Биз эстрада санъатининг бугунги ва эртанги ривожи ҳақида сўз юритар эканмиз, авваламбор «миллий эстрада» деган иборанинг маъно-мазмунига алоҳида эътибор беришимиз, уни ҳар қандай бегона таъсирдан, айниқса, «оммавий маданият» руҳидаги оқимлар таъсиридан ҳимоя қилишимиз табиий, албатта. Бу ҳақда гапирганда, бир ҳолатни афсус билан айтишга тўғри келади. Айрим ёш ижрочи ва ижодий гуруҳларнинг жамоатчилик эътиборига тақдим этаётган «асар»лари санъатнинг ҳеч қандай талаб ва мезонларига жавоб бермайди. Нафақат мавзу ва мусиқа, ижро усуллари, балки саҳна ҳаракатларида ҳам очиқдан-очиқ ажнабий «оммавий маданият» кўринишларига тақлид қилиш, «юлдузлик» касалига чалиниш ҳолатлари тез-тез учраб тураётгани чинакам санъат мухлисларини ранжитмасдан қолмайди, албатта.
Ислом Каримов,
“Юксак маънавият — енгилмас куч” асаридан
Бирор қўшиқнинг оммалашиши кўп жиҳатдан унга ишланган клипга ҳам боғлиқ. Клип талабга жавоб берадиган даражада ишланган бўлса, қўшиқнинг умри узоқ бўлиши тайин. Бу ўз исботини топган ҳақиқат! Эътибор берган бўлсангиз, анчадан буён ТВ орқали намойиш этилаётган клипларни таҳлил қилмаётгандик. Шу вақт мобайнида анчагина клиплар эфир юзини кўрди. Кўплари томошабинлар тилига тушди, баъзилари эса “Шу ҳам клипми?” деган иддаоларни эшитишга ҳам улгурди. Мазкур фикрларни инобатга олган ҳолда ойнаижаҳон қаршисига михланиб, ТВни синчковлик билан кузатиб, кўзга ташланган камчиликлар қаторида ютуқларни ҳам қоралашга аҳд қилдик...
“Гапни гапир уққанга...”
Хонанда Баҳриддин Зуҳриддиновнинг “Опанг қани” қўшиғини ва клипини газетамизнинг ўтган сонларида роса “қамчилаган” эдик. “Гапни гапир уққанга...” деб бежиз айтишмайди, чоғи. Зуҳриддиновнинг янги “Гулим” номли қўшиғи ва унга ишланган клипи мазмунан саёзлиги ва дидсизлиги билан аввалгисини такрорлаб турибди. Клип режиссёри раққосаларни ўзга сайёраликлар либосида рақсга туширишдан, актриса Анжелика Есимбетованинг баҳайбат гамбургер ортидан қувиб юришидан кўра тузукроқ ғоя топа олмаган кўринишади. Қисқа қилиб айтганда, ижодкорлар қўшиқ ва клип орқали нима демоқчилигини тушуниш мушкул. Агар қўшиқ ўзга сайёраликлар ҳақида бўлганда буни фахмлаш қийин бўлмасди. Қизиқ, бу клип қайси ёшдаги томошабинлар учун мўлжалланган экан? Бундан ташқари, бизнинг режиссёрлар гавда тузилиши ёки қомати орқали одамлар эътиборини тортишни қачон бас қилишаркин?!
Санаевга ярашмаган клип
Бугун шоу-бизнесимизда телбанамо, томошабин тугул, хонанданинг ўзи ҳам тушунмайдиган клиплар кўпайиб боряпти. Айни шу рўйҳатга хонанда Анвар Санаевнинг янги “Оҳ дедим” номли қўшиғига ишланган клипини киритиш мумкин. Қўшиқ гарчи хоразмча йўналишда бўлса-да, унга ишланган клип умуман қўшиққа мос эмас. Қизиқ, клипда рўдапо бўлиб кийинган, бошидан товонигача мажнунтол шохлари илакишган дарвеш образи нимага керак эди? Жодугар қиз-чи, у клипда қандай вазифани ўтаяпти?! Ўз-ўзидан ўтлоқ ерга уй қурган кўчманчилар нимага рақс тушиш билан овора?! Хуллас, саволларнинг охири кўринмайди. Тўғри, мазкур клипга анчагина маблағ ажратилгани кўриниб турибди. Лекин клипдаги воқеалар қўшиқ мазмунидан келиб чиққан ҳолда акс эттирилиши керак эмасми?! Анвар Санаевнинг “Сизни излаб” номли қўшиғига ишланган клипида Жумонг образида гавдаланган йигит, компьютер графикаси ёрдамида беўхшов қилиб ишланган охуга ҳам кўз юмгандик. Аммо “Оҳ дедим”нинг клипи ундан ҳам ўтиб тушди. Бундай клип кўп йиллик тажрибага эга бўлган Анвар Санаевга ярашмабди.
Мақсад бойликни кўз-кўз қилишми?!
Мусиқий телеканаллар орқали ёши чамаси 17-18 ёшлардаги Хумоюн Соиповнинг “Бевафо” номли қўшиғига ишланган клипни кўрган бўлсангиз керак. Шу ўринда бир фикр: бу йигитча хиёнат, бевафолик ҳақида куйлашга ҳали ёшлик қилмасмикин?! Ижодини ёшига монанд, ота-онага ҳурмат, Ватан, миллий ифтихор туйғуларидаги қўшиқлар билан бошласа ёмон бўлмасди. “Бевафо”нинг клипига келадиган бўлсак, гўё ўша йигитчанинг янги либослари-ю, қимматбахо машинасини кўз-кўз қилиш учун олингандек. Боиси клипда машина билан боғлиқ кераксиз тасвирлар жуда кўп. Бундан ташқари режиссёр хонанда йигитчанинг либосларини алоҳида кўрсатишга, қўлидаги соатгача томошабиннинг эътиборини қаратишга урунган. Бу билан муҳаббатдек олий туйғуни башанглик, бежирим машина, чиройли либослар олдида бир пул демоқчи бўлишганми? Нахот бундай клиплар ёш авлод онгига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини ўйлаб кўришмаган? Умуман олганда, бу қўшиқни ҳам, унга ишланган клипни ҳам бугунги эстрадамизда янгилик, деб айтиш қийин. Боз устига клипда хонанда Хумоюн Соипов билан роль ижро этган қизнинг ёши йигитчаникидан анча катта экани яққол сезилиб турибди.
Қайси бири “Моҳира”?
Хонанда Адҳам Солиевнинг шу вақтгача суратга олган клиплари томошабинларнинг эътиборини тортиб келган. Ҳар бир клипида қайсидир детал клипнинг муваффақиятини белгилайди. Аммо хонанданинг “Моҳира” номли қўшиғига ишланган клип ҳақида бундай дейиш қийинроқ. Солиевнинг клипида романтикани тасвирлашга уринишган-у, бироқ тўла-тўкис бунинг устидан чиқа олишмаган. Эътибор қилган бўлсангиз, хонанда дастурхоннинг бир бошида ўтирганча ўз севгилисига қўшиқ куйлаяпти, қаҳрамон қиз эса унинг қаршисида ўтирибди. Буни тушуниш унчалик қийин эмас. Лекин дастурхон нима учун бундай дабдаба билан безатилгани мавҳум бўлиб қолган. Хонанда “Моҳира” деб хониш қиляпти-ю, клипда иккита қиз у ёқдан бу ёққа ўтиб юрибди. Хўш, уларнинг қай бири Моҳира? Шунингдек, Адхам Солиевнинг ташқи кўриниши, либослари борасида янада жиддийроқ ишлаш фурсати келганга ўхшайди. Хонанда классик ва спорт услубидаги кийимларни уйғунлаштирмоқчи бўлган. Аммо назаримизда, бу эксперимент ўзини оқламагандек кўринади.
Йўлбарс ва торнинг қандай боғлиқлиги бор?!
Сардор Мамадалиев қисқа фурсат ичида ўз йўналиши ва тингловчиларини топа олди. Бироқ хонанда Чўлпон шеъри билан куйлаган “Ойдан-да гўзал” қўшиғида овоз имкониятларини керагидан ортиқ кўрсатишга уринган. Клипнинг илк лавҳаларини томоша қилиб, хафсалангиз пир бўлиши аниқ. Ҳар қандай видеоасар деталлардан ташкил топади. Шуни инобатга олган ҳолда клипда детал сифатида тор ва йўлбарсдан фойдаланилганига кўзингиз тушади. Аммо бу клипда йўлбарс нима учун қатнашганига жавоб тополмайсиз. Балки режиссёр клипдаги деталларнинг ўзаро уйғунлигини томошабинга тўғри етказиб бера олмагандир, яна ким билсин...
“Ана яна сан” — Оммавий маданият тарғиботими?
Хонанда Тамилланинг “Ана яна сан” номли қўшиғининг клипининг илк лавҳалариданоқ оммавий маданият унсурларига дуч келасиз. Миллатимизни ғарбга хос бўлган одатлардан, ёшларимизнинг маънавиятига салбий таъсир кўрсатадиган оқимлардан асраш бугуннинг долзарб масаласи бўлиб турган бир вақтда, Тамилланинг “Ана яна сан”и бунинг аксига хизмат қилаётганини пайқаш қийин эмас. Мамлакатимизда алькогол ва тамаки маҳсулотларини реклама қилиш қонун йўли билан чекланган бир вақтда Тамилланинг клипидаги қаҳрамон бемалол тамаки тутатишини қайси мезонлар билан оқлаш мумкин?
Хонанда қизларимизнинг ётоқхонада қўшиқ куйлаётганларини танқид қилиб, бу миллий менталитетимизга тўғри келмаслиги ҳақида бот-бот такрорлаб чарчагандик. Тамилла бироз бошқача йўл тутибди. Калта кўйлакда ўзини ҳар кўйга солиб, икки қўли билан сочларини ғижимлаганча, хийла ноўрин ҳаракатлар қилиши одобданмикин? Клипмейкерлар эса клипда асосий эътиборни ана шундай саҳналарга кўрсатишга қаратишган кўринади...
Эътиборга лойиқ...
“Ниҳол” мукофоти совриндорлари Улуғбек Раҳматуллаевнинг “Мени кечир”, Ойбек ва Нигоранинг “Кечир”, Зиёданинг “Севади ёрим”, Нилуфар Усмонованинг “Унутгин”, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниеванинг “Сўнаман”, хонанда Абдували Ражабовнинг “Соғинар”, Ўзбекистон халқ артистлари Зулайхо Бойҳонованинг “Олча гули”, Ғуломжон Ёқубовнинг “Шошма” номли қўшиқларига ишланган клипларни энг оммалашаётган клип қаторига киритиш мумкин. Ушбу клипларда миллий менталитетимизга зид бўлган ҳолатларни учратмайсиз.