SHERLAR.BIZ Payshanba, 26.12.2024, 13:40
Приветствую Вас Mehmon | RSS
Меню сайта
Категории раздела
Latifalar [11]
Primyeralar [12]
Mobil telfonlar [197]
Sevgi dunyosi [826]
Qo'shiq matni [94]
Texnogoliyalar [98]
Kino yangiliklari [71]
Jahon yulduzlari [58]
Dunyo xabarlari [706]
Salomatlik sirlari [13]
Sport yangiliklari [589]
O'zbek yulduzlari [130]
Shou biznes olami [575]
Foydali maslahatlar [253]
Taomlar retseptlari [6]
Yulduzlar biografiya [59]
Qiziqarli malumotlar [697]
O`zbekiston Yangiliklari [641]
Munajjimlar bashorati 2017, 2018, 2019 / Мунажжимлар башорати 2017, 2018, 2019 [0]
Yangi qo'shiqlar 2017, 2018 [0]
Yangi mp3lar 2017, 2018 [0]
25-May bitiruvchilar kuni uchun she'rlar [1]
Ramazon tabriklari / Ro'za haqida she'rlar tilaklar [1]
Onalar haqida juda tasirli she'rlar / Manoli / Mazmunli [1]
Do'stlik haqida sherlar / Yaxshi va yomon do'stlar haqida she'rlar to'plami [1]
Наш опрос
Sayt haqida fikringiz
Всего ответов: 285
Мини-чат
Статистика


Hozirda saytda: 6
Mexmonlar: 6
Foydalanuvchilar: 0
Главная » 2013 » Mart » 21 » Коммуна Исмоилова: “Отам мени қарғаган экан”
21:50
Коммуна Исмоилова: “Отам мени қарғаган экан”
Ўзбекистон халқ артисти Коммуна Исмоилова хонадонига йўл олар эканман, "топишга қийналмасмиканман”, деган ҳадик бор эди. Тошкентнинг обод маҳаллаларидан бирида истиқомат қилувчи Коммуна аянинг уйини у ерда яшовчи ёшу кекса бирдек билар экан. Сўзларида меҳр, юзидан нур ёғилиб турувчи суҳбатдошимиз билан жуда узоқ суҳбатлашдик. Учрашув давомидаги энг ёрқин бекатларни эса сизларнинг эътиборингизга ҳавола этамиз...

"ИККИТА ИСМИМ БОР!”
Мен оилада биринчи фарзандман. Туғилганимда дадам газетада ишлар экан. Туғилган куним ўша газетага янги «Хива коммунаси» номини беришган. Туман раҳбари дадамни чақириб, фарзандли бўлгани билан табриклаган ва «Газетангизга янги ном берилди, қизингизга Коммуна деб исм қўйинг» деган экан. Ўша пайт қулоғимга Уллибиби деб азон айтган бўлишларига қарамай, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномага Коммуна деб ёздиришган.
Мендан кейин туғилган иккита синглим кетма-кет нобуд бўлган. Бу орада мен ҳам қизамиқ билан оғриб қолганман. Юрагини олдириб қўйган отам, шундан сўнг онамнинг ишлашига рухсат бермаган экан.
Эсимда болалигимданоқ менда ўқитувчиларга хос хислат бор эди. Отам мактаб директори сифатида мажлисга кетганида ўрнига дарс берардим. Шундай кунларнинг бирида, яъни отамнинг ўрнига дарс ўтаётганимда текширувчилар келиб қолишган. "Исмоилов йўқ шекилли, ўқитувчи йўқлиги туфайли ўқувчиларга рухсат бериб юборганми?” деб синфхонага деразадан қарашса, бутун бошли синфга мен дарс ўтаётган бўлганман. Шунда текширувчилар «Ҳамма урушга кетяпти, бизга сиз каби қобилиятли ўқитувчилар керак. Шунинг учун сизни албатта олти ойлик муаллимлар курсига олиб кетамиз» дейишган. Сўнг ота-онамдан рухсат сўраб, мени шаҳарга олти ойлик муалимлик курсига олиб кетишган.

"СУЯГИ МЕНИКИ, ЭТИ СИЗЛАРНИКИ!”
Шу билан олти ойлик курсда ўқий бошладим. Одатда дарс тугагандан кейин хонамизнинг ҳовлига қараган дарчасида ўтириб, қўшиқ ҳиргойи қилишни яхши кўрардим. Буни Гавҳар опа билан устозим Фахриддин Содиқов эшитиб қолишган. Улар ҳисобот концерт бериш учун келишган эди. "Мана бизга яна битта санъаткор”, деб хурсанд бўлишади. Дарҳол мени чақиришди. Ашула айтиб, рақсга тушишимни кўришгач, улар билан кетишимни сўрашди. Мен ота-онам рухсат берса, рози бўлишимни айтдим. Улар кечки концертга ота-онамга чипта бериб, мақсадларини айтишади. Отам бунга розилик бермаган. Онамга эса маъқул бўлади. Чунки ўша вақтлари ёшларни қурол-аслаҳа заводларига, ҳамшираликка ўқиш учун олиб кетишарди. "Ундан кўра, болам қизларнинг ичида бемалол юргани яхши”, деб розилик берган. Лекин отам ишга кетганидан кейин мени улар билан бирга жўнатганди. «Майли, қизимни сизларга бераман. Суяги меники, эти сизларники. Лекин юзимни ерга қаратмайдиган қилиб олиб келасизлар» деганди ўшанда онам Гавҳар опага.

ФРОНТГА ЙЎЛ
Шу билан 1943 йили ўн тўрт ёшимда Тошкентга келдим. Нимани ўргатишса, ўша заҳоти ўзлаштириб олардим. Ансамблда ўн олти миллатнинг рақси бўларди. Таркибдаги ўн икки қизнинг ичида энг кичкинаси мен эдим. Уч ой давомида колхозларда бўлиб, ўзимни кўрсатдим.
Гавҳар опамнинг тавсияси билан ўша пайтдаги Ҳамза театрининг ёзги биносида "Санъат усталари” деган концертда иштирок этадиган бўлдим. Бу ерда Ҳалима Носирова, Мукаррама Турғунбоева, филармониянинг директори Бобораҳим Мирзаев каби устозлар ёнида бизнинг ансамбл ҳам иштирок этди.
Учта зўр қўшиғимни тайёрладим. Чиройли қилиб кийинтиришди. Чунки ашула айтиб рақсга тушардим-да. Менга навбат беришди. Иккита қўшиғимни маромига етказиб ижро этганман. Тингловчилар роса олқишлаганди. Учинчи қўшиғим сал хомроқ эди. Орқамга қараб мусиқачиларга савол нигоҳи билан боқдим. Устозим Фахриддин ака айтасан, деди. Қўшиқни бошладим, авжи келганида "О-о-ой” деб чўзаман-у, кейинги сўзи ҳеч эсимга келмайди-да. Тўхтаб қоламан, пауза чалишади. Орқамга қарайман, бефойда. Яна авжига чиқиб, "О-о-ой” дейман. Шунда орқамдан "бир нарсани қўшиб айт” деган овоз келди. У пайтда сўз қўшишни биламанми? Шу билан яна "О-о-ой” деб, икки-уч парда баланд тинч турдим-да, саҳнадан чиқдим-кетдим. Чиқишим билан Бобораҳим Мирзаев юзимга шапалоқ тортди. Мана шу қулоғим ҳалиям шанғиллайди.
Ташкилотчилар мендан роса хафа бўлишди. Бу қилиғим учун мени Хоразмга қайтариб юборишлари мумкин эди. Концерт тугади. Қулоғимнинг оғриғи билан эшикка чиқсам, одамлар мени мақтаб кетяпти. Бу гапларни эшитиб қувонай десам, эртага ортимга қайтиб кетиш хавфидан юрагим ғулғулада. Эртасига мажлис бўлди. Режа бўйича биз бир ойдан кейин фронтга кетишимиз керак эди. Кутганимдек, мени ортга қайтариш ҳақида гап бўлди. Шунда Гавҳар опа: «Буни ҳеч қаёққа жўнатолмайман. Уч ойдан буён унга зўрға ансамблнинг репертуарини ўргатдим. Ҳамма кийимлар тикилган. Унинг ўрнини тўлдирадиган одам ҳам йўқ. Бу қизни фронтга ўзим билан олиб кетаман», деди. Шу билан фронтга қараб йўл олдик...

АСКАР ЗЕБИНИНГ КЎЗ ЁШЛАРИ
Вагондан тушишимиз билан ҳарбий машинага ўтирдик. Штабга борганимизда иккита госпиталда концерт беришимизни айтишди. Бирида ўзбекистонлик аскарлар бор экан. "Битта қизимиз жуда катта жасорат кўрсатган. Оғир ярадор, зора руҳи кўтарилса. Шифокорлар анчадан буён қарашяпти. Фарғоналик Зеби Ғаниева. Шунинг ёнида қонцерт беринглар”, дейишди. Бобораҳим Мирзаев бу гапдан таъсирланиб, дарров шеър ёзди. Фахриддин ака мусиқа басталади. Мен уни кечаси билан ёдлаб, тайёрландим. Эртаси куни госпиталга бордик. Қизни "телажка”га ётқизиб қўйишибди. Рангида қон йўқ, кўзи юмуқ. Концерт бошланди. У бефарқ. Навбат етиб, унга аталган қўшиқни куйлай бошладим

Қурол олдинг қўлингга, эрк учун, шонинг учун,
Гул диёринг, ёри-дўстинг, ҳам қадрдонинг учун.
Қақшатар отган ўқинг шарманда ёв тўдасин,
Чунки сен ўзбек қизисан, Зебихон номинг учун...

Шу жумлалар жаранглаши билан Зебихоннинг кўзлари чарақлаб очилди. Юзига қон югуриб, йиғлай бошлади. Яратганнинг марҳамати билан унинг саломатлиги қайта тикланди. Бир ёқда шифокорлар ёрдам берган бўлса, бир ёнда бизнинг ашуламиз уни яна ҳаётга қайтарди.

"ОТАМ МЕНИ ҚАРҒАГАН ЭКАН!”
1944 йилда уйга қайтиб келсам, икки укамнинг суннат тўйи бўлаётган экан. Бутун қариндошлар жам бўлган. Келганим ҳақидаги хабар ота-онамга етибди. Улар ғўзапоя ичидан менга қараб югуриб келишяпти. Қучоқлашиб кўришдик...
Мен кетганимда аммалару, амакиларим отамга «Қизинг олти ойдан кейин қорнида боласи билан келади. Артист бўлиб шаънимизга доғ туширади», дейишган экан. Худога шукр, мен ёруғ юз билан қайтдим. Укаларимга, ота-онамга, қариндошларимга совға-салом улашдим. Лекин барибир отамнинг чеҳраси очилмасди. Тўй тамом бўлгач, эртасига мени дўхтирга олиб борди. Шифокорнинг номимга доғ туширадиган иш қилмаганим ҳақидаги сўзларидан кейин отам юзларимдан ўпиб, хурсанд бўлди. Ўша заҳоти бозорга кириб, битта қўй олди. Ҳазрати Полвон пиримни зиёрат қилиб, қўйни сўйиб, гўштини ғарибу ғураболарга тарқатдик. Сабаби, мен кетганимда отам "қизим юзимни ерга қаратди”, деб қарғаган экан. Буни кейинчалик онам айтиб берганди.

УСТОЗНИНГ ДАККИСИ ВА ТУҲФАСИ
1946 йилда Навоий театри бунёд бўлди. Катта концерт ўтказилди. Ўшанда Комилжон Отаниёзов чақириб «Коммуна сен хоразмликсан, лекин битта ҳам хоразмча қўшиқ айтмагансан» деб танбеҳ берганди. «Устоз, менга ҳеч ким ўргатган эмас”, дея ўзимни оқладим. "Ўргатсам дарров айта оласанми?» деб сўради. Сўнг менга "Ўғлима ўхшийди овозинг сани” билан "Озод қил” деган иккита ашула ёзиб берди. Матнни ёдлаб, эртасига олдиларига бордим. "Ана энди мен ашула қилиб айтаман, сен ичингда айт, кейин бирга қўшилиб айтасан”, деди.
Концертга ҳам Комил аканинг ўзи "Коммуна янги нарса билан чиқади”, деб қўштирган. Ўшанда қўшиқнинг иккинчи қаторини айта бошлаганимдаёқ залда йиғи бошланганди. Чунки уруш туфайли ўтирганлар орасида кимдир отасидан, кимдир ўғлидан, яна кимнидир эридан ажралган... Ўша кундан буён бу тарона халқ қалбида яшаб келмоқда.

ТУРМУШ, ТУШКУНЛИК ВА ҚАРОР
1947 йилда Ҳакимжон Файзиевнинг уйига ижарачи бўлиб борганман. 1948 йилнинг августида у билан турмуш қурдим. Ҳалима Носирова тўйимга бош бўлганди.
Ўшанда 20 ёшда эдим. Турмуш ўртоғим аввалига оркестрда оддий ишчи, кейин дутор чалиб, Орифхон Хотамов билан бирга ашула айтадиган бўлди. Биргаликда дуэт ҳам куйлаганмиз.
Биргина фарзандимиз бор — Гулхумор. "Хумор” деган ашулам билан халқ орасида танилганим сабаб, қизимга шу исмни танлаганман. Ҳозирда у уй бекаси. Куёвим Акмалжон ҳарбий, истеъфодаги подполковник. Биринчи набирам Читада, иккинчиси Польшада туғилган.
Уч қиз неварам бор: Орзигул, Гулруҳ, Гулбека.
Ҳакимжон билан ажрашганимиздан кейин ўзим қолдим. Ота-онам Хоразмда. Ёлғизликдан тушкунликка тушиб "менга ҳаётнинг кераги йўқ!” деганман. Юзимни беркитиб, дуч келган машинанинг тагига ўзимни ташламоқчи бўлдим. Шунда ҳайдовчи елкамдан туртиб: «Ўлгинг келса бошқа ёққа бор. Бола-чақам бор, сени деб қамалиб кетаманми?» деганди. Кейин ўзимни трамвайнинг тагига ташламоқчи бўлганман. Бу ерда ҳам ўшандай вазият. «Сувга ташла, ҳеч ким гувоҳ бўлмайди, ўласан-кетасан», деган жаҳли чиққан ҳайдовчи.
Шу даражада ғамга ботганманки, унинг ҳам айтганини қилиб, сув ёнига бориб икки қўлимга ғишт бойлаганман. Энди ўзимни отаман, деб турганимда, онамнинг "Коммуна, болам” деган овози келди. Онам чақириғи билан ўрнимдан туриб кетганман. Кейин тўғри почтага бориб хат ёздим: «Она, агар қизингизни тирик кўраман десангиз, келинглар. Мен ёлғиз қолдим!»
...Ўша кунлар ҳам ортда қолди. Пешонамда мана шундай ёрғу кунларни, юртимиз мустақилликка эришган дамларни ҳам кўриш битилган экан, бунинг учун ич-ичимдан шукурлар қиламан.

Алия Тулембаева ва Маҳмуд Азимов тайёрлади
Категория: O'zbek yulduzlari | Просмотров: 1093 | | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]
Вход на сайт
Поиск
Календарь
Архив записей
Друзья сайта
  • Официальный блог
  • Сообщество uCoz
  • FAQ по системе
  • База знаний uCoz
  • Copyright MyCorp © 2024Хостинг от uCoz