Тўй ярашар юрт бўлса обод, Куй ярашар кўнгил бўлса шод. Аммо ёмон кўпайди, ҳайҳот – Кимни кўрма, бугун қўшиқчи. Ёши ўтган раққоса борми, Режессёрми ёки актёрми, Заргар, табиб, ҳатто атторми, Кимни кўрма, бугун қўшиқчи. Кимлар эди кеча сухандон, Бугун улар ҳофизу хушхон. Қўшиқчида кўпми шараф-шон, Кимни кўрма, бугун қўшиқчи. Дуппа-дуруст шоир, даҳолар, Ҳофизман деб қилар даъволар. Ўзи куйлаб, ўзи баҳолар, Кимни кўрма, бугун қўшиқчи. Қолиб кетди бир четда кетмон, Қўшиқ айтар тўйма-тўй деҳқон. Ашулачи боғбон-у чўпон, Кимни кўрма, бугун қўшиқчи. Куйлар бугун жўшиб ташмачи, Куйлар безори-ю ўғри, босмачи. Куйлар ҳатто бузуқ, қўшмачи, Кимни кўрма, бугун қўшиқчи. Билмас нима дегани – Устоз, Билмас нима соз, овоз, пардоз. Яна ўшалар зўр, ўшалар мумтоз, Кимни кўрма, бугун қўшиқчи. Қабрида тик турар Маъмуржон, Суяклари қақшар Жўрахон. Лол-у ҳайрон эмиш Комилжон, Кимни кўрма, бугун қўшиқчи.
|