«Ўғрини қароқчи урди» мақоли ўша куни менга атаб айтилгандек эди. Асли ҳазилкаш бўлганим учун унинг алдангандаги ҳолатини кўргим келди. Очиғи, синаб кўрмоқчи эдим…
У деганим мен севган, кўнгил қўйган йигит. Танишишимиз жуда ажойиб бўлган. Телефоним орқали интернетга кириб турардим. Эри билан чет элга кетган дугонам билан гаплашардим. Ниятим танишув ёки дўст орттириш бўлмагани учун почтамга расмимни ҳам қўймаган эдим. Дугонам билан суҳбатим айни қизиган чоғда ўша севгилим менга дўстлик таклиф қилди. Мен рад этдим. У эса хабар юбора бошлади:
— Мен билан танишгингиз, гаплашгингиз йўқми?
— Йўқ! — дедим дарров.
— Нега? Йигитингиз (ёки эрингиз) уришадими? — дея хабар ташлади у асабимни бузиб.
Бунча сурбет бўлмаса дея, суратига қарадим. Келишган, аммо катта кўзойнак таққан йигит экан. Кайфиятини туширай, деб жавоб ёздим:
— Йўқ, кўзонакли йигитларга аллергиям бор.
— Жуда яхши-да, шунақасини қидириб юргандим. Кўзойнакни ҳозир тақдим. Сизни кўра оларман, деб. Чунки кўринмаяпсиз.
Шундан сўнг у ҳар доим интернетга киришим билан менга дўстлик таклиф қиладиган, хабар юборадиган бўлди. Жавобсиз қолдиришим, қўпол гапларим ҳам таъсир этмасди унга. Қайсарлик қилганим сари у ҳам авж оларди.
— Бошқа менга чиқманг, деб минг марта айтдим сизга! — дедим охири жаҳлим билан.
— Қайсарлик орқали нимага эришасиз? Нима қиларди дўстлигимни қабул айласангиз, хоним?
Уч ойлик тортишувлардан сўнг дўстларим қаторига қўшишига мажбур бўлдим. Чунки у худди мени пойлаб тургандек эди. Интернетимни ёқишим билан хабар юбора бошларди.
— Дўстларингиз қаторига қўшган кунингиз, хабар ёзишни тўхтатаман. Чин сўзим, — деди у охирги марта.
Ростдан ҳам шундай қилди. У билан дўстлашдим ва ёзишни тўхтатди. Шундагина унга ўрганиб қолганимни сездим. Ишонасизми, нақ бир ҳафта интернетимни кун бўйи ёқиб қўйиб, ундан хабар кутдим. Жим. Ўзим ёзай десам, ғурурим йўл қўймайди. Энг алам қилгани, унинг ҳам агенти кун бўйи ёниқ турарди. Бошқа бир қизга менга қилган қилиғини қилиб ўтиргандир-да, дея жаҳлим чиқди. Бошқа чидай олмадим. Ўзим ёздим:
— Қуёш қаёқдан чиқди? Сиз ҳам сукут сақлашни биласизми?
— Сўз бергандим-у, ўзимни зўрға тийиб ўтирибман.
Шу билан биз яна гаплашиб кетдик. Бир йил деганда овозимни эшитишига рухсат бердим. Учрашувимиз ҳам узоқ чўзилган. Ана шундай сабрли йигитни мен ростмана севиб қолдим. Биринчи апрел куни эса синаб кўргим келди.
Биринчи макр
У шу кунларда совчи юбораман деб юрганди. Мен эса уни қўрқитишни истадим. Бунинг учун алоҳида тайёргарлик кўрдим. Ҳийлам ишончли чиқиши лозим эди-да! Чунки биринчи апрел санаси бўлгани учун уни ишонтириш қийин. Шунинг учун бир кун олдин кечқурун роса писта чақдим. Кейин ортидан совуқ сув ичдим-да, уйқуга кетдим. Эрталаб уйғонганимда овозим мен кутганимдан ҳам аъло даражада ўзгарганди. Бир-икки томоғимни қириб олдим-да, унга қўнғироқ қилдим.
— Шамолладизми? — деди у хавотир билан.
— Йўқ, — дедим-у атай бурнимни тортиб қўйдим.
— Нега алдайсиз? Шамоллаганингиз шундоқ сезилиб турибди. Тан олсангиз нима бўлади? Қайсарлик қилмасдан тура олмайсиз, а?
— Ростдан шамоллаганим йўқ, — дея яна бурнимни тортдим.
— Уф, яна қайсарлик қилади! — ростдан жаҳли чиқди унинг.
— Ҳўп-ҳўп, — деди у. — Фақат нега йиғлаганингизни ҳозироқ айтинг.
— Борганда айтаман. Уйдагилар эшитиб қолишади.
— Оббо, қайсар, гапиртириб ҳам бўлмайди буни!
Учрашув жойини келишиб олгач, кейинги айёрлигимни бошладим.
Иккинчи макр
Бунинг учун ҳам бир кун олдин тайёргарлик кўрганман. Бозорга чиқиб, ўсма сотиб олгандим. Уни дарров эзиб, қошимга қўйдим-да, охирида киприкларимга ҳам суркадим. Ўсмага кўзимнинг аллергияси бор. Дарров ўз ишини қилди. Қичишиб, қизара бошлади. Ўша заҳоти ювган бўлсам-да, кўзимни ишқалашдан ўзимни тийиб тура олмадим. Кўзим эса шишиб, қизариб кетди. Бу менинг ҳаддан ортиқ «кўз ёш» тўкканимнинг далили эди. Қора кўзойнак тақиб ўзимга нохуш кайфият бериб йўлга тушдим. Ичимда гапларимни ҳам қайтариб олдим. Лекин уни кўрганимда ичимдан бир кулги келдики, ўзимни босиб тура олмай қолдим. Оғзимни рўмолча билан босдим. Сезиб қолмаслигини истардим. Бир зум тўхтаб чуқур-чуқур нафас олдим.
— Намунча кўзойнаклардасиз? — масхара қилгандек деди у.
— Гапирадиган аҳволим ҳам йўқ. Кечадан буён йиғлайман. Шишиб кетдим.
— Шишганизни бир кўрай? — одатдаги шўхлиги билан кўзойнагимни тортиб олди. Аммо кўзларимга кўзи тушиши билан қотиб қолди:
— Шунақаям йиғлайдими одам? Тавба, шу аҳволга тушгунча йиғлайвердингизми? Нима экан, сизни шу қадар йиғлатган?
Ролимнинг юқори чўққисига келгандим. Зўр ўйнасам марра меники.
— Ҳалиги… ҳалиги мени турмушга беришяпти… — шу сўздан кейин йиғлашим керак эди. Қани йиғи келса? Эсиз, рўмолчамга кўзни ёшлантирадиган бирор нарса суркаб келмаган эканман. Шундоқ теккизишим билан кўзларимга ёш келса эди! Роса ишончли бўларди-да! Лекин сездириб қўймаслик учун ҳамма нарсага тайёр эдим. Дарров қовоғимни осиб, ерга қараб ўзимни йиғлашга мажбурладим. Қани ёш келса?
У бир зум қотди. Энди учинчи ҳийламни ишлатишим лозим.
Учинчи макр
Амаллаб кўзимга ёш келтирдим. Кейин ўзимни чорасиз ва имконсиз қилиб кўрсатиб, гапира бошладим:
— Кеча уйга совчилар келишганди. Отам шунга берамиз, дейишди. Чунки ўзининг ўртоғи эмиш. Ўртоғимга рад жавобни бера олмайман, деб туриб олган. Мен… — дея йиғлашга тушдим. Эпладим. Ўзим ҳам ҳайрон қолдим.
— Йигитни кўрдингизми? — бамайлихотир сўради у.
— Энди учраштиришар экан.
— Қачон? — негадир унинг жаҳли чиқмаётганди.
— Икки-уч кун ичида.
— Учрашувга рози бўлинг!
Аввалига ҳайрон бўлдим. Кейин кинодаги воқеалар кўз олдимга келиб, жилмайдим:
— Сиз ҳам борасизми? Тўғри, сиз борсангиз ишончли чиқади. Мен ҳам ўша йигитга «ёқтирганим бор», демоқчи эдим.
— Қайси кун дедингиз? Менга аниқ вақтини айтинг.
Рашкдан ёнадиган бўлди, дея ўз ўйинимдан ўзим илҳомланиб кетдим:
— Менимча, эртадан кейин.
— Мен боролмас эканман, — кўзларини олиб қочди у.
— Нега? Нима қиламан унда?
— Ҳайронман. Учрашиб кўринг-чи.
Шу ерга келганда ролимдан чиқиб кетдим. Ахир уни бунақа деб ўйламагандим-да! Наҳотки у севмайди. Бир зумда юрагимга кирган шубҳа дарди дунёимни қоронғи қилди. Биринчи апрелни ҳам унутдим.
— Нега учрашиб кўрар эканман? Балки тегиб ҳам кўрарман!
— Нималар деяпсиз? Балки у йигит мендан тузукроқдир?.. — у кўзимга шу қадар ожиз кўриндики.
— Мен… ўзи… сизга уйлана олмаслигимни айтмоқчи бўлиб юргандим.
Устимдан гурзи билан ургандек бўлди. Тилим калимага келмасди. Уни ким деб ўйладим? Ёнимдаги ўриндиққа қандай ўтирганим-у, қандай йиғлай бошлаганимни билмайман. Ўзимни қўлга ололмай қолдим. У эса мени туртади.
— Ҳа! — дея жаҳл билан қарадим. У оғзини икки қўллаб бекитиб олган. Қизариб-бўзариб турарди. Менинг кўзим тушиши билан ҳандон отиб кулиб юборди.
— Биринчи апрел! Биринчи апрел! Ишондингиз, а? Мени алдамоқчи эдингиз? Лекин… — у бу гапларни зўрға айтди. Кулгудан ўзини тўхтата олмасди.
— Телефонда гапирганингизда ростдан касал деб ўйладим. Йиғладим, деганингиздан кейин шубҳа пайдо бўлди. Чунки йиғи овозга таъсир қилиши жуда қийин, агар бақириб йиғламасангиз, албатта. Келганингиздан кейин қошингиздаги ўсма шубҳам ошишига сабаб бўлди. Кўзойнакни олиб эса ҳаммаси ҳийла эканини билдим. Кўзларингизга сира ўсма текказмасдингиз, аллергия туфайли.
Ҳам аламдан, ҳам уятдан ерга киргудек эдим:
— Ўзингизни ишонганга солиб турсангиз бўларди-ку!
— Ҳалиям шунақа қилдим, сизни хафа бўлмасин деб. Фақат ролимга жуда қиришиб кетибман. Ростмана йиғлатиб қўйдим.
— Шу қилганизга бошқа тегиб кетаман! — дедим аламдан.