Қизингиз ўзингизга ўхшашини истайсизми? Кун келиб, ҳақиқий аёлга айланишини-чи? Унда қизалоққа ёшлигиданоқ муносиб кўникмаларни сингдириб боришингиз лозим. Марҳамат, улардан айримлари. Назокат Қўғирчоқ ўйнаш, унга либослар тикиб, кийдириш, сочларини турмаклаш асносида қизалоқлар илк бора мода ва гўзаллик оламини ўзлари учун кашф этадилар. Каттароқ бўлгач эса улар ўзларининг либосларига ҳам эътибор қарата бошлайдилар Дўконларга олиб боринг, либосларни танлаб кўрсатиб, қайси ранглар бир- бирига мос тушишини, қайсиларини эса қориштирмаган маъқуллигини тушунтириб беринг. Бу орқали қизчангизда яхши дидни тарбиялайсиз, бу эса аёл киши учун жуда муҳим. Меҳрибонлик Қизингизга синглиси ёки укаси, бувисию бобоси, тўрт оёқли дўсти ҳам эътиборга муҳтожлигини англатиб, уларнинг парваришига қизалоқни жалб этинг. Бувисига китоб ўқиб берсин, укасининг ботинкаси боғичларини боғлаб қўйсин, қушларга дон берсин. Тежамкорлик ва режалилик Қизингизни пулларни санашга ва ўз бюджетини режалаштиришга ўргатинг. Тахминан 7 ёшлардан бошлаб уни дўконга озиқ- овқат маҳсулотлари учун олиб боринг. Йўл-йўлакай нима олмоқчилигингизни айтиб боринг. Каттароқ бўлгач, кечки овқат учун таомномани бирга тузинг ва қанча харажат кетишини ҳисоблашга ўргатинг. 12-13 ёшларидан қизингизга бозордан ўзи учун янги кийимлар танлашига рухсат этишингиз мумкин. Аммо ҳаммасини ўзига ташлаб қўйманг. Бирга бориб, маслаҳат бериб туринг. Индивидуаллик Қизалоғингизнинг истеъдодини кўра билинг. Ёшлигиданоқ унинг нимага қодирлигини, қўлидан нима иш келишинию, қайси машғулотга ҳуши йўқлигини кузатиб боринг. Болада унга хос бўлган иқтидорни кашф этиб, ривожлантиришга ҳаракат қилинг. Ўзингиз истаган соҳага мажбуран тортиб, босим ўтказманг. Озодалик ва саранжомликка муҳаббат Уй ишлари – сенинг мажбуриятинг, деган ақидани қиз боланинг онгига сингдиришга уринманг. Бу билан сиз узоқ муддатга, балки бир умрга уй ишларидан бездириб қўйишингиз мумкин. Бошқача йўл тутинг: беш- олти ёшларидан бошлаб уни ёнингизга олинг ва уй юмушларини қилишда сизга кўмаклашишига рухсат беринг. Мутахассис фикри: Маҳфуза Асомова, педагогика фанлари номзоди: — Катталар ёш бола учун – кумир! Биз нима қилсак, болалар уни бехато такрорлашади. Шунинг учун фарзандингиз ўғилми, қизми – яхши инсон бўлишини истасангиз, аввало тарбияни ўзингиздан бошланг. Боланинг олдида ёмон сўзларни айтмаслик, овозни кўтармаслик, бировга нисбатан ноҳақлик қилмаслик, ҳалол яшаш – мана яхши инсон тарбиясининг асоси. Қиз бола тарбиясида эса бу янада муҳим аҳамият касб этади. Ахир эртага у она бўлади ва миллатнинг келажагини тарбиялайди. Бунинг масъулиятни фарзанд дунёга келган илк кунданоқ ҳис этиш лозим.