Статистика |
Hozirda saytda: 35 Mexmonlar: 35 Foydalanuvchilar: 0 |
|
Главная » 2013 » Fevral » 21 » Хонанда Лайлонинг ўлими кимга керак бўлганди
06:02 Хонанда Лайлонинг ўлими кимга керак бўлганди |
Инсоннинг ҳаёти унинг қанча умр кўргани билан эмас, балки қандай яшагани орқали ўлчанади, деган гапни кўп бор эшитганмиз. Баъзи инсонлар қисқа умр кўрса-да, ўзидан ёрқин из қолдиришга улгуради. Ана шундай инсонлар қаторига ўзбек санъатининг ёрқин юлдузларидан бири, марҳум Лайло Алиевани қўшиш мумкин. Бундан ўн етти йил аввал у санъатга ҳақиқий юлдуз сингари кириб келиб, жарангдор овози билан кўпчиликнинг дилидан чуқур ўрин эгалай олганди...
Аммо 1998 йил 1 май куни бевақт ўлим ёш ва умидли хонандани орамиздан олиб кетди. Хонанданинг хонадонига бостириб кирган жиноятчилар гуруҳи, унинг умрига завол бўлишди. Пул, бойлик васвасасида бу оғир жиноятга қўл урган жиноятчилар, Лайлонинг ҳамкасблари "Ал-вакил” гуруҳи йигитлари эди. Даҳшатлиси, бу хунрезлик хонанданинг уч ярим яшар фарзанди кўз ўнгида юз берганди. Лайло Алиева орамиздан кетганига 15 йил бўлди... Лекин унинг оила аъзолари ўша машъум воқеани худди кечагидек эслашади. Лайлони биз ҳам унутганимиз йўқ, уни яна бир бор хотирлаш мақсадида яқинлари билан учрашдик.
Шаҳло Алиева (Лайло Алиеванинг опаси): — Синглимнинг ўлими оиламиз учун катта йўқотиш, фожиа бўлган. Онам раҳматли ҳам ҳаётларининг сўнгги кунигача, синглимни хотирлаб, ўксиб-ўксиб йиғлаб ўтдилар (йиғлаб юборди). Ўтган 15 йил синглимнинг бешафқат ўлими билан боғлиқ хотираларимизни ўчира олмади. Ҳаммаси ёдимизда . Синглимнинг ёлғиз фарзанди Жасурнинг ёнида онаси ҳақида деярли гапирмаймиз. Сабаби, у онасининг ўлимини ўз кўзи билан кўрган. Ҳамон ўша воқеалар хотираси билан яшайди. Даҳшатли воқеани ҳар бир сониясигача унутмаган, тўғрироғи унута олмаган. Эсимда, Жасур онасининг ўлимидан кейин шок ҳолатидан йиллар давомида чиқа олмаганди. Фақатгина руҳшуноснинг ёрдами билан у одатий ҳаёт тарзига қайтди. Қўрқув ҳисси уни тинч қўймасди. Ҳозир у кап-катта йигит. Ташқи кўриниши, феъл-атвори онасининг ўзгинаси. Онаси каби олдига қўйган мақсади сари интилувчан, режалаштирган ишини амалга оширмасдан тинчимайдиган. Унга қарасам, синглимни кўргандек бўламан. Жасур март ойида ҳарбий хизматни ўташ учун кетади. Хизматдан қайтгач эса, ҳуқуқшунослик соҳасини пухта эгалашни ният қилган (йиғлаб). Афсус ўғлининг ютуғини онаси раҳматли кўролмай кетди...
— Санъатга қизиқиши борми? — Очиғини айтсам, санъатга қизиқиши ҳам, иқтидори ҳам жуда кучли. Агар санъат соҳасини эгаласа, катта ютуқларга эришишига ишонаман. Ҳатто у бироз вақт рэп йўналишига ҳам қизиққан. Хобби сифатида мусиқа ёзишни яхши кўради. Турли мусиқа асбоблари бор.
— Хонанда бўламан деса... — Биз қаршилик билдирмаслигимиз аниқ. Аммо бу нарсани унинг ўзи истамайди, назаримда. Бироқ олдиндан бир нима дейиш қийин. Балки санъат соҳасини танлар, балки йўқ... Ким билади дейсиз...
— Лайло Алиева ўлимининг сабабини ҳамма турлича гумон қилади. Синглингизнинг жонига қасд қилганлар уйингизга қайси мақсадда келишган деб ўйлайсиз? — Биласизми, бу воқеани эшитганларнинг аксарияти ва суд ҳам синглимни пул ва тиллалари учун ўлдирилган деб қарор чиқаришди. Аммо шахсан менинг фикримча, бу жиноятда пул иккинчи ўринда бўлган....
— Бундай дейишингизга асос борми? — Жиноятчилар бойлик истаб келишганида хонадоннинг барча қимматбаҳо нарсасини олиб кетиши керак эди. Лекин улар синглим таққан тилла тақинчоқлар ва унга дадам берган 20000 АҚШ долларнигина олишган. Айтмоқчиманки, жиноят қилганлар фақат кўзларига кўринган нарсаларнигина олиб кетишган. Устига-устак уларга синглимнинг ҳали мухлисларга ҳавола этилмаган янги қўшиқлари ёзилган кассеталарни ҳам олишган.
— Жиноятчилар қўлга олингунга қадар анча вақт ўтганидан хабаримиз бор... — Лайлонинг қотилларини бир йил излашган. Қотиллик қилган "Ал-вакил” гуруҳининг аъзоларини эса Москва шаҳридан топишган. Жиноятни учаласи қилган бўлса-да, бири оқланди. Иккитаси 15 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Жазодан қутулиб қолган йигитнинг вафот этгани ҳақида ҳам эшитдик...
— Лайлонинг мухлислари ҳалигача келиб туришар экан, шу ростми? — Ҳа, синглимнинг мухлислари уйимизга келиб туришади. Онам раҳматли синглимнинг мухлислари билан суҳбатлашишни яхши кўрардилар (йиғлаб юборди). Ҳалигача синглимнинг қабрида гуллар ва мактублар туради. Биласизми, баъзи хонандалар Лайлонинг қўшиқларини куйлаш учун рухсат сўраб келишади. Аммо мен бу таклифларнинг ҳаммасини рад этганман. Бундан ранжиганлар ҳам йўқ эмас. Улар мени тушунишларини истардим. Синглим куйлаган ҳар бир қўшиқда унинг ўзи яшайди. Мен уни бегоналарнинг қўлига тутқаза олмайман. Насиб этса, яна бир-икки йиллик тайёргарликдан кейин қизим Ширин холасининг қўшиқларни куйлайди. Мен синглимнинг қўшиқларини куйлаш ҳуқуқини фақатгина унга берганман. Шаҳло опа билан синглисини хотирлар эканмиз, у Лайлонинг хушчақчақ, ҳаётсевар бўлганини кўп такрорлади. Ҳақиқатдан ҳам Лайло бошқалардан айнан мафтункор ва сеҳрли, ҳаётга чанқоқ нигоҳи билан ажралиб турарди. Одамларга яхшилик қилишга, уларнинг кўнглини олишга, савобли ишларни кўпроқ амалга оширишга шошарди. Хонанданинг амалга оширишга улгурган ишлари ҳақида эшитиб, беихтиёр бундай инсонлар ердаги фаришталар бўлса керак, деган фикр келади хаёлимга... ФАКТ: · Лайло Алиева 1975 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. · Хореография мактаби ва Ўзбекистон Давлат Консерваториясида таълим олган. · Саодат Қобулованинг энг севимли шогирларидан бўлган. · Руслан Шарипов ва Иброҳим Жиянов билан ҳамкорликда ишлаган. · Лайло Алиеванинг 21 та қўшиғи ва иккита клипи мухлислар эътиборига ҳавола этилган. Афсуски, у ўзининг учинчи клипини мухлислари эътиборига ҳавола этишга улгурмай, бу ёруғ оламни тарк этган...
Алия Тулембаева тайёрлади darakchi.uz
|
Категория: O'zbek yulduzlari |
Просмотров: 855 |
| Рейтинг: 5.0/5 |
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи. [ Регистрация | Вход ]
|
|
|