“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда жорий йилнинг октябрь ойидан декабрь ойигача мамлакатимизда “Ёшлар - чекишга қарши!” шиор остида кенг кўламли лойиҳани амалга оширади.
“Камолот” ЁИҲ марказий кенгашида мазкур лойиҳанинг мақсад ва вазифалари ҳамда унинг доирасида режалаштирилган тадбирлар муҳокамасига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда 1,3 миллиарддан ортиқ киши кашандаликка ружу қўйган ва ҳар йили бу иллат келтириб чиқарадиган касалликлар туфайли 5 миллиондан зиёд одам ҳаётдан кўз юммоқда, деб хабар беради ЎзА.
“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган “Ёшлар – чекишга қарши!” лойиҳаси ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, кенг аҳоли қатламини “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти ҳақида хабардор қилишга қаратилган.
Мазкур лойиҳа икки йўналишда амалга оширилади. Жойларда мактаблар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, талабалар, маҳаллалардаги йигит-қизлар иштирокида ахборот тадбирлари ўтказилади. Уларда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаолларидан иборат мураббийлар ўз тенгдошларига замонавий интерфаол услублардан фойдаланган ҳолда чекишнинг ҳалокатли оқибатлари ҳақида сўзлаб беради.
Иккинчи йўналишда бевосита тамаки маҳсулотлари сотиладиган жойларда тарғибот ишлари амалга оширилади. Дўкон сотувчилари ва эгалари алкоголли маҳсулотлар тарқатиш ва истеъмол қилишни чеклаш ҳақидаги қонуннинг моҳияти ва мақсади тўғрисида зарур маълумотларга эга бўлади. Шу билан бирга, бундай маҳсулотлар сотиладиган жойларда чекишнинг зарари ҳақидаги ахборот ва мазкур қонундан кўчирмалар, шунингдек, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг ишонч телефонлари рақами ёзилган плакатлар осилади.