Главная » 2013»Sentyabir»6 » Нью-Йоркнинг қоқ марказида Ўзбекистон байроғи кўтарилди
01:43
Нью-Йоркнинг қоқ марказида Ўзбекистон байроғи кўтарилди
Ватанимиз мустақиллигининг 22 йиллиги муносабати билан Нью-Йорк шаҳрининг тарихий, маданий ва молиявий маркази Уолл стритда 2013 йил 1-7 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси байроғи ҳилпираб туради.
Тантанали байроқ кўтариш маросими Ўзбекистон Республикасининг БМТдаги доимий ваколатхонаси, Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консуллиги, Туркистон-Америка Уюшмаси ва Фонд Форум томонидан ташкил этилди. Маросимда 100 дан ортиқ меҳмонлар, хусусан, ижтимоий-сиёсий доиралар ва ОАВ вакиллари, БМТ тизимида фаолият юритувчи ўзбекистонликлар, ўзбек диаспораси, Нью-Йорк шаҳри аҳолиси вакиллари ва саёҳатчилар иштирок этишди.
Тадбирга келган ўзбек диаспораси вакилларининг кўпчилиги ўзбек миллий либосларини кийиб олишганди. Ўзбекистон Республикасининг БМТдаги доимий ваколатхонаси вакили ўз табригида 22 йил – бу мамлакатлар пайдо бўлиши ва жаҳон харитасидан ўрин олиши учун тарих олдида жуда қисқа муддат эканлигини таъкидлади. Бироқ, ана шу қисқа давр мобайнида Ўзбекистон юз йилларга татигулик йўлни босиб ўтди. 1992 йил БМТнинг тенгҳуқуқли аъзосига айланган Ўзбекистон бу йиллар мобайнида дунёнинг деярли барча мамлакатлари билан дипломатик муносабатлар ўрнатди ва бу муносабатларни мустаҳкамлаб келмоқда. Таъкидландики, "Биз буюк ва қадимий тамаддун вакилларимиз. Бизнинг анъаналаримиз, урф-одатларимиз, миллий ва диний байрамларимиз бугунги кунгача сақланиб келаётган ўзга хослигимиз ва миллий ғуруримизнинг катта элементлари ҳисобланади”.
Шу чиқишдан кейин Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон Республикаси байроқларининг кўтарилиш маросими ўтказилди. Тантанали байроқ кўтариш маросими жараёнида икки давлат мадҳиялари янгради. Энди ватанимиз давлат рамзи ҳисобланган байроғимиз Нью-Йорк шаҳрида, 15 метр баландликда бир ҳафта мобайнида ҳилпираб туради.
Шундан кейин тантана иштирокчиларига ўзбек миллий мусиқий композициялари, қўшиқлар ва рақслардан ташкил топган маданий дастур намойиш этилди. Шу куни Ўзбекистон мустақиллигининг 22 йиллигини тантанали нишонлаш учун йиғилган ватандошларимиз, туристлар ва бошқа меҳмонлар дилларида ўзгача туйғулар билан қайтишди.