Мадонна Луиза Чикконе роппа-роса 55 йил олдин, яъни 1958 йил 16 август куни АҚШнинг Бэй-Сити шаҳрида дунёга келади. Ўзининг мусиқий фаолиятини Мадонна 1979 йилда Нью-Йорклик рок-гуруҳ таркибида барабанчи сифатида бошлайди.
Тез орада у вокалга ва ўз композицияларини яратишга ўтади. Мусиқий фаолияти давомида Мадонна ўзини турли жанрлар ва йўналишларда синаб кўради, кўплаб мукофотларни қўлга киритади, шу жумладан, еттита "Грэмми” мукофотининг соҳибига айланади, 20 дан зиёд фильмда суратга тушади. У ўз фаолияти давомида турли эсда қоладиган образларни яратишга муваффақ бўлди. Хонанданинг туғилган кунида "КП” нашри (www.kp.ru) унинг энг яхши образларини тақдим этмоқда.
1. 1984 йили турли нашрлар версияси бўйича юз йилликнинг энг яхши альбомлари рўйхатига кирган «Like a Virgin» альбоми чиқади. Мадонна америкалик аёллар орасида шу даражада машҳур бўлиб кетадики, кўпчилик унга тақлид қила бошлайди. Қизлар у каби ёрқин макияж қилишни, мини юбка ва ёрқин ранглардаги либосларни кийишни, сочларини хонанданикидай турмаклашни одат қилади. Мадоннанинг образида фақат қошларигина узоқ вақт давомида қандай бўлса, шундайлигича қолади. Айнан шу образ поп-юлдузини 80-йиллар бошининг энг дадил ва ёрқин услуби рамзига айлантиради.
2. Хонанда 1986 йили учинчи «True Blue» альбомини чиқарганидан кейин имижини тубдан ўзгартиради. Энди Мадонна малласочга айланди. Сочларини калта қилиб кесади ва уларга кимёвий ишлов беради. Бу Мадоннанинг энг муваффақиятсиз турмакларидан бирига айланади. Хонанданинг визажисти Жина Брукнинг тан олишича, Мадонна эски фотосуратларини томоша қилаётганда, бу образини кўриб роса кулар экан.
3. 1993 йилда Мадонна сочларини ўғил болаларникидай жуда калта қилиб кесади. «Rain» клипи учун эса уларни кўкимтир қора рангга бўяйди. Бу пайтга келиб Мадонна Америка шоу-бизнесининг энг бой аёлларидан бирига айланган эди. Шу боис унинг услубида энди бироз вазминлик сезилади. Калта сочлар билан эса у ҳақиқатан ҳам муваффақиятли бизнес хонимига ўхшаб қолганди.
4. 1996 йил. «Evita» фильмига продюсерлик қилар экан, Мадонна ораста ва хушбичим хонимга айланади. Юлдуз яна табиий рангдаги узун сочларга кўнгил қўяди. Унинг макияжи ҳам вазминлик касб этади. У оддийликдан олижаноблик ва интеллектни кўзда тутувчи нозик дидни яратишга муваффақ бўлади. Мадонна билан ишлаган услубчилар у жуда кам макияж ишлата олишини, чунки чеҳраси табиатан ифодали эканини тан олишади.
5. 1999 йили "Грэмми” мукофотини топшириш чоғида Мадонна япон кабуки театри актёрларига ўхшаш образда пайдо бўлади. Рангпар юз, тим қора сочлар, график каре ва кўзга ярқ этиб ташланадиган пуштиранг тенлар - «Nothing Really Matters» қўшиғига олинган клипдаги образ.
6. 2000 йили Мадонна рақсбоп электрон мусиқали «Music» альбомини чиқаради. Бу сафар хонанда ковбой образида пайдо бўлади. Жаҳон бўйлаб турга отланган Мадонна ўз мухлислари олдига нафис пуштиранг лаблар, чиройли тилларанг сочлар ва бинафшаранг тенлар билан чиқади. Ковбойлик анжомлари ҳам Мадоннанинг ўша пайтдаги услубининг ажралмас қисми ҳисобланади. Хонанда айнан шу образдан узоқ вақт давомида фойдаланади.
7. 2003 йили Мадонна ўзини илк бор ёзувчи сифатида намоён этади – энди у оммага ўзининг дастлабки болалар китобчасини тақдим қилади. Хонанда тақдимотга қорага бўялган сочлар ва француз аёллари жуда ёқтирадиган қора чизиқ тортилган кўзлар билан денгизчиларнинг йўл-йўл кўйлаги ва кепкасида келади.
8. 2007 йили Мадонна "H&M” бренди ўтказган реклама кампаниясининг чеҳрасига айланади. Энди Мадоннани суратларда бизнес хоним образида кўриш мумкин эди. Реклама кампаниясининг оддий ва камтарлигини изоҳлаш осон: лойиҳа услубчилари ўз аудиториясига унга яқин бўлган образни таклиф этишди.
9. Шу йил июнь ойида ўтказилган «Madonna: The MDNA Tour» фильмининг премьерасида юлдуз ўзи учун бироз ғаройиб бўлган либосда пайдо бўлди. Энди унда на мини-юбка, на тўр-тўр чулки, на декольте бор эди. Мадонна томошабинлар олдида қора смокинг, шу рангдаги шим, оқ блузка ва капалак-галстукда ҳозир бўлади. Марлен Дитрих образини смокинг чўнтагига солинган чиннигул ва қора цилиндр тўлдириб турарди. Нима ҳам дердик, Мадонна шу ёшда ҳам бошқаларга қараганда яхшироқ кўринишга эга бўла олиши энди ҳеч кимни ҳайрон қолдирмаяпти.