Главная » 2013»Fevral»27 » Хонанда Абдулла Қурбоновнинг лицензияси тугатилди
22:49
Хонанда Абдулла Қурбоновнинг лицензияси тугатилди
Хонанда Абдулла Қурбоновнинг лицензияси олиб қўйилди. Хабар бериб ўтганимиздек, яқинда Абдулла Қурбоновнинг хуқуқ-тартибот органлари билан ўзаро жанжали тасвирланган видео уяли телефонлар ва интернет орқали тарқалиб кетганди. Хонанданинг айтишича, бунга унинг ўзи сабабчи бўлган. - Ичкиликнинг оқибати, қилган ишимдан пушаймонман, дейди хонанда интернет нашрларига берган интервьюсида. 26 февраль куни "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмаси сайтида эълон қилинган расмий билдиришномада қайд этилишича, хонанда Қурбонов Абдулла Акбарович томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 11 ноябрдаги 498-сонли Қарори ҳамда Лицензия битимида назарда тутилган талаблар ва шартлар мунтазам равишда бузиб келинганлиги сабабли хонандага 2013 йил 22 февралда берилган АJ-2326-рақамли лицензиянинг амал қилиши "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 22-24-моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 11 ноябрдаги 498-сон Қарорининг 1-иловаси 35-бандига асосан 2013 йил 22 февралдан тугатилган. Бироқ, мазкур хабарда лицензиянинг тугатилиши Абдулла Қурбоновнинг "видео"лари билан боғлиқ экани айтилмаган. Эслатиб ўтамиз, амалдаги қонунчиликка кўра, Абдулла Қурбонов лицензияловчи органнинг ушбу қарори юзасидан судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Агар суд лицензияни тугатишни асоссиз деб топса, лизенцияловчи орган хонанданинг кўрган моддий зарарини қоплаши керак бўлади.