Главная » 2013 » Aprel » 25 » ОАВ Тошкентда милиция велосипедларни олиб қўйиш бўйича рейдлар бошлагани ҳақида хабар берди
16:46
ОАВ Тошкентда милиция велосипедларни олиб қўйиш бўйича рейдлар бошлагани ҳақида хабар берди
Тошкент шаҳар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари фуқаролардан велосипедларни оммавий олиб қўйиш бўйича рейдлар ўтказишни бошлади. «Новий век» газетасининг маълум қилишича, велосипедчилардан уларнинг транспорт воситасини олиб қўйишдан ташқари, 26,5 минг сўмдан жаримага ҳам тортилмоқда.
«Новий век»га бир вақтнинг ўзида бир неча велопрокатларнинг маълум қилишича, велосипедларни ижарага берувчи шаҳобчаларга ўз бизнесларини тўхтатиш тавсия қилинган. Уларнинг сўзларига кўра, велосипедлардан фойдаланишни чеклаш бўйича тадбирлар якшанба куни бошланган ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш орган ходимлари оғзаки кўрсатмага асосланиб иш кўришмоқда.
Тошкент шаҳар йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасидаги «Новий век»нинг манбаси берган маълумотга кўра, ушбу чора-тадбирлар велосипедчилар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисалари сони кўпайиб кетгани билан боғлиқ.
Нашрнинг ёзишича, велосипедлар транспорт воситаси эгасининг ёши ва турган жойидан қатъий назар олиб қўйилмоқда. Хусусан, Чилонзор даҳасида жойлашган велопрокатлардан бирининг эгаси «Новий век»га берган маълумотга кўра, унинг бир неча мижозларидан велосипедларни, улар «Ҳамза» метро бекати яқинида тротуарда гаплашиб ўтиришган жойида олиб қўйишган.
«Милиция ходимлари бўлган учта автомобиль келиб, ҳеч нима демасдан мижозлардан велосипедларни олиб қўйган, велосипед учиб юрган йигитларни эса милиция бўлимларидан бирига олиб боришган. Келган машиналардан бири Damas бўлиб, унга велосипедлар ортилган», – дейди «Новий век»га маълумот берган манба.
Манбанинг қўшимча қилишича, милиция бўлимига олиб борилганлар нима учунлигини билмасдан, 26,5 минг сўмдан жарима тўлашган.
Тошкент шаҳрида велосипедлар учиш 2012 йилдан оммалашиб кетган эди. Айнан шу йилдан бошлаб кўплаб велопрокатлар ишга тушган. Шаҳарда қанча велопрокат борлиги аниқ эмас.