SHERLAR.BIZ Yakshanba, 22.12.2024, 08:59
Приветствую Вас Mehmon | RSS
Меню сайта
Категории раздела
Latifalar [11]
Primyeralar [12]
Mobil telfonlar [197]
Sevgi dunyosi [826]
Qo'shiq matni [94]
Texnogoliyalar [98]
Kino yangiliklari [71]
Jahon yulduzlari [58]
Dunyo xabarlari [706]
Salomatlik sirlari [13]
Sport yangiliklari [589]
O'zbek yulduzlari [130]
Shou biznes olami [575]
Foydali maslahatlar [253]
Taomlar retseptlari [6]
Yulduzlar biografiya [59]
Qiziqarli malumotlar [697]
O`zbekiston Yangiliklari [641]
Munajjimlar bashorati 2017, 2018, 2019 / Мунажжимлар башорати 2017, 2018, 2019 [0]
Yangi qo'shiqlar 2017, 2018 [0]
Yangi mp3lar 2017, 2018 [0]
25-May bitiruvchilar kuni uchun she'rlar [1]
Ramazon tabriklari / Ro'za haqida she'rlar tilaklar [1]
Onalar haqida juda tasirli she'rlar / Manoli / Mazmunli [1]
Do'stlik haqida sherlar / Yaxshi va yomon do'stlar haqida she'rlar to'plami [1]
Наш опрос
Sayt haqida fikringiz
Всего ответов: 285
Мини-чат
Статистика


Hozirda saytda: 10
Mexmonlar: 10
Foydalanuvchilar: 0
Главная » 2014 » Aprel » 21 » Мавлуда Асалхўжаева Мирзабек Холмедовнинг таъзирини берган?!
01:09
Мавлуда Асалхўжаева Мирзабек Холмедовнинг таъзирини берган?!
Мавлуда Асалхўжаева Мирзабек Холмедовнинг таъзирини берган?!
У ҳамиша танқидлар қуршовида, боиси бачканаликда айблашади. Кўринишадан жахлдор бу аёл билан суҳбатлашиш жуда мароқли. У болаларча соддалиги, ҳақиқий ўзбекка хос бўлган жайдарилик, чапаниликни йўқотмаган. Ҳатто тилёғламалик қилишни, журналистлар билан суҳбатларда фикрларини зарқоғозга ўраб етказишни ҳам билмайди. Қандай ўйласа, шундай гапиради. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Мавлуда Асалхўжаевага хос самимийлик билан бўлиб ўтган суҳбатимизда ҳам хонанда ҳар қандай танқидий руҳдаги саволларимизга ҳам очиқ-ойдин жавоб берди.

— Шу кунларда сизни топиш анча қийин бўлиб қолган. Ўтган ҳафта газетамиз орқали ҳам бу ҳақида ёзгандик.

— Хабарим бор. Лекин “излаган имкон топар”, дейишади. “Асалхўжаевани топиб бўлмайди”, деб ёзган журналист қиз астойдил қидирганида албатта топган бўларди! Мана сиз топдингиз-ку.

— Кўпчилик журналистларнинг айтишича, айтмоқчи бўлган гапингизни тўлиқ етказиб беролмас экансиз....

— Йўқ, янглишяпсиз. Саволларга аравани қуруқ олиб қочмасдан, дангал жавоб беришга ўрганганман. Тўғри, баъзи санъаткорларга ўхшаб, фикрларимни адабий қилиб етказиб беролмасам-да, айтмоқчи бўлган гапимни тушунарли ва лўнда қилиб гапириб қўя қоламан. Лекин ҳамма журналистларни ҳам саводли, гапларимизни худди ўйлаганимиздек қоғозга туширишади, дейиш қийин. Уйимга келиб интервью олиб кетишади. Берилган саволлар, суҳбатдан мамнун бўлиб қоламан-да, газетани қўлимга олгач, суҳбатдан кўнглим тўлмайди.

— Нималар Мавлуда Асалхўжаеванинг ғашига тегади?

— (Жаҳли чиқиб) Одамлар мени ТВда кўриб “Вой шу ёшида айтган қўшиғини қара, бас қилса бўларди”, дейишлари жуда ғашимга тегади. Ҳам ёшларбоп, ҳам катталарга ёқадиган қўшиқлар айтгим келади. Чунки бугунги замон шуни талаб қиляпти. Тингловчиларнинг талаби ҳам шу. Ушбу талабга жавоб берсанггина санъат қозониди қайнайсан. “Сиз каттасиз, ёшларни катта йўлга олиб боришингиз керак”, деган танбеҳларни тўғри қабул қиламан. Лекин бир ўзимнинг қай бирига кучим етади? Атрофимда биз билан бирга ижодини бошлаган ва давом эттириб келаётган бирорта санъаткорни кўрмаяпман.

—Бугун ғашингизга тегишга мажбурман! “Унутма”, “Алам қилар”, “Хиёнат” каби одамларнинг кўнглига яқин, “хит” қўшиқларингиз ҳозир йўқдек. Мавлуда Асалхўжаеванинг ижодида аввалги халқоналик йўқолган.

— Кечирасиз-у, фикрингизни мутлақо рад этаман. Халқона қўшиқларни тингловчиларнинг ўзлари эшитишмаяпти.

— “Гилос” номли қўшиғингиз миллий услубда бўлса-да одамларга ёқяпти-ку!

— Бу қўшиқни илк бор 2008 йилдаги концерт дастуримда куйлагандим. Ўшанда одамлар бу қўшиққа унча эътибор қилишмаган. Энди қаерга бормай, шу қўшиқни сўраб, “янги қўшиғингиз яхши чиқибди”, дейишяпти. Демак, бу қўшиқнинг даври энди келибди.

— Нега доим турк қўшиқларини кўчириб куйлайсиз?

— Ҳар бир қўшиқни қонунан сотиб олиб куйлайман. Ўтган йили таҳририятга ўша қўшиқларни сотиб олганим ҳақидаги хужжатларни олиб боргандим. Аслида у қўшиқлар туркларники ҳам эмас. Улар ҳам мусиқаини греклардан олишган. Устига устак хорижий қўшиқларни ўзбекчалаштирган битта мен эмасман. Истаган хонандани кўрсатинг, қайси қўшиғи қайси халқники эканини айтаман. Бу билан ҳамкасбларимнинг “инига чўп суқиш” ниятида эмасман. Ҳозир шоу-бизнесда қўшиқни хорижий мусиқа билан бошлаб, ўртасига ўзбекча оҳанг қўшиб, охирини яна бошқача қилиб тугатиш урфга кирган. Гўёки улар қўшиқни ўғирламаган, шунчаки, ўхшаш бўлиб қолган. Мен эса буни ўзимга эп кўрмайман. “Ошинг ҳалол бўлса кўчада ич”, деб бежиз айтишмаган.

— Қўшиқларингиз ҳамон севги, хиёнат ҳақида. Оила, ота-онага ҳурмат, ватанпарварлик, панд-насиҳат тарзидаги қўшиқларингиз деярли йўқ.

— Бор, фақат бундай қўшиқларим одамлар эътиборидан четда қолиб кетади. Кўплари тингловчиларга етиб боришга ҳам улгурмаган. Лекин мухлислар доим замонавий, ҳозиргидек қўшиқларимни яхши кутиб олишади. Ватан ҳақида ҳам ажойиб қўшиқлар куйлаганман, лекин негадир тингловчилар назарига тушмаган. Яқинда бир қиз “Севсангиз аввал шу Ватанни севинг...” деб куйлаб чиқди. Мусиқаси ҳам, сўзлари ҳам жуда таниш. (Кулиб) Кейин билсам бу қўшиқни бир неча йил илгари ўзим куйлаган эканман. Ҳатто қўшиқларни ўзим ҳам унутаёзганман.

— Тўйларда доим туркча қўшиқларни куйлашингизнинг сабаби нимада?

—Имкони бўлса вақт топиб, мен билан тўйларга борсангиз яхши бўларди. Қанчалик ўзимизнинг миллий қўшиқларни куйлашга урунмай одамлар келиб, “Шўх бола”ни, “Чал-чал”ни айтинг”, деб кетишади. Ҳатто қайси қўшиқларни айтишимни аввалдан ёзиб берадиганлар бор. Ишонсангиз “Шўх бола” қўшиғини айтишни шунчалик ёмон кўраманки, сизга буни тушунтириб беролмайман. Бир-иккита тўйларда куйламасликка ҳаракат қилсам, одамлар “ўшани айтинг”, деб келаверишади. Илож қанча, уларнинг талабини бажариш бизнинг вазифамиз.

— Биласизми, негадир баъзи аёллар сизни ёқтиришмайди?

— (Жаҳли чиқиб) Жуда ошириб юбормадингизми? Эътиборингиз учун асосан аёлларнинг талаблари билан тўй-ҳашамларга таклиф қилишади. Хўш, қайси аёл мени ёмон кўраркан? Рисоладагидек санъаткор бўлсам, бировнинг тўйида жанжал кўтармасам, аксинча хурсандчилигига шерик бўлиб, хизматини кутганидан зиёда қилиб чиқиб кетсам...

— Жаҳлингиз чиқишини билгандим. Айтмоқчи бўлганим, сиз кўпроқ аёллар дардини куйласангиз ҳам мухлисларингизнинг кўпчилиги – эркаклар.

— (Кулиб) Шунақа демайсизми? Бу ҳақда сира ўйлаб кўрмаган эканман. Мухлислар аёлми, эркакми муҳими эътиборда эканимиз, бизни тинглашаётгани! Аёллар тилидан айтаётган қўшиқларим, эркакларнинг юрагига етиб боряптими, демак мен ҳақиқатдан ҳам аёллар хонандасиман. Сизга бундан бошқа қандай исбот керак?

— Аввал санъаткорнинг тўйга чиқиши уят саналарди. Бугун эса бу оддий ҳолга айланган. Баъзилар ҳатто тўйга чиқиб, пул топиш учун санъаткор бўляпти.

— Гапингизда жон бор. Лекин мен халқимизнинг яхши кунида хизмат қилишни айб санамайман. Чунки, бугун санъаткорга бўлган қараш, эътибор аввалгидан анча фарқ қилади. Ҳозир қаерга бормайлик одамлар уйининг тўрига ўтказиб, хурматимизни жойига қўяди. Аммо бундан ҳаволанмаслик керак. Қарсак чалиб осмонларга кўтарадиган ҳам, ерга тушириб қўядиган ҳам шу халқ. (Кулиб) Талабалик йиллларимдаги бир воқеа ёдимга тушди: Биринчи курсда ўқирдим. Дугонам билан ўқишимиз йўлагида қўшиқ куйлаб ўтирсам, ёнимга бошқа босқичда ўқийдиган Мирзабек Холмедов келиб қолди. “Сизга бир гап айтсам майлими?” деди. “Ҳа, гапиринг”, дедим. “Мавлуда, жуда чиройли қўшиқ айтаркансиз, тўйга таклиф қилсам борасизми?” деса бўладими. У вақтлар Мирзабекнинг сочлари узун, жингалак эди. “Ҳали сен мени тўйга таклиф қилмоқчимисан?” деб сочига ёпиша кетганман. Зўрға ажратиб олишган. Ховуримдан тушиб кафтимга қарасам жаҳл устида Мирзабекнинг бир тутам сочини юлиб олган эканман. (Кулиб) Ҳалигача бу воқеаларни кулиб эслаймиз.

— Синглингиз билан бўлиб ўтган суҳбатда “Опам қайси қўшиғига клип суратга олишни билмайди. Қайси қўшиққа клип олсам экан, деб маслаҳатлашади-ю, барибир ҳафсалангизни пир қилиб, ўз билганидан қолмайди”, деганди.

— Гули аввал ўзини билсин! “Опа қайси қўшиғимга клип олай?” деб 4-5 та қўшиқни олиб келади-да, “мана бунга ол”, десам “хўп” деб кетиб, ўз билганидан қолмайди.

— Сиз ҳақингизда гап очилгудек бўлса “Асалхўжаева турмуш ўртоғи билан ажрашиб бўлган. Улар бирга яшашмайди, Давлет ака оғир касалликка чалинган”, деган гапларни эшитамиз.

— Аллақачон бундай гапларга қулоқ солмайдиган бўлиб кетганман. Эл оғзига элак тутиб бўлармиди? Ҳар кимнинг оиласида қандай вазият эканини, турмушидаги кам кўстларини фақат тўрт девор билади, холос. Тўғри, Давлетнинг бироз вақт тоби бўлмади. Ўзим бош бўлиб, шифокорларга қаратдим. Шукр, бирга яшаб келяпмиз. Худди айбдор кишидек ҳадеб “бирга яшаяпмиз, ишонмасангиз келиб кўринг”, деяверишдан чарчадим.

— Мавлуда Асалхўжаеванинг ҳануз ўз мавқеини ушлаб келаётганининг сири нимада?

— (Узоқ ўйланиб) Садоқатда! Халққа, оилага, санъатга, дўстларга бўлган вафода. Ёш санъаткор қизларимизга ҳам оилангиз, яқинларингиз, Ватанга садоқатли бўлинг, деб маслаҳат бераман. Ҳаётим давомида нимагаки эришган бўлсам, ҳаммасининг ортида тинимсиз меҳнат, бедор тунлар ётибди. Бировнинг турмушини бузмадим, оиламни ярим йўлда ташлаб кетмадим. Фарзандларим, оиламнинг келгуси тақдирини вақтинча бежирим кўринган нарсаларга алмашмадим. Шукр, бугун оилада ҳам, жамиятда ҳам, санъатда ҳам ўз ўрнимни топдим!

— Оилангизда ҳамманинг ташвиши сизнинг гарданингизда. Сира хотиржам ўтирганингизни кўрмаганман.

— Оиламдагилар, ука-сингилларимга ота ўрнида ота, она ўрнида онаман. Ташқаридан қараганда залворли ва ташвишли кўринган турмуш тарзига кўникиб кетганман. Сўзларимни оила бошлиқлари, катта фарзандлар яхши тушунишади.

— Қачон кўнглингиз хотиржам бўлади.

— Қачонки ёнимдагилар кулиб турса.

Қамариддин ШАЙХОВ суҳбатлашди
Категория: Shou biznes olami | Просмотров: 2329 | | Теги: Мавлуда Асалхўжаева Мирзабек Холмед | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Вход на сайт
Поиск
Календарь
«  Aprel 2014  »
ПнВтСрЧтПтСбВс
 123456
78910111213
14151617181920
21222324252627
282930
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Хостинг от uCoz