Главная » 2014»Fevral»15 » Нюша:"Ўзбекларнинг меҳмондўстлигига амин бўлдим!"
23:33
Нюша:"Ўзбекларнинг меҳмондўстлигига амин бўлдим!"
24 ёшни қаршилаган Россия эстрадасининг таниқли хонандаси Нюша концерт дастури билан Ўзбекистонга таъшриф буюраётгани ҳақида мана салкам икки ойдан буён тинимсиз реклама бериб борилди.
Очиғи, илк бор унинг концерти ҳақида реклама баннерларини кўрганимда "Ўзбекистонда Нюшанинг қўшиқларига талаб қандай экан?” деган савол ўйлантирди. 3 феврал куни "Истиқлол” санъат саройида саволимга яққол жавоб топилди. Аввалига журналистлар учун матбуот анжумани уюштирилиши эълон қилинган бўлса ҳам минг афсуски, бу амалга ошмади. Бу хонанданинг инжиқлигими ё ташкилотчиларнинг бепарволиги?.. Соат 18:00! Концерт бошланишига бир соат вақт бор. Саҳна ортида Россиялик меҳмонимиз энг машҳур қўшиқларидан бири "Выше”га раққосалари билан репетиция қилаётганди. Шу ўринда эътиборимни тортган бир жиҳат бу — Нюша чет эллик ҳамкасбларидан фарқли ўлароқ бутун ижодий гуруҳи билан ташрифи бўлди. Яна бир аҳамиятли томони хонанда энг сўнгги концерт дастури билан ташриф буюрганди. Айтиш мумкинки, хонанда бу борада таваккалга қўл урган. Асосий мақсадимиз концерт дастурига тўхталиш эмас, балки Россия эстрадасининг энг машҳур хонандаси билан кечган эксклюзив суҳбатни тақдим этиш! Алоҳида таъқидлаш керакки, журналислар билан кўришишга рози бўлмаган бўлса-да, "Даракчи” газетаси учун вақт ажратди...
— Сизни кўриб турганимиздан жуда хурсандмиз. Ўзбекистонга ҳуш келибсиз!
— (Самимий жилмайиб), раҳмат! Сизларнинг меҳмондўст халқ эканингизга яна бир карра амин бўлдим. Об-ҳавонинг бу қадар совуқлигига қарамай, илиқ кутиб олганингиздан хурсандмиз!
— Маълумки, юртимизда бир неча бор бўлгансиз!
— Ҳа, янглишмасам Ўзбекистонга олтинчи бор ташриф буюришим.
— Ижодингиздаги илк учта клипни ҳам айнан бизнинг юртимизда суратга олганингиздан ҳам хабаримиз бор.
— Ўзбекистон ниҳоятда гўзал ўлка. Бир-биридан қолишмайдиган даражадаги масканлари талайгина. Бир қўшиғимнинг клипини клипмейкер таклифи билан Ўзбекистон чўлларида суратга туширганмиз. Айнан тасвирга олиш жараёни билан боғлиқ қизиқарли хотираларимни кўп эслайман. Чўлнинг гўзал манзарасига қарамай, юрагимда катта қўрқув бўлганди. Боиси мен учун янги кўриниш эди-да! Кимсасиз ерларда гўё бир ўзим ёлғиз қолиб кетаётгандек туюлаверган (кулади).
— Ўзбекистонга уюштирган ташрифингиздан бирида ўзбек лағмонини ёқтириб қолган экансиз. Бу сафар-чи? Юртимиздан Россияга нима олиб кетишни мўлжалладингиз?
— (Кулади), ёнғоқларни! Меҳмонсевар халқнинг дастурхонига қўйиладиган ҳар хил ёнғоқларни паққос туширяпман. Москвага ҳар биридан камида ярим қоп олиб кетсам керак.
— Журналистларга муносабатингиз қандай? Улар билан кўп мулоқотда бўласизми?
— Қачонлардир журналистларга жуда кўп интервью берганман. Бу соҳада ишлайдиган танишларим ҳам талайгина. Аммо бугунга келиб, ижодий гуруҳимиз ОАВ билан деярли алоқани узганмиз. Одамларнинг меъдасига тегиб қолишдан қўрқаман! Ўзимни эслатиб туришни хоҳлайман, бироқ меъёр даражасида.
— Машҳурлик даражасини нима билан ўлчайсиз?
— Мен учун машҳурликнинг даражалари йўқ!
— Кимдир рейтингини турли хит-парад ва тақдимот маросимдаги ютуқлари билан ҳам ўлчайди...
— ...турли рейтинглардан ҳам кўра концертимдаги тўлиб турган зал муҳим!
— (Бироз ўйланиб), Севара Назархон, Согдиана ва Шаҳзода.
— Уларнинг бирортаси билан дуэт куйлашни истармидингиз?
— Дуэт масаласида аниқ жавоб беришим қийин. Бу ҳақида ўйлаб кўришим керак...
— Қўшиқ танлашда кўпроқ нималарга эътибор берасиз?
— Ҳар бир қўшиғимда кичкина бўлса ҳам тарих бор. Қўшиқ воқеаларининг айримларида ўзим ҳақимда куйласам, баъзиларини ён атрофимдагиларнинг ҳаётидан таъсирланган ҳолда куйлайман. Қўшиқларим юракка етиб боришини истайман!
— Интервьюларингизнинг бирида "Санъат соҳасида кўпроқ вақт таълим олмаганимдан афсусланаман!” деган экансиз. Аммо ота-онангиз санъат вакиллари. Аксинча бўлиши керак эмасмиди?
— Очиғи, дадам бу соҳадан кетишимни унчалик ҳам хоҳламаган. Балки ўзи санъат қозонида қайнагани учун истамагандир. Мустақил равишда мусиқа билан шуғуланаётганимни кўриб, вақтинчалик қизиқиш деб ўйлаган. Аммо уринишларим жиддийлигини тушунгач, дадамнинг ўзи мени мусиқа мактабига олиб борган.
— Биламизки, продюсерингиз – ўз отангиз. Ишда учрайдиган баъзи муаммоларни ечишда қандай йўл тутасизлар?
— Отам билан келишиб ишлашга одатланганмиз. Ишонасизми ёки йўқ, шу кунга қадар бирор марта келишмай қолганимизни эслолмайман. Борди-ю, отамнинг таклифига эътирозим бўлса, сабабини тушунтираман. Ҳамма нарсани дўстона ҳал қилишга одатланганмиз.
— Ижодкор учун яхши мусиқа ва матн топиш осон иш эмас. Аммо бу сиз учун муаммо бўлолмайди. Боиси қўшиқларингиз муаллифи ўзингизсиз. Айтингчи, бошқа муаллифлар билан ҳам ишлашингиз мумкинми?
— Россиялик танқичилар сиз ва хонанда Максимни кўп таққослашади. Ҳатто сизларни бир-бирингизга ўхшатишларини ҳам кўп эшитганмиз.
— Биз умуман бир-бирмизга ўхшамаймиз. Буни услубимиз ва мусиқаларимизни тинглаб ҳам билиш қийин эмас. Балки бир авлод вакили ва тингловчиларимизнинг аудиторияси ҳам битта бўлгани учун таққослашар.
— Шахсий ҳаётингиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз?
— Шахсий ҳаётимга жуда кам вақт ажратяпман. Бор эътиборимни ижодга қаратгим келади. Ижоддан ташқари, ўзим учун сарфлаган ҳар бир вақтимни қизғонаман. Масалан, бир кун давомида уйдан чиқмай телевизор қаршисида ўтказган куним учун бир ой виждон азобида қийналаман.
— Режаларингиз қаторида оила қуриш ҳам бордир?
— Албатта! Фақат бу режа тахминан тузилган. Аввалам бор, оила қуришим мумкин инсонни учратишим керак. Мени ва касбимни хурмат қиладиган инсон бўлишини истайман!
Нюша билан суҳбатимиз истаганимиздек узоққа чўзилмаган бўлса-да, унинг феъл-атворини қисқа савол-жавоблардан ҳам билиш мумкин эди. Бироз жиддий, саволларга қисқагина жавоб беришни маъқул кўрувчи бу хонанда билан кейинги концертларда яна учрашгунча ҳайрлашдик. Ҳа айтганча, Нюшанинг Ўзбекистондаги концерти ҳақида икки оғиз. Очиғи, бизда унинг тингловчилари бунчалик кўп, деб ҳеч ўйламагандим. Залдагилар хонанда билан биргаликда куйлаб, рақсга тушиб мазза қилишди. Асосан мутлақо янги қўшиқлар янграганига қарамай, мухлислар хонандани рақс ва қарсаклари билан қўллаб-қувватлашди. Шунингдек, унинг концертини шахсан тамоша қилиш учун ўзбек эстрада вакиллари ҳам ташриф буюришди. Хонандалар Райхон, Муниса Ризаева, Анвар Санаев, Дилшод Раҳмонов, Жасур Умиров, Азиз Раметов, Сардор Мамадалиев, Сайёра Қозиева, Дилфуза Раҳимова, Дилфуза Исмоилова шулар жумласидан.