Шу йилнинг 1 май куни Тошкентнинг Миробод кўчасида номаълум шахс томонидан автомобилда кекса бир киши уриб юборилган.
Маълум бўлишича, қария қарама-қарши томонда жойлашган дўкон томон ҳаракатланаётган бўлган. Айбдор қилгиликни қилиб, шу ондаёқ қочиб қолган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимларининг сўзларига кўра, «Grand Mir Hotel» меҳмонхонаси томида ўрнатилган камера ўша мудҳиш воқеадан сўнг бампери урилган машинани катта тезлик билан юриб кетганини тасвирга олган.
Шундай қилиб, қарияни «Nexia»русумли оқиш ёки қаймоқ рангдаги автомобиль уриб юборган, деб тахмин қилинмоқда. Афсуски, машина рақами ва рулда эркак ёки аёл бўлгани номаълумлигича қолмоқда. Аммо мутахассисларнинг айтишича, мазкур ҳолатга гувоҳ бўлган кишини топиш айбдорни аниқлашни осонлаштирар эди.
Икки ҳафта муқаддам 82 ёшни қаршилаган Марат ота Рустамбеков бугун бир нотавоннинг айбини деб орамизда йўқ. Энг ачинарлиси шундаки, бу каби қабих ҳолатлар тез-тез учраб турибди.
Кузатувчиларнинг айтишича, мазкур кўчада йўловчилар учун ўтиш жойи ташкил этиш, светофор ўрнатиш ва ҳудудда автомобиллар тезлигини камайтириш каби ишлар бундай нохуш ҳодисаларнинг олдини олган бўлар эди.
uz24.uz порталининг хабар беришича, кекса кишини уриб қочиб кетган автомобил эгаси кеча топилган. Авария содир этилган кўчада эса пиёдалар йўлакчаси пайдо бўлган.