Якшанба, 1 сентябрь куни катта Жорж Бушнинг вакиллари англашилмовчилик туфайли Нельсон Манделанинг ўлими ҳақида хабар қилган.
Шу куни Оқ уйнинг собиқ хўжайини ва унинг рафиқаси номидан ЖАРнинг биринчи қора танли президенти яқинларига таъзия билдирилди. "Мен ва Барбара озодликнинг буюк ҳимоячиларидан бири ҳаётдан кўз юмганидан афсусдамиз. У ўз мамлакати тарихида ўчмас из қолдирган мард инсон эди. Биз ҳурматли президент Манделанинг оиласига таъзия билдирамиз”, - дейилади АҚШнинг собиқ президенти билдирган таъзияномада.
Сал кейинроқ ушбу таъзияномани чоп этган Бушнинг вакили Жим Макгарт ўзининг Твиттердаги микроблогида бу воқеани "аҳмоқона хато” сифатида изоҳлади. У "Washington Post” газетасидаги сарлавҳани нотўғри ўқиганини тушунтирди.
Қайд этиб ўтамиз, яқинда 95 ёшли ЖАРнинг собиқ президенти Нельсон Мандела Претория касалхонасидан чиқди. У икки ой олдин ўпка инфекциясининг асоратлари туфайли касалхонага ётқизилган эди. Ҳозир унинг аҳволи жиддий, баъзида эса беқарор бўлиб қолмоқда. Шунга қарамасдан, собиқ президент Йоханнесбургдаги уйига жўнаб кетган. У ерда Мандела жадал терапия курсидан ўтади.