Адабиётшунос олима Муҳаббат Шарафутдинова 2013 йил 3 март куни вафот этди. Таниқли адабиётшунос олим, марҳум Озод Шарафутдиновнинг қизи 62 ёшда эди.
Муҳаббат Шарафутдинова 1951 йилда туғилган бўлиб, 1968 йили Тошкент Давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)ни филолог мутахассислиги билан якунлаган. Сўнгги бир неча йил давомида ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультетида адабиётшунослик ва публицистика кафедрасига мудирлик қилиб келган, бироқ сўнгги вақтларда бетоблиги сабаб меҳнат фаолиятидан четда эди.
Муҳаббат Шарафутдинова ўнлаб адабий-танқидий ишлар, мақолалар муаллифи ҳисобланади. «Набоковни англаш», «Чўлпоннинг «Кеча ва кундуз» романи жаҳон бадиий анъаналари кўзгусида», «Ўткир Ҳошимов ва Уильям Фолкнер асарларининг ҳикоя услуби ўзига хосликлари», «Чингиз Айтматов ва ўзбек адабиёти», «Озод Шарафутдиновнинг фалсафий-эстетик қарашлари» ва бошқалар шулар жумласидандир.
Муҳаббат Шарафутдинова адабий танқидчилик соҳасидаги ўзининг илмий ишлари ва тадқиқоти билан ўзбек китобхонларига миллий ва жаҳон адабиётини ўзига хосликларини кўрсатишга, шунингдек, педагогик фаолияти билан қатор истеъдодли мунаққид ва адабиётшунослар гуруҳининг пайдо бўлишига улкан ҳисса қўшган олималардан биридир. manba:darakchi.uz