"Манго” – уч йигитдан иборат бу гуруҳ ҳали у қадар танилиб улгурмаган бўлса-да, ижоди ёмон эмас, таназзулга тез юз тутгани ёмон бўлди. Клипларидаги ўзига хос ҳазил-ҳузуллари ёшлар томонидан бачканаликдан холи тарзда қабул ҳам қилинди. Аҳил уч йигит дўстлигига кўз теккандек... "Манго” таркиби биттага камайди. Овозидаги нолалар билан бошқалардан ажралиб турадиган Фаррух гуруҳни тарк этди. Гуруҳнинг бошқа икки аъзоси Азиз ва Ҳамдамга кўра, Фаррух тезроқ танилиш ортидан кўпроқ пул ишлаб топиш, машина ҳамда уй харид қилишга шошган!
Фаррух эса гуруҳни тарк этиши сабабларини очиқламади. Балки, унинг гуруҳдан кетиш важлари бошқачадир?! "Манго”нинг аъзоси ва бош ҳомийи бўлмиш Азиз шундай дейди:
-Майли, нима бўлса бўлди. Фаррухга тезроқ бойиш йўлида омад тилаймиз. Бироқ, "Шошган қиз эрга ёлчимас” деган мақолни ҳам унутмаслик керак. Биз иккимиз – Ҳамдам билан энди янада кўпроқ ижод қиламиз. Гуруҳимизга Фарруҳнинг ўрнига яна бошқа овоз олиш ниятимиз йўқ. Клип ва қўшиқлар яратишга яна минг-минглаб долларлар сарфлашдан тоймаймиз. Токи, мухлисларимиз сифатли ижод маҳсулларидан баҳраманд бўлаверсин! Янги қўшиғимиз бойлик ва машҳурлик учун садоқат, дўстликдан воз кечганларга бағишланади.
"Манго” таназзулга юз тутган биринчи гуруҳ эмас. Шундай экан, юракка қаттиқ олиш шарт эмас. Шоу-бизнес ўзи шундоғам хиёнат ва бевафолик таҳдидидаги олам. Эртами-кечми бу таҳдид фаолиятга раҳна солади. Муҳими, таҳдидни ақлан тўғри енгиб ўтиш ва ижод йўлидан адашмаслик!