Бокс оламининг икки афсонавий вакили Майк Тайсон ва Эвандер Холлифилд орадан 16 йил ўтиб яна кўришишди. Бироқ бу сафар рингда эмас, балки дўконда. Янги ишлаб чиқарилган соус тақдимотига таклиф қилинган собиқ спортчиларнинг учрашуви, реклама қилиниши керак бўлган маҳсулотдан ҳам кўпроқ эътиборни жалб этди. Бунинг сабаби ўзингизга яхши маълум. 1997 йилнинг ёз ойида чемпионлик учун рингга чиққан иккала боксчининг ўзаро жангги қандай якун топганини унутмаган бўлсангиз керак. Бокс тарихида кўз кўриб қулоқ эшитмаган воқеага сабабчи бўлган Тайсон рақибини енгилаётганини ҳис этиб, унинг қулоғини тишлаб узиб олганди. Шундан сўнг, кетма-кет омадсизликлар ботқоғига ботиб қолган Майк омма орасидаги ҳурмати ва мавқеини бир мунча йўқотди ва йиллар давомида мисқоллаб йиққат обрўсини чилпарчин қилди. Лекин, оддийгина соус рекламаси сабаб ҳар икки боксчи яна мухлислар қаршисида пайдо бўлишди. Уларни танимаган одам, бағрини очиб кўришаётганидан, эски қадрдонлар бўлса керак деб ўйлайди. Соус рекламаси баҳонасида яна учрашган собиқ боксчилар эски гиналарни унутишганини айтишди. Ашаддий рақиблар Чикагодаги Jewel-Osco дўконида бўлиб ўтган Deal соуси тақдимотида ўзларини қалин дўстлардек тутишди. Холлифилднинг айтишича, Тайсон ўшанда қилган ишидан кейин узр сураган ва хатосини тан олган. Мен ҳам уни кечирганман ва энди биз дўстмиз, дейди боксчи. Бироқ орадан 16 йил ўтса ҳам, 50 ёшли Холифилд 46 ёшли Тайсондан барибир бироз чўчиб турганга ўхшайди. Зеро, қулоғида қолган рақиб тишининг излари унга ҳар куни ўша мудҳиш воқеани ёдга солиб турса ажабмас. балки шунданми, Тайсон билан кўриша туриб, Холлифилд қулоғини олиб қочишга уринди.