га, арпа уруғи баҳона” дея истеҳзо қилди. Бир хизмат кўрсатган артист бир халқ артисти ҳақида деди: "Муносабатларимиз яхши. Тўйда кўришиб қолдик, унга ҳурматим баланд, шу боис илиқ табассум билан салом бердим. Бироқ, у юзини терс ўгириб ёнимдан ўтиб кетди. Мен аранг қотдим. У мени кўрмади десам, шундоқ юзма-юз учрашдик, у мени ёмон кўрармикан десам, ҳеч орамиздан ола мушук ўтмаган... Бу ҳолатни кўрган одамлар турли ўйга бормадимикан?” Бир ёши катта тиллафуруш аёл ҳақида айтиб қолишди: "Олой бозорининг қоқ марказида тилла дўконлари бор. Ҳеч нимадан кам кўсти йўқ. Бироқ, ҳаётдан нолигани нолиган, "шайтон суви”га неча йилдирки ошно... Умра сафарига борган-у, нега бориб келганини фаҳмлармикан? Фарзанд кўрмагани боисми, ҳаётдан барвақт кўз юмган синглининг фарзандларига ғамхўрлик асносида фақат тошбағирлигини кўрсатгани кўрсатган... Бир умр фоний ҳаётда қолиб кетадигандек, бойликка сиғинадиган аёл”. Одамлар тинмай гапиришади. Иғво қилибмас, яхши ёмоннинг фарқига етмоқлик учун мисол қилиб! Бир дўстим одамлар орасидаги нафрат, хусумат, кўролмаслик, иккиюзламачилик, ёлғончилик, дилозорликларни кўриб шундай деди: "Мен бу ҳаётни тарк этганимда, ҳатто гўрков ҳам йиғласин”. -Энг яхши одамлар сафида бўлишни истайман, дея фикрини тугатади, у. Минглаб касблар, турли дин, турфа одамлар...Яратган эгам Ер юзида ақл- заковат улашган ягона зот ОДАМ эмасми? Аслини олганда, Одамни одамдек севмоқ керак. Одамдек яшашни билмасак, биз неларга қиёсмиз? Эволюцион ривожланишдаги сўнгги тўхтам маймунлар сафига қўшилиб қолмаймизми? Шундай яшайликки, одамлар ҳақида одамлар гапирганда, фақат одамларга хос таърифлар сўзлашсин! Ҳатто қулоқлар уялмасин, бош мия марказидан келган сезгидан қалб қасри вайрон бўлмасин...Одам бўлайлик, одам! Одамлар ҳақида одамлар шундай деди. Мен эшитган, билган ва шахсан ўзим шоҳид бўлганларимни одамлар ичидаги бир одам сифатида қоғозга қораладим. Бу мақолани ўқиб, бир одам сифатида сиз ҳам муҳокама қилиб, одамлар ҳақидаги фикрингизни билдиришингизга ишонаман.
|